• Ӯзбекистон  хорижда яшаëтган ўзбекистонликлар учун икки фуқаролик жорий қиладими?

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кўп ўтмай бошланган сиëсий ва диний таъқиблар¸ кўп ўтмай эса¸ ишсизлик сабаб мамлакатни тарк этган ва хориж давлатлари паспортини олган ўзбекистонликлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Россияда йиллардан бери меҳнат муҳожиратида юрганлар сони 2 миллиондан 5 милллионгача деб тахмин этилса¸ Ғарб давлатларида муқим яшаëтганлар сони ўн мингларда чамаланади.

Хусусан¸ йилига 5000 нафарга яқин ўзбекистонлик Green Card соҳиби сифатида АҚШга кўчиб кетмоқда¸ беш йил бу ерда муқим яшаганидан сўнг¸ АҚШ ватандошлигини олмоқда.

Хориж ватандошлигини олган ўзбекистонликларнинг аксарияти¸ тарихий ватани билан алоқани узмаслик учун¸ Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни истамаяпти.

Ислом Каримов даврида¸ Ўзбекистон қонунчилиги қўш фуқароликни эътироф этмаган бўлса¸ Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг - 2016 йилнинг 23 сентябрида “Фуқаролик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилган ўзгартишга мувофиқ¸ чет эл фуқаролигини олган Ўзбекистон фуқароси — Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши мумкин.

АҚШда айни соҳада илмий изланиш олиб бораëтган таҳлилчи Рафаэль Сатторов бу масала ечимини Польшадан ўрганиш керак¸ деган фикрни илгари сурди:

- Польша дунëдаги барча полякларга Польша картасини беради. Бу карта билан дунëнинг турли мамлакатларида яшайдиган поляклар ўз юртига бемалол бориб келишади. Бундан ўрнак олиб биз ҳам Uzbek Card идеясини тарғиб қилайлик¸ дейди суҳбатдош.

Германияда истиқомат қилаëтган журналист Анвар Усмон Россия ватандошлигини олаётган ўзбекистонликлар сони йил сайин кўпайганлигини Ўзбекистон мустақиллиги учун потенциал таҳдид сифатида баҳолаб¸ уларнинг эҳтимолий келажакда Россия манфаати тарғиботчисига айланишидан хавотир билдирди.

Ўзбекистонда қўшватандошликка мавжуд тақиқ айримларга  кўра, Каримов давридаги “изоляционизм” сиëсати мевасидир.

Ўзбекистоннинг 2016 йилда вафот этган 1-президенти Ислом Каримов "Биздан озод ва обод ватан қолсин" номли китобида "Икки давлат фуқаролигига мансублик ачинарли ҳолдир. Бу беватанлик билан баробардир", деб ёзган эди.

Айни пайтда Ислом Каримовнинг неваралари эса бир вақтнинг ўзида АҚШ ва Ўзбекистон ватандоши экани¸  “масаланинг парадоксга айланганига” ëрқин мисолдир.

Марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова уй қамоғига олингунга қадар Ўзбекистон сиëсий элитаси фарзандларининг аксариятида АҚШ¸ Британия¸ Исроил¸ Болтиқбўйи давлатлари ва Россия фуқаролиги борлигини Twitter саҳифаси орқали иддао қилган эди.

                                                                                                                                                                                                                                                    ОАВ

Ёрлиқ

май 18, 2018 11:43 Asia/Tashkent
Шарҳ