• Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғонни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди
    Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғонни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди

7 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати  хабар берди. 

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркияга амалга оширилган олий даражадаги самарали ташриф кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ўзбек-турк ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанлиги мамнуният билан қайд этилди.

Мазкур келишувларни ҳаётга тўлиқ ва муддатида татбиқ этиш, муҳим лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида мунтазам равишда мулоқотлар олиб борилиши ва учрашувлар ўтказилиши юзасидан келишиб олинди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини юқори баҳолаб, Ўзбекистон раҳбарига самимий миннатдорлигини билдирди.

Давлат раҳбари минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро конференцияга Туркия делегациясини таклиф этди.

Ўз навбатида, Ражаб Тоййиб Эрдўғон ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, уни амалга оширишни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда мазкур тадбирда Туркиядан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғонни давлат ташрифи билан мамлакатга келишга таклиф этди.

феврал 08, 2018 13:20 Asia/Tashkent
Шарҳ