• «Толибон» делегацияси
    «Толибон» делегацияси

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон» ҳаракати делегацияси вакилларининг Тошкентга ташрифи якунлангани ҳақида маълумот берди.

Кун.уз сайтига кўра, ушбу делегация ҳаракат расмий ваколатхонаси жойлашган Қатардан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун учиб келганди. Толиблар билан музокараларнинг тафсилотлари ва натижалар ошкор этилмади, аммо бу учрашувларнинг ўзини тарихий деб аташ мумкин. Охирги марта ҳаракат вакиллари Тошкентга 1999 йилда ташриф буюрганди.

«Толибон» ҳаракати вакиллари Тошкентда 4 кун бўлди. Улар Тошкентга 7 август куни келишган ва 10 август куни қайтиб кетишган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги фақат 11 август куни хабар қилди.

«Толибон» ҳаракати делегацияси Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди. Учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди», дейилган хабарда.

Делегацияга Доҳа шаҳрида жойлашган «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббас Станикзай бошчилик қилган. Минтақа бўйича экспертларнинг фикр билдиришича, Қатардаги офис кейинги вақтларда бир неча фракцияларга бўлиниб кетган ҳаракатнинг бир қисмининггина манфаатларини ифода этади.

Ёрлиқ

август 12, 2018 19:30 Asia/Tashkent
Шарҳ