• Ана холос!  Мирзиёевга мурожаат қилган имом ишдан олинди

Ҳижоб, соқолга бўлаётган тазйиқ масаласида Мирзиёевга мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиев ишдан олинди. Имом Facebook орқали чиқиш қилиб, отасига босим бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. Фазлиддин Парпиев мурожаати учун пушаймон эмаслигини таъкидлаган.

Мусулмонлар диний идораси томонидан 8 сентябр куни чиқарилган буйруқни Юнусобод туманидаги "Омина" масжиди ноиби тасдиқлади.

Ноибнинг айтишича, имом-хатиб Фазлиддин Парпиев 8 сентябр шом маҳали ишдан бўшаганлиги тўғрисида буйруқ чиққанидан телефон орқали бохабар бўлган. Шундан сўнг масжидга қайтиб келмаган.

9 сентябр куни Facebookдаги саҳифаси орқали мурожаат қилган имом ўзининг ишдан олингани ҳақидаги буйруқдан интернет орқали танишганини ва уни ҳеч ким идорага чақириб огоҳ этмаганини айтган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов имзоси қўйилган ва идора муҳри босилган буйруқда имом-хатиб Фазлиддин Парпиев билан тузилган шартнома 8 сентябрдан бекор қилиниши айтилган.

Имомнинг бўшатилишига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Одоб комиссиясининг йиғилиш мажлиси қарори ва Раҳбарият розилиги асос бўлган.

"Омина" масжиди имоми Фазлиддин Парпиев ўзининг Жума ҳутбасида рўмол ва соқол борасида мусулмонларга бўлаётган тазйиқларни қоралаган ва ҳукуматни виждон эркинлигини таъминлашга чақирган.

Жума намозига келган жамоат қаршисида гапирган Фазлиддин Парпиев мусулмонларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун мавжуд қонунлар доирасида ҳаракат қилиш, жанжал ва тўполон қилмасликка даъват этган.

9 сентябр куни Facebook орқали яна чиқиш қилган Фазлиддин Парпиев отаси томонидан айрим чекловларга дуч келганини айтган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уни чақиртириб, Facebookда чиқарган видеосидан афсус-пушаймонлиги тўғрисида яна бир видео чиқаришни сўраган.

Фазлиддин Парпиев бу илтимосни рад қилгач, бу каби видео чиқаришни отаси Шаҳобиддин домладан сўрашган. Имомнинг айтишича, отаси бу илтимосга рози бўлган.

Имом бунинг сабаби иккита бўлиши мумкинлигини айтган. Биринчиси отасининг фарзандига нисбатан меҳри, иккинчиси отасига кимлардир томонидан бўлаётган қўрқитишлар.

Имом ҳутбада  билдирган фикрлари тўғри, деб билгани учун ундан қайтмаслигини айтган.

Шундай бўлса-да, отасининг ҳурматини қилиб, айрим шартларга рози бўлганини билдирган. Жумладан у отаси талаби билан хориж радиоларига интервью бермасликка қарор қилган.

Отаси имомнинг телефони ва паспортларини олиб қўйган.

Ёрлиқ

сентябр 10, 2018 12:42 Asia/Tashkent
Шарҳ