• Тожикистонда аёллар учун кийиниш бўйича йўриқнома чиқарилди
    Тожикистонда аёллар учун кийиниш бўйича йўриқнома чиқарилди

Тожикистон маданият вазирлиги аёллар учун кийиниш маданияти бўйича йўриқнома чоп этди, деб хабар берди Sputnik Тожикистон.

Йўриқномада аёлларга кундалик ҳаётда, ишда, дам олиш ва байрам кунлари қандай либос кийиш борасида маслаҳатлар берилган.

«Мазкур йўриқнома миллий кийиниш маданиятини тарғиб қилиш мақсадида чоп этилди ва тавсиявий тусга эга. У кийиниш тартиби, мутаассиблик ва ўзга қадриятларга тобеликнинг олдини олишга қаратилган», - дейилади йўриқномада.

Йўриқномага мувофиқ, аёлларга қора рангдаги либос, қора рўмол ва ҳижобда юриш тақиқланади. Шунингдек, европача кийимлар – мини-юбка, кўкраги очиқ кофта ва кўйлаклар, ҳарир матодан тикилган кийимлар, топиклар кийиш тавсия этилмайди.Жамоат жойларида калиш ёки шиппакда, уй кийимида, баданга ёпишиб турадиган шим ва соғлиқ учун зарарли бўлган сунъий матодан тикилган кийимларда юриш ман қилинади.

Йўриқномадан давлат идораларида ишлайдиган аёллар учун маслаҳатлар, барча фасллар, тўй ва оилавий маросимларда кийиладиган аёллар миллий либослари эскизлари ўрин олган.

Хабарда айтилишича, ҳозирда эркаклар учун ҳам ана шундай йўриқнома ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда.

сентябр 06, 2018 12:16 Asia/Tashkent
Шарҳ