• ШУҲРАТ  ДОМБРАБАДСКИЙ иши аслида қандай бӯлган?

Нуриймон Абулҳасан «Шуҳрат – Домбрабадский» ишига муносабат билдирди

Жорий йилнинг 11 июль куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан халқ орасида «Шуҳрат – Домбрабадский» (дўмбирободлик Шуҳрат) номи билан танилган Носиров Шуҳратилла ва унинг акаси Носиров Шавкат ишига муносабат билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Дўмбирободда  «Носирхон» жомъе масжиди фаолият кўрсатади. Ушбу масжид билан бўлиб ўтган воқеалар ОАВда ҳам ёритилди. Бунга муносабатим шундайки, аввало масжиднинг қурилиши бошланиши билан унга сарфланаётган маблағлар шубҳали манбалардан холи бўлиши лозим. Ҳар битта масжид қурилишида ишчилар таҳорат билан ишлайди, бисмиллоҳни айтиб, ғишт қўяди. Бу - талаб.

Минг афсусларким, мустақилликнинг илк йилларида қандайдир йўллар билан ишлаб топилган пуллар эвазига масжид қуриш, охир-оқибат ўзини яна намоён қилди. Маблағларни биз сарф қилганмиз, дея ҳеч кимдан рухсат олмай, масжидга кириб, муҳрдаги «Ўзбекистон мусулмонлари идораси» деган номни чиқариб ташлашган. Улар [ака-ука Носировлар] масжидни тўлиқ эгаллаб олишганди.

Масжиддаги аҳвол бўйича нима учун мутасаддилар шу пайтгача айтишмаган, бу ҳаммаси суриштирилмоқда. Шунақа ҳолатлар такрорланмаслиги учун жума тезисларига бир таклиф киритдик: масжид Аллоҳнинг уйи экани ва масжидга ҳеч ким даъво қилолмаслиги уқтирилмоқда. Масжид ибодат учун муқаддас саждагоҳ, унга ҳеч ким тажовуз қилмаслиги лозим. Бу уят, бу ҳаром», — дейди Нуриймон Абулҳасан. 

Эслатиб ўтамиз, ака-ука Носировларга нисбатан шу йилнинг 8 июнь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 145- (виждон эркинлигини бузиш), 227-(ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 228- (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 165-(товламачилик) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганди.

июл 12, 2018 12:38 Asia/Tashkent
Шарҳ