• Ӯзбек сиёсатчилари афғон муаммосига ечим топа оладими?

Расмий Тошкент: ‘Яқин орада кўп ижобий ўзгаришлар бўлади’

Орадан саноқли ҳафталар ўтиб, Ўзбекистон томонининг ким билан, қаерда учрашгани маълум бўлди.

Аён бўлишича, афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш истагида бўлган расмий Тошкент Афғонистон Толибон ҳаракатининг Қатардаги офиси вакиллари билан учрашган.

Халқаро сиёсий ва ҳарбий доираларда толибларга катта таъсири борлиги ишонилган Покистон томони билан ҳам мулоқотда бўлган.

Олиб борган музокаралари чоғида толибларни Тошкентда Афғонистон ҳукумати билан юзма-юз мулоқотлар олиб боришга ундаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг куни-кеча Афғонистонга уюштирган икки кунлик амалий ташрифи чоғида маълум бўлган.

Ўзбекистон томонининг айни даъватларига Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Афғонистон Президентининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргарнинг айтишича, "сулҳ узоққа чўзиладиган жараён".

Худди шу боис ҳам, "бу хусусда Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати томонидан қандай таклифлар бўлгани ҳақида аниқ бир нарса дейишга ҳозирча эрта. Бунинг учун бироз вақт лозим бўлади".

"Тез орада бўлиб ўтажак учрашув, мулоқот ва музокаралар чоғида бунинг тафсилотлари ҳам ойдинлашади".

Расмий Тошкентнинг сулҳ хусусида толиблар билан музокаралар олиб боргани ўтган ой Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кутилмаган баёноти мазмунидан маълум бўлган.

Аммо бу баёнотда тилга олиб ўтилган мулоқотларнинг айнан қачон, қаерда ва кимлар билан олиб борилгани тафсилотлари ошкор этилмаганди.

Расмий Тошкент шу йил март ойида мезбонлик қилган ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган икки кунлик олий даражадаги халқаро анжуман эса, Афғонистон Толибон ҳаракати вакилларининг иштирокисиз кечган.

Аммо минтақа оммавий-ахборот воситаларида сўнггига қадар толибларнинг ундаги иштироки борасидаги "умидлар сўнмаганди".

Муҳаммад Шокир Коргарнинг  суҳбати тафсилотларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъати Кобулда ҳам асосий диққат-эътиборини сулҳ масаласига қаратган, бу хусусда турли томонлар билан ўндан ортиқ учрашув ўтказган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўз амалий ташрифи манзарасида баён қилишича, "Афғонистон, Худо хоҳласа, жуда катта ютуқларга эришади. Тинчлик бўлади. Келажаги порлоқ давлат бўлади".

"Биз шу мақсад билан бу ерга (Афғонистонга - таҳр) ташриф буюрдик. Ўйлайманки, яқин орада кўп ижобий ўзгаришлар бўлади", - деб айтган Комилов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Кобулга ишчи ташрифи мусулмон уламоларининг бу гал Саудия Арабистони мезбонлик қилаётган халқаро анжумани арафасида амалга оширилган.

Икки кунлик бу анжуманда ҳам дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан бўлган мусулмон уламоларининг Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни қарор топтириш масаласига эътибор қаратишлари кутилмоқда.

 Жиддадаги мазкур анжуманда Ўзбекистон томони вакиллари ҳам иштирок этишади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансурнинг айтишича, бу - ўзбек уламоларининг бунга ўхшаш халқаро анжумандаги илк иштироклари бўлади.

Расмий Тошкент яқинда ҳам яна бир бор ўзларининг Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасидаги бевосита мулоқотларга мезбонлик қилишга ҳозир эканликларини расман ва ошкора баён қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати Тошкент халқаро анжуманидан саноқли ҳафталар ўтиб, ўзининг бу йилги баҳорги амалиётини эълон қилган.

Қисқа вақтнинг ичида бутун Афғонистон бўйлаб қатор қонли ҳужумлар уюштиришга улгурган, аммо орада 20 йил деганда илк бор афғон ҳукумати билан уч кунлик муваққат сулҳга ҳам рози бўлган.

Бу жараён расмий Тошкентнинг эътиборидан четда қолмаган, Ўзбекистон уни олқишлаган, қўллаб-қувватлаган, давомий бўлишига умид билдирган биринчи ва ягона Марказий Осиё давлати бўлганди.

Ўз вақтида Афғонистондаги Толибон тузумини расман тан олган учта давлатдан биттаси бўлган, норасмий давраларда ҳаракатнинг "ҳомийларидан бири" сифатида ҳам тилга олинган Саудия Арабистони орада афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган музокараларга воситачилик қилишга ҳам уриниб кўрган.

Аммо Риёз дохил дунёдаги қатор йирик халқаро ўйинчи давлатларнинг бу йўлдаги уринишлари деярли самара бермаган.

Ҳаракатнинг шу йил бошидан буён қилаётган баёнотлари тафсилотларидан ҳам уларнинг энг аввало расмий Вашингтон билан музокаралар олиб бориш истагида эканликлари маълум бўлган.

Ўзининг Афғонистонга оид стратегиясида исёнчилар билан тинчлик музокаралари эҳтимолини назардан соқит этмаган эса-да, Трамп маъмурияти ҳозирча бу хусусда аниқ бир мужда бермаган.

Аммо, минтақавий таҳлилчиларга кўра, Америка ҳукумати Толибон билан бевосита мулоқотлар олиб боришга қарор қилган тақдирда ҳам, Тошкент икковлон учун энг боп потенциал мезбондан биттаси бўлади.

Ўн минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган сўнгги афғон уруши эса, ўзининг 17-йилига кириб бормоқда.

BBC

июл 12, 2018 08:57 Asia/Tashkent
Шарҳ