сентябр 10, 2019 15:17 Asia/Tashkent
  • Ўзбек сомсаси бизнесга айланмоқда(Видео)

Ўзбек сомсаси бизнесга айланмоқда - урушлар ичидаги Афғонистонда одамларни ишли қилиб, оилаларни боқмоқда.

Сомса тижоратидан сомсапазлар қолиб, оддий аҳоли ҳам мамнун қолмоқда, устига устак, бутун Афғонистон бўйлаб ўзбек сомсасининг шуҳрати ҳам ёйилмоқда.

Сомса таомлар шоҳи эканлиги бобида, ҳатто, Афғонистонда паловни ҳам ортда қолдирмоқда, дейди минтақадаги мухбиримиз Шафий Бек ўғли.

Ўзбек сомсаси Афғонистон шимолида асрларки пишириб келинган.

Азал-азалдан у ердаги маҳаллий ўзбеклар дастурхонининг ҳам тансиқ таомларидан бири саналган.

Фақат тўй, базм ва байрам дастурхонлари учун пиширилган.

Аммо энди маълум бўлишича, ўзбек сомсаси оммалашмоқда.

Мозори Шариф шаҳрида кўча сомсапазлари сони йилдан йилга ортмоқда.

Одамлар, ҳатто, сайёр тандирларда сомса пишириб сотишни ҳам йўлга қўйишмоқда.

Кўринишича, ҳозир ўзбек сомсаси энг чўнтакбоп кўча таомларидан бирига айланган.

Харидор кўплигидан, ҳатто, сомсалар етмай қолган ҳоллар ҳам бўларкан.

Дейлик, сиз 1 АҚШ долларига тўртта гўштли сомса сотиб оласиз, аммо каттагина экани боис, биттасига бемалол қорнингиз тўяркан.

Ишсизлик ва ночорлик бир неча ўн йиллик урушлар ичидаги Афғонистонда энг долзарб учта муаммодан иккитаси бўлади.

Аксарият ҳарбий экспертлар томонидан бу Афғонистонда исёнчиликни янада оловлантириши мумкин бўлган омиллар сифатида ҳам баҳо топган.

Сомсапазлик эса, ҳозир биргина Мозори Шариф назарда тутилганда ҳам, вазиятни бир қадар енгиллатмоқда, одамларни ишли қилиб, ўнлаб оилаларни боқмоқда.

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи давлати бўлади.

Улар асосан Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида яшашади, яшаб келишган.

Мозори Шариф шаҳри эса, Афғонистоннинг Ўзбекистонга девор-дармиён қўшни Балх вилоятининг маркази бўлади.

Очиқ манбаларда имконли бўлган рақамларда бу шаҳар аҳолисининг сони қарийб ярим миллионга нисбат берилади.

Тафсилотларини билиш учун мухбиримизнинг видеолавҳасини томоша қилинг.

 

Ёрлиқ

Шарҳ