Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация 10 январь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бошланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро комиссияларининг мажлисларида иштирок этди.

       Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов  эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияларнинг учрашувлари”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Ўзбекистон ва Тожикистон давлати ўртасидаги қўшма комиссия йиғилиши ўз ишини бошлади. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация 10 январь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бошланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро комиссияларининг мажлисларида иштирок этди. Тожикистон делегациясига музокараларда мамлакат бош вазири Қоҳир Расулзода раҳбарлик қилмоқда.  Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазири раҳбарлигидаги делегациялар кеча савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва чегаралар делимитацияси масалаларини муҳокама этди. Ҳукуматлараро комиссияларнинг йиғилишлари Душанбедаги «Коҳи Наврўз» саройида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Ўзбекистон делегациясидан, ҳукуматнинг иқтисодий блоки баъзи аъзоларидан ташқари, шунингдек Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва чегара қўшинлари вакиллари ҳам жой олган. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Тожикистон расмийлари билан учрашувлари ва музокаралари чоғида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега баҳор ойлари бошида кутилаётган биринчи расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

     Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон Душанбега расмий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди. Ўтказилган ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилинди. Бундай учрашувларнинг ўтказилиши икки дўст ва қардош мамлакатларнинг ўзаро муносабатлари янада мустаҳкамланиши йўлида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Учрашув давомида савдо чекловларини бартараф қилиш билан боғлиқ масалалар, фуқароларнинг ҳаракатини соддалаштириш, товарларни ташиш учун таърифларни камайтириш, икки мамлакатни боғлаб турувчи мавжуд йўлларни реабилитация қилиш, давлат чегаралари билан боғлиқ кўплаб масалалар бўйича келишиб олинди. Тожикистон ва Ўзбекистон учун фойдали бўлган сув ва энергетика масаласи, саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиш, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон маданият кунларини ташкил этиш борасида қилинган ва қилинаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Мазкур учрашув икки давлат чегараси бўйича муаммоларни ҳал қилиш учун алоҳида эътибор қаратаётганини кўрсатмоқда.

     Экспертларнинг фикрича, ўтган йилда ноябрь ойининг охирида Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг икки давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат комиссиялари раҳбарлари этиб тайинланиши, Душанбе ҳамда Тошкент чегара муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат қилади. Мутахассислар ушбу ташриф натижасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза режими соддалашишини кутишмоқда. Музокараларда темир йўл алоқалари, энергетика соҳасида ҳамкорлик, автобуслар ва поездлар қатновлари тикланишини ҳам кутилмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг ўзаро чегараларни  делимитация ва демаркация қилиш бўйича комиссияси фаолияти 6 йил муқаддам тўхтаб қолган эди. Бу комиссия иши 2000 йилда бошланган. 2002 йилга қадар чегара чизиқларининг 84 фоизи белгилаб олинган, ўша йилнинг октябрида икки давлат раҳбарлари ўзбек-тожик давлат чегаралари бўйича келишувни имзолаган эди. Бу келишув 2009 йилнинг мартида кучга кирди.

      Чегаранинг 16 фоизи бўйича баҳсли масалалар 2012 йилнинг февралига белгиланган музокараларда ҳал қилиниши кутилганди. Аммо 6 йил аввал чегара чизиғини аниқлаш ва чегарадаги баҳсли масалаларни ҳал қилиш учун ўтказилган 3 кунлик учрашув самарасиз якунланган эди. Чегаранинг энг асосий баҳсли масаласи Тожикистон ҳудудида жойлашган, ўтган асрнинг 40-йилларида қурилган Фарҳод тўғони ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланганидан сўнг, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш сиёсатини кун тартибига қўйди. Ўзбекистон президенти Тошкент вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан учрашувида Абдулла Ариповнинг Тожикистонга уюштирадиган ташрифи ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. “Ўзбекистон Бош вазири Тожикистонга бориб, расмий ташрифга тайёргарлик кўриб келади. Биз катта-катта шартномаларга қўл қўйиб, Тожикистон билан темир йўл ҳам очилади, электр энергиясини узатишни очишга ҳам келишдик. Қўшни билан қандай яшаган бўлса, шундай яшаш керак. Ҳамма ўтади бу дунёдан, лекин қўшни билан яхши бўлмаганни ҳеч ким, ҳеч қачон кечирмайди. Шуни ҳамма билиши керак. Бу осон эмас – 20 йиллик музни эритиш керак. Дунё ҳамжамияти бизга нима дейди: сен олдин қўшнинг билан тил топишгин, кейин биз сен билан дўст бўламиз. Сен қўшнинг билан тил топишмасанг, сен қандай биз билан дўст бўлишинг мумкин”, - дея қайд этди Ўзбекистон раҳбари.

     Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон томонлари бир неча марта музокараларни тиклашга тайёрлигини билдирди. Очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларининг умумий узунлиги 1332 километрни ташкил этади. Шундан 105 километр сув орқали ўтган. Умумий чегаранинг 1240 километрлик қисми делимитацияси ва демаркацияси бўйича битим мувофиқлаштирилган, имзоланган ҳамда тасдиқланган. Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг тахминан 93 километри баҳсли бўлиб қолмоқда, бу баҳс яқин вақт ичида ҳал этилади, - дея айтиб ўтган эди Тожикистон Ер тузиш ва геодезия бўйича давлат қўмитаси бошлиғи. 8—9 январь кунлари Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон делегациясининг ўзбек-тожик давлат чегараларидаги ҳудудларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ишчи гуруҳ ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг қолган участкаларидаги чизиқларга ўтиш масалалари муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳнинг учрашуви Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислиги остида Тожикистон—Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси доирасида ҳам давом этди. Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида саккиз йил аввал ёпилган «Самарқанд-Панжакент» халқаро назорат-ўтказиш пункти иши тикланиши режлаштирилган. Бугунги кунда томонлар назорат-ўтказиш пунктини очиш бўйича тайёргарлик ишларини олиб бормоқда, чегара ва божхона назорати иши йўлга қўйилмоқда, чегараолди инфратузилмаси фаол тайёрланмоқда.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Январ 11, 2018 12:31 Asia/Tashkent
Шарҳ