• Туркманистон чегараси яқинидаги ИШИДга қарши ҳужум

Ҳужум натижасида 30 га яқин жангари ўлдирилган, 20 дан ортиғи яраланган. ‘Тўрт ўзбекистонлик ҳам ўлдирилди’

 Кутилмаган қўшалоқ ҳаво ҳужуми Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида амалга оширилган.

Маҳаллий масъулларга кўра, ҳужум чоғида Афғонистон шимолидаги ИШИД юқори мартабали қўмондонларининг махфий йиғини нишонга олинган.

Ҳужум натижасида 30 га яқин жангари ўлдирилган, 20 дан ортиғи яраланган.

Расмий маълумотларга кўра, "ўлдирилганлар орасида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган".

Аммо уларнинг шахслари ва қачон, қандай қилиб Афғонистонга ўтишгани борасида расмий маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳалок этилган ИШИДчилар орасида француз фуқаролари ҳам бўлишган.

Суҳбатдошимизга кўра, улар катта эҳтимол билан Покистон орқали Афғонистон шимолига ўтиб келишган.

Матбуот воизининг айтишича, Дарзобдаги мажлисга ИШИД гуруҳининг Балх, Бағлон, Фарёб ва Жаузжоннинг ўзидаги юқори мартабали қўмондонлари йиғилишган.

Жаузжондаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, Толибон ҳаракатининг собиқ нуфузли қўмондонларидан бири - Қори Ҳикмат исмли шахснинг бошчилик қилиши айтилади.

ИШИД гуруҳига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари кўмак беришмоқда.

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг яқинда қилган баёнотига таянилса эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам қатор жангарилари билан айнан Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтган.

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Шимоллик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этиш даражасига ҳам боришганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, мавжуд воқеълик Афғонистон шимолида ИШИДга қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этишини айтганди.

 

Ёрлиқ

Январ 03, 2018 09:52 Asia/Tashkent
Шарҳ