Афғонистонга амалий ташриф билан сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси «Арг» саройида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Афғонистонга уюштирган амалий ташрифига”га доир мавзуга бағишланади.      

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Афғонистонга амалий ташриф билан сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси «Арг» саройида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди. «Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, биринчи навбатда Афғонистон президентининг 2017 йил декабрдаги Ўзбекистонга расмий ташрифи ва юқори даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда йирик инвестицион, транспорт-коммуникациявий, савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувда Афғонистоннинг Термизда консуллик очиш тўғрисидаги мурожаатига Ўзбекистон томонининг розилиги тасдиқланди. Шундай қилиб, Термиз шаҳрида Афғонистон консулхонасини очишга келишиб олинди. Томонлар Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди. Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистонда тинчлик жараёни ўрнатишдаги саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирган. Учрашувда ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибида турган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.

     Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон республикаси президенти этиб сайланганидан кейин, у томонидан қўшни мамлакатлар ва жаҳон билан муносабатларини янада яхшилаш йўлида ташаббускорлик ҳаракатлари илгари сурилди. Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажараётган пайтида ҳам у Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бош устувор вазифалардан бири — ўз мамлакатининг манфаатлари чамбарчас боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси давлатлари ва дунё мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш эканлигини айтиб ўтган эди. У Биз ўзимизнинг энг яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз деган эди. Жорий йилнинг 26 март куни Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанини «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуига бағишланган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро  конференциясида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ўзбекистонга сафар қилган эди.

     Ушбу халқаро конференцияда Ўзбекистон ва Афғонистон президентларининг учрашувларида икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, савдо, транспорт ва энергетика соҳаларидаги лойиҳалар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган эди. Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашганди. Президент Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясини ўтказишга оид биргаликдаги ташаббусини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон президентига самимий миннатдорчилик билдириб, ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлаган. Айни пайтда, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо ҳажми қарийб икки баробарга ошиши кутилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Афғонистондаги амалий ташриф доирасида Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Афғонистон савдо-саноат вазири, Темирйўллар бошқармаси бошлиғи, давлат харидлари бўйича миллий комиссия раиси, транспорт вазири ўринбосари ва Афғонистон савдо-саноат палатаси раҳбари билан учрашди.

    Савдо-иқтисодий масалалар муҳокамаси давомида Ўзбекистон томони ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш, товарларни чегарадан олиб ўтиш учун қулай шароитлар яратиш, икки томонлама бож ва тарифлар миқдорини камайтириш бўйича таклиф лойиҳаларини тақдим этди. Музокаралар чоғида ҳар икки томон ҳам ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишдан манфаатдор экани алоҳида қайд этилди. Шу йилнинг июн ойида Термиз шаҳрида икки давлат ҳукумат идоралари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида ўтган мулоқотларнинг биринчи раунди ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта туртки бергани таъкидланди. Ўзбекистон ташқи савдо вазирига кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмасида ижобий ўсиш кузатилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, икки томонлама товар айирбошлаш 19 фоизга ўсиб, 617 миллион долларни, шу йилнинг 5 ойи давомида эса 15 фоизга ўсиб, 286 миллион долларни ташкил этган. Бугунги кунда Ўзбекистонда афғон капитали иштирокидаги 110та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, Афғонистонда ҳам Ўзбекистон фуқаролари ҳиссаси билан 8та корхона ишлаб турибди. Икки юрт ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан имкониятларга эга.

      Иккала мамлакатнинг қўшни эканлигини инобатга олинса, ривожланган транспорт инфратузилмаси борлигидан келиб чиқиб, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини яқин вақт ичида 1 миллиард долларга етказиш имкони бор. Ўзбекистон делегациясининг Афғонистон Республикасига ташрифининг биринчи куни якунлари бўйича томонлар савдо, транспорт ва инфраструктура лойиҳалари бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди. Шу билан бирга, муҳим масалалар муҳокамаси учун икки томоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат комиссия тузишнинг зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон делегациясининг қўшни давлатга ташрифи кеча якунига етди.

    Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ

июл 10, 2018 11:18 Asia/Tashkent
Шарҳ