• Мирзиёев АҚШга Алишер Усмонов самолётида учиб борди
    Мирзиёев АҚШга Алишер Усмонов самолётида учиб борди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни АҚШга миллиардер Алишер Усмоновнинг хусусий самолётида учиб борганининг эҳтимоли жуда катта.

 Президент Мирзиёев қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган БМТнинг Бош ассамблеясида нутқ сўзлаши ва Ўзбекистон-АҚШ Бизнес форумида қатнашиши кўзда тутилган.

Алишер Усмоновга тегишли Airbus A340-313 самолёти M-IABU регистрацион рақамига эга. "M-IABU"нинг охирги тўрт ҳарфи "Мен Алишер Бурхонович Усмонов (I'm Alisher Burkhanovich Usmanov) деганини англатади.

Дунё ОАВнинг айрим вакиллари  M-IABU ҳаракатини flightradar24 сайтида жонли равишда кузатиб борган.

Мазкур самолёт Тошкент аэропортидан маҳаллий соат 09:19да ҳавога кўтарилди ва 13 соату 5 дақиқа тўхтовсиз учиб Нью-Йоркнинг JFK аэропортига етиб борди.

Самолёт дунёдаги энг қимматбаҳо шахсий учоқлардан бири саналиб, нархи 350 миллион доллар экани айтилади.

Самолет бортига Алишер Усмоновнинг отасининг исми - "Bourkhan" (Бурхон) сўзи ёзилган.

Аммо, нега Ўзбекистон президенти ўзининг самолёти эмас, балки ўзбек ҳукумати аъзоси саналмаган Алишер Усмоновникида бу каби нуфузли сафарга чиқишга қарор қилди?

18 сентябрь куни эфирга узатилган "Ахборот" кўрсатувида Президент Мирзиёевнинг афтидан бир қўриқчиси билан Тошкент аэропортидан чиқиб кетаётгани намойиш қилинди, аммо одатга айланган учоққа чиқиб кетиш кадрлари кўрсатилмади.

19 сентябрь куни uza.uz Президентнинг АҚШга етиб келгани ҳақидаги мақоласига унинг Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Каролин Ламм томонидан кутиб олинаётгани акс этган суратини илова қилди.

Суратда Алишер Усмонов самолётининг пастки жигарранг қисми кўринган.

 

 

 

сентябр 20, 2017 13:54 Asia/Tashkent
Шарҳ