Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида 3 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити”га доир мавзуга бағишланади.      

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида 3 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди. Унда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Қирғизистонда бўлиб ўтган Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Саммитида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган: Туркий тилларда сўзлашувчи давлатларнинг VI Саммити декларацияси; Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Ҳамкорлик кенгашининг бош котиби, бош котиб ўринбосарлари ҳамда Туркий академия президентини тайинлаш ҳақидаги қарор;  Венгрияга Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Ҳамкорлик кенгашида кузатувчи мақомини бериш ҳақидаги қарор; 

      Шунингдек, Саммитда қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинган: Туркий тилларда сўзлашувчи давлатларни интеграция қилиш концепцияси; Ўзбекистон президенти саммитда сўзлаган нутқида халқларни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди. “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни пайтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев. 

     Ўзбекистон президенти Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлади. “Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон раҳбари.

     Ўзбекистон президенти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида қадимий Хивани ташкилот пойтахтига айлантириш таклифини берди. Шунингдек, Чўлпон отадаги саммитда чиқиш қилиб, Ўзбекистон ушбу ташкилотга тўлиқ аъзо сифатида киришга тайёрлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши иши иштирокчи давлатлар нуфузини оширишга ёрдам беради ва долзарб муаммоларни ҳал этиш учун шароит яратади. Бундан ташқари, Мирзиёев ҳамкасбларини инвестициялар, савдо-иқтисодий, таълим, сайёҳлик ва тадбиркорлик соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди. Ўзбекистон президенти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик Қирғизистон Республикасига ўтгани муносабати билан президент Сооронбай Жээнбековни табриклади.

       Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида иштирок этиш ниятини юқори баҳолади. Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, бу қадам Туркий кенгашнинг кенгайиши ва унинг халқаро майдондаги нуфузининг ошиши учун яхши шароит яратади, ташкилотга янги нафас беради ҳамда кўплаб янгиланишлар манбаига айланади. У мазкур саммит туркий тилли давлатларнинг кўп асрлик дўстлигини янада юқори босқичга кўтаришига ва унинг тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар кенгашига қўшилиши Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишининг тезроқ бошланишига туртки бўлади. Туркий тилли давлатлар саммитада биринчи марта Ўзбекистон президенти иштирок этди. Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

       Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошган. Ўзбекистон президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо давлатлар ҳисобланади.  2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.

     Дастлаб, 1992 йилда Туркий тилли давлатлар саммити ўтказила бошланган эди. Туркия ушбу саммитни ташкил этиш ташаббускори ҳисобланади.  2009 йилнинг 3 октябрида Озарбайжоннинг Нахичеван минтақасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашини ташкил этиш бўйича шартнома имзоланган. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити 2010 йилдан бошлаб 2015 йилгача ҳар йили ўтказилиб келинган. 2015 йилда саммитни ўтказиш навбати Қирғизистонга келган эди. Бироқ бу даврга келиб Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Алмазбек Атамбаев Туркия ва Қозоғистон билан алоқаларни совуқлаштиргани ортидан бу саммит ўтказилмай қолинган эди.

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ

сентябр 04, 2018 11:42 Asia/Tashkent
Шарҳ