• Эроннинг мусиқа ансамбли
    Эроннинг мусиқа ансамбли

Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири - Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманининг Гран-при соврини Тожикистон мақом академиясига насиб этди. Унвон ва дипломлардан ташқари, хонандалар $15 минг миқдорида пул мукофотини қўлга киритдилар, деб хабар беради News.tj.

Фарғона.ру сайтининг хабар қилишича,  Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Туниснинг “Al Gharbi Twins”, Япониянинг “SPCP Japan” жамоалари ва Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга лойиқ, деб топилди. Эроннинг “Настар” ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

Ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари, шунингдек, анжуманнинг махсус дипломи ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Бундан ташқари, анжуманда иштирок этган барча хорижий меҳмонларга сувенир ва махсус сертификатлар топширилди.

Шаҳрисабздаги нуфузли анжуманда жами 73 давлатдан 300 га яқин яккахон ижрочи ва мусиқий жамоалар, унинг доирасида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда 19 давлатдан 30 нафар мусиқашунос олим иштирок этди. Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Форумнинг охирги кунида ўзига хос рекорд ўрнатилди – шаҳарнинг марказий майдонига 250 минг томошабин йиғилди. Ташкилотчилар халқаро фурумни ҳар икки йилда ўтказишни режалаштирмоқдалар.

сентябр 12, 2018 10:13 Asia/Tashkent
Шарҳ