• ЖЧ-2018
    ЖЧ-2018

Бугун футбол бўйича 21-жаҳон чемпионатига старт берилади. Мундиаллар билан боғлиқ 21та фактни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. Дастлабки ЖЧ ғолиби Уругвай терма жамоаси ҳисобланади. Улар ЖЧ-1930 финалида Аргентинани 4:2 ҳисобида мағлуб этишган.

2. Ўша Уругвай терма жамоаси таркибида бир қўли йўқ Эктор Кастро ўйнаган. Ушбу футболчи жисмоний нуқсонга эга бўла туриб жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ягона ўйинчи ҳисобланади.

3. Энг кўп совринни Бразилия терма жамоаси қўлга киритган — 5 марта. Италия ва Германия термалари 4 мартадан ғолибликни қўлга киритишган.

4. Энг омадсиз терма жамоа — Голландия. Бу жамоа 3 марта финалда ўйнаб, барчасида ютқазган. Чехословакия ва Венгрия терма жамоалари 2 марта финалга чиқиб, улар ҳам мағлуб бўлишган.

5. Финалга чиқиш бўйича рекордчи — Германия терма жамоаси. Немислар 8 марта финалгача етиб келиб, 4 марта ғалаба қозонган.

6. 1950 йилги жаҳон чемпионати ўзгача тизимда ўтган. Унда финал баҳсда кўзда тутилмаганди. Финал қисмида 4та терма жамоа гуруҳ тизимида ўйнаб, чемпионни аниқлашган.

7. Афсонавий футболчилар — Пеле ва Диего Марадона бир мартадан жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчилари бўлишган: Пеле — 1970, Марадона — 1986 йилда. Аммо улар ҳеч қачон Мундиалнинг энг яхши тўпурари бўлишмаган.

8. Фақат бир марта мусобақанинг энг яхши футболчиси сифатида дарвозабон тан олинган. Оливер Кан 2002 йилги Мундиалда Германия билан финалгача етиб борган, аммо ҳал қилувчи баҳсда унинг хатоси туфайли немислар Бразилияга мағлуб бўлишган.

9. Жаҳон чемпионатларининг энг яхши тўпурари германиялик Мирослав Клозе — у 4та Мундиалда жами 16та гол уришга муваффақ бўлган.

10. Битта турнир давомида энг кўп гол урган фтуболчи — Жюст Фонтен. У ЖЧ-1958да 6та ўйинда майдонга тушиб, нақ 13та гол урган. Бу рекорд ҳали-бери янгиланмаса керак.

11. Тўпурарлар пойгаси бўйича ЖЧ-1962да ўзига хос вазият юзага келган. Бирданига 6 нафар футболчи 4тадан гол уришган.

12. Тўрт нафар футболчи иккита финал баҳсида гол уришга муваффақ бўлган: Вава (1958, 1962), Пеле (1958, 1970), Пауль Брайтнер (1974, 1982) ва Зайниддин Зидан (1998, 2006).

13. Мундиал тарихидаги энг тезкор гол туркиялик Ҳоқон Шукурга тегишли. У ЖЧ-2002нинг бронза медали учун баҳсида Жанубий Корея терма жамоаси дарвозасини 11-сонияда ишғол қилган.

14. ЖЧ-1986да Марадона томонидан Англия терма жамоаси дарвозасига урилган 2та гол тарихга кирган. Аргентиналик футболчи голлардан бирини қўл билан урган бўлса, иккинчисини рақиб футболчиларининг ярмини алдаб ўтган ҳолда уришга муваффақ бўлган.

15. Мундиалда энг кўп ғолиб чиққан шахс бу — Марио Загалло. У икки марта футболчи сифатида, икки марта мураббий (бир марта ёрдамчи, бир марта бош мураббий) сифатида Кубокни боши узра баланд кўтарган.

16. Фақат икки инсонга ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида Мундиалда ғолиб чиқиш насиб қилган. Улар Марио Загалло (Бразилия) ва Франц Беккенбауэр (Германия).

17. ЖЧлари тарихидаги энг драматик ўйин сифатида 1970 йилда бўлиб ўтган Италия ва Германия ўртасидаги тўқнашув тилга олинади. Ютқазишга яқин турган немислар фақатгина 90-дақиқада ҳисобни тенглаштиришди. Қўшимча бўлимларда томонлар навбати билан ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Якунда эса Италия 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган. Финалда эса "скуадро адзурра" йирик ҳисобда Бразилияга ютқазган.

18. Аргентина терма жамоаси Мундиалда сўнгги марта 1986 йилда — Лионель Месси туғилишидан 1 йил аввал ғолибликни қўлга киритган.

19. Африка терма жамоалари шу пайтгача ярим финалгача етиб келишмаган. Уларнинг энг яхши натижаси чорак финал бўлиб турибди: Камерун (1990), Сенегал (2002) ва Гана (2010).

20. Осиё терма жамоаларининг энг яхши натижаси — ярим финал. Жанубий Корея терма жамоаси бу ишни 2002 йилда эплаган.

21. Россия жаҳон чемпионатига илк марта мезбонлик қилади.

 

 

Ёрлиқ

июн 14, 2018 12:57 Asia/Tashkent
Шарҳ