Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти ривожи учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чоралар кўриш ҳақидаги фармонни имзолади

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш ва виза бериш тартибини янада осонлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар давомида, сайёҳлик ва туризм соҳасида ҳам жиддий ўзгаришларга сабаб бўлувчи чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти ривожи учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чоралар кўриш ҳақидаги фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сони 9 тадан 16 тагача кўпайди.

      Ҳозирга қадар фақат Қирғизистон (60 кунгача), Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Россия ва Украина фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин эди. Асосан, ушбу рўйхатга собиқ совет иттифоқи республикалари киритилган эди. Собиқ иттифоқ даврида ушбу иттифоқ таркибидаги барча республикаларнинг фуқаролари визасиз ва ҳеч қандай тўсиқларсиз бошқа республикага сафар қилар эди. Лекин собиқ иттифоқ тарқалганидан кейин мустақилликка эришган мамлакатлар ўртасида виза режими ўрнатилди ва ўзаро борди-келди сафарлари бироз қийинлашди. Айниқса, Кавказ  ва Ўрта Осиё республикалари ўртасидаги қатновлар ва сафарлар мураккаблашди. Шулар билан бирга, давлатлар чегараси ўртасида ҳам чигалликлар юзага келди. Айни пайтда Ўрта Осиёда жойлашган мамлакатлар, чегара масаласига доир муаммоларни ҳал қилиш учун бир бирлари билан яқиндан ҳамкорликларини янада кенгайтиришмоқда.   Ўзбекистон президентининг мазкур Фармонига биноан, 2018 йил 10 февралдан бошлаб яна еттита давлатга жумладан Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Сионистик режим ва Япония фуқаролари ҳам Ўзбекистон ҳудудига 30 кунгача визасиз киришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистонга мунтазам авиарейсларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажлари аъзоларидан ҳам, бундан кейин виза талаб қилинмайди. Фармонга кўра, фуқаролари Ўзбекистонга кириш учун сайёҳлик визаларини соддалаштирилган тартибда олиши мумкин бўлган давлатлар сони кескин кўпайтирилди. Ўзбекистон 39 давлат фуқароларига туристик виза расмийлаштирувини соддалаштирди. Шундай қилиб туристик виза расмийлаштируви соддалаштириладиган давлатлар сони 52 тага етди.

      Ушбу давлатлар туристларига 30 кунгача бўлган муддатга ва ишбилармонларига эса 1 йилгача бўлган муддатга кўп марталик виза берилади. Бунда улардан туристик ваучер ёки Ўзбекистондаги таклиф қилувчи юридик ва жисмоний шахснинг таклифнома билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиши талаб этилмайди. Виза 2 иш куни ичида расмийлаштирилади. Бундан ташқари 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон кириш визаларини бериш тизимини ишга туширилиши белгилаб қўйилди. Сўнги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйчи жиддий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар бир вилоятнинг ўз туристик брендини ишлаб чиқариш, ички туризмни ривожлантириш, Ўзбекистонни хорижда тарғиб қилиш учун турли хорижий телеканаллар орқали видеолавҳалар ва ҳужжатли фильмлар намойиш қилиш ва бошқалар киради. Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилнинг январь сентябрь ойида хорижлик сайёҳларга берилган визалар сони 2016 йилнинг ушбу даврига нисбатан 24%га ошиб 96 752 мингтани ташкил қилган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг март ойида Тожикистонга давлат ташрифи билан келишни режалаштирган. Бу Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда ташриф буюрган сўнгги давлати бўлади. 

     Яқиндагина Тошкент вилояти халқ депутатлари билан учрашувда чиқиш қилар экан, Ўзбекистон президенти Тожикистон билан яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилишини таъкидлаб ўтган эди. Биз кўплаб битимларни имзолаймиз, темирйўл қатновини йўлга қўямиз, ягона энергия тизимини тиклаймиз ва бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қиламиз, — дея депутатларга ваъда берган эди. Январь ойи бошида Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов Тожикистонда бўлди, Тожикистон президенти билан савдо-иқтисодий ва чегараларни делимитация қилиш масалаларини муҳокама қилиб қайтди. Ўзбекистон ва Тожикистон виза ва чегара бўйича муаммоли масалалар бўйича келишувга эришдилар. Эришилган келишувларга асосан яқин орада Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари "Фуқароларнинг ўзаро сафари тўғрисида"ги янги ҳужжатга имзо чекади.

     Унга кўра, икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Тожикистонда 1 ой муддат виза олмасдан юриши мумкин бўлади. Бу эса, икки мамлакат муносабатларида маълум бир силжишлар борлигини намоён этади. 2001 йилда биринчи бўлиб Ўзбекистон, кейинчалик Тожикистон икки давлат ўртасида виза тартиби жорий этишган эди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муаммолар Ўзбекистон минтақавий сиёсатида энг мураккаби ҳисобланади. Икки давлат раҳбарларининг ушбу муаммоларни ҳал этиш учун аниқ бирлашиши борлиги, боз устига, қисқа вақт ичида мамлакатлар ўта муҳим келишувларга эришиш учун жуда яқинлашгани ҳам яққол кўриниб турибди. Бу ҳақда Тожикистонлик сиёсий масалалар бўйича эксперт Рашид Ғани Абдуллоҳ шундай айтдики, Ўзбекистоннинг собиқ президенти вафот этганидан сўнг, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар ва муносабатлар анча яхшиланди.

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ

феврал 06, 2018 12:29 Asia/Tashkent
Шарҳ