Америка қўшма штатлари давлати 2018 йилнинг 14 май кунида АҚШнинг Телавивдаги элчихонасини Байтул Муқаддасга кўчирди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "АҚШнинг Телавивдаги элчихонасининг Қудсга кўчирилиши”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусда АҚШ элчихонанинг расман очилганини эълон қилди. У мазкур баёнотни элчихонанинг очилиш маросими меҳмонларига видеомурожаат чоғида билдирган. Америка қўшма штатлари давлати 2018 йилнинг 14 май кунида АҚШнинг Телавивдаги элчихонасини Байтул Муқаддасга кўчирди. Дональд Трамп ўтган йилнинг 6 декабр кунида Қудсни Исроил пойтахти деб тан олган ва АҚШ ўз элчихонасини Тель-Авивдан Қудс шаҳрига кўчирмоқчилигини маълум қилган эди. Элчихонани кўчириш маросими Сионистик режим ташкил топганининг 70 йиллиги кунига тўғри келди. Маросимда АҚШдан юқори мартабали расмийлар келишди, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка ҳамда унинг турмуш ўртоғи, президентнинг катта маслаҳатчиси Жаред Кушнер, Молия вазири Стивен Мнучин ҳамда АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус элчиси Жейсон Гринблатт Қудсда ҳозир эди. Элчихонанинг очилиш маросимида Сионистик режим бош вазири Биньямин Нетаняҳу ҳам иштирок этди. Трампнинг ўзи Қудсга келмади, аммо у маросимни телекўприк орқали кузатиб борди. Трамп видеомурожаат орқали очилиш маросими меҳмонларига элчихонанинг расман очилганини эълон қилди.

     Трампнинг сўзларидан сўнг АҚШ молия вазири Стив Мнучин бош консулликдаги Қўшма Штатлар герби ва ёзув устидаги ҳаворанг матони туширди. Энди дипломатик миссия элчихона мақомини олди. Америка элчихонаси вақтинча АҚШнинг шаҳардаги бош консулхонаси биносида фаолият олиб боради. Шу билан бирга, Тель-Авивдаги бино АҚШ дипломатик миссияси мақомини сақлаб қолган: ходимларнинг аксар қисми элчихона учун янги бино қурилмагунича шу ерда ишлашни давом эттиради. Ҳозирча Қудсда фақат элчи ва яна бир неча дипломатлар фаолият юритиб туради. Худди шу вақтда Исроил ташкил топганининг 70 йиллиги ва бу юбилейга бағишлаб АҚШ элчихонасининг Қудсга кўчирилиши сабабли Ғазода секторида норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Вашингтон бу санага бағишланган тадбирни тантана билан нишонлаётган бир вақтда Ғазо секторида норозилик намойишлари авжига чиқди. Сионистик режим ҳарбийлари барча намойишчиларни аёвсиз ўққа тутган. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шаҳид бўлганлар сони 59 кишини ташкил қилмоқда. Яна 2400 дан кўпроқ одамлар ярадор бўлган. Шаҳид бўлганлар орасида 8 ойлик қизалоқ ҳам бор, у газдан заҳарлангани туфайли ҳаётдан кўз юмган.

     Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос исроиллик ҳарбийлар томонидан 14 май куни отиб ташланган ўнлаб фаластинликларнинг хотирасига 3 кунлик мотам ва Нақбанинг (миллий фалокат) 70 йиллиги муносабати билан иш ташлаш ўтказилишини эълон қилди. Маҳмуд Аббоснинг таъкидлашича, Фаластин АҚШни Фаластин ва Сионистик режим ўртасидаги ихтилофда воситачи сифатида қабул қилмайди ва бир давлат эмас, балки бир қатор давлатлар иштирокида халқаро конференция ўтказиш йўли билан халқаро ҳамкорликни истамоқда. Американинг Қудсда ўз элчихонасини очиши халқаро ҳуқуқларни поймол этиш ҳисобланади. 1947 йилнинг 29 ноябр куни Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеяси Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида иккита мустақил – Фаластин ва Исроил режимини тузилиши борасида 181-рақамли резолюция қабул қилди. Ушбу резолюцияда Байтул Муқаддас халқаро шаҳар деб ном берилгани қайд этилган. Аммо, ушбу Исроил мустақиллигини эълон қилишидан олдин араб ва Сионистик режим уруши бошланган эди.

     Икки тараф ўртасида тузилган келишувга асосан, Байтул Муқаддаснинг ғарбий қисмини назорат қилишни Сионистик режим ўз зиммасига олган бўлса, шарқий қисмининг назоратини эса Иордания зиммасига олди. Шунга қарамай, Исроил парламенти 1950 йилда Байтул Муқаддаснинг ҳамма ҳудудини Сионистик режимнинг пойтахти деб атади. Араблар ва исроилликлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар туфайли 1949 йилларда биринчи Араб-Исроил уруши юз берди. Бу урушнинг якуни ўлароқ Сионистлар Фаластин давлатига ажратилган худудларнинг катта қисмини ва Қуддус ғарбини  эгаллаб олди. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддус  Иорданияга, Ғазо минтақаси эса Мисрга ўтди. Босиб олинган худудларда истиқомат қилувчи бир миллионга яқин аҳоли ўз юртларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Бу ўз навбатида фаластинлик қочқинлар билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирди. 1949 йилнинг февраль-июль ойларида БМТ воситачилигида Сионистик режим ва Араб давлатлари ўртасида келишувга эришилди. Унга кўра, муваққат чегаралар белгиланди. Бироқ Давлат чегаралари аниқланмади. Биринчи Араб-Исроил уруши Яқин Шарқда жиддий сиёсий ва ижтимоий оқибатларни келтириб чиқарди.  

     Араб ва Синистик режим ўртасида 1967 йилда бўлиб ўтган олти кунлик урушда Сионистик режим армияси Байтул муқаддаснинг шарқий қисмини ҳам босиб олади ва шундан сўнг ушбу шаҳар бутунлай Исроил ишғолига киради. Лекин, Бирлашган миллатлар ташкилоти кўплаб резолюцияларни қабул қилиб, жумладан 1967 йида 242 сонли, 1973 йилда 338 сонли, 1979 йилда 446 сонли, 1980 йилда 465 сонли, 2002 йилда 1397 сонли, 2003 йилда 1515 сонли, 2008 йилда 1850 сонли ва ниҳоят 2016 йилда 2334 сонли резолюцияларни қабул қилиб шарқий Қудсни Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғига ва Фаластинга тегишли деб эълон қилди. Бироқ шуларга қарамай, АҚШнинг Қудсга ўз элчихонасини кўчириши БМТнинг барча резолюцияларини бузиш ҳисобланади.

      АҚШнинг Телавивдаги элчихонасини кўчириш ҳақидаги қарори АҚШ конгресси томонидан 1995 йилда қабул қилинган, аммо Қуддуснинг низоли мақоми ва араб-мусулмон дунёси билан кечаётган мураккаб муносабатлар туфайли шу пайтгача Америка президентлари бу қарор ижросини ортга суриб келаётган эди. Дональд Трамп эса элчихонанинг кўчирилишини ўзининг сайловолди дастурига киритган эди. Фаластин масаласи бўйича эксперт Салмон Разавийга кўра, Трамп бу ерда ўзининг ички сиёсий амбицияларини ҳаётга татбиқ этмоқда. АҚШ президенти Доналд Трампнинг Осиёнинг ғарбий минтақалари масаласи бўйича қабул қилган қарори жумладан Қудсда ўз элчихонасини очиши Осиё ғарбида беқарорлик ва нотинчликлар ҳамда зўравонликларнинг янада шиддатли тус олишига туртки берди.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

май 15, 2018 12:15 Asia/Tashkent
Шарҳ