• Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасидаги чегара очилди
    Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасидаги чегара очилди

Кеча, 7 март куни Сурхондарё вилояти ва қўшни Тожикистоннинг Хатлон вилояти ўртасидаги «Амузанг» («Ҳошади») чегара постининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилинган. 

«Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам бериш мақсадида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасидаги «Амузанг» чегара постининг расмий очилиши маросими бўлиб ўтди.

Маросимда сўз олганлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, ушбу хайрли иш келгусида иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифалар очишини таъкидлашди. Чегара постининг очилиши асрлар давомида қўшни яшаётган, дили ва дини бир бўлган, икки тилда сўзловчи битта халқни беҳад қувонтирди», дейилган хабарномада.

Тантанали тарзда ва дўстона муҳитда ўтган маросимларда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Хатлон вилояти ҳокими Давлатшо Гулмахмадзода қатнашди.

Ёрлиқ

март 08, 2018 13:26 Asia/Tashkent
Шарҳ