• Ўзбекистон ва Россия ҳарбий авиацияларнинг икки давлат ҳаво кенгликларидан фойдаланишига келишиб олди
    Ўзбекистон ва Россия ҳарбий авиацияларнинг икки давлат ҳаво кенгликларидан фойдаланишига келишиб олди

Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов 12 октябрь куни Қозоғистон ва Россия мудофаа вазирлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Учрашувларда томонлар мудофаа соҳасида Ўзбекистон—Қозоғистон ва Ўзбекистон—Россия ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари масалаларини муҳокама қилди, ҳарбий-техник йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.

Абдусалом Азизов россиялик ҳамкасби билан мулоқотда Россия ҳарбий мутахассислари билан қўшма тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, 2017 йилнинг октябрида Жиззах вилоятидаги «Фориш» полигони базасида Ўзбекистон—Россия ҳарбий машғулотларининг ўтказилиши ўзаро манфаатли алоқаларнинг бошланишига янги туртки берди.

Россия мудофаа маҳкамаси раҳбари Сергей Шойгу Россия Ўзбекистонни Марказий Осиёда, жумладан, хавфсизлик соҳасида стратегик шерик сифатида кўришини таъкидлаб ўтди.

«Замонавий шароитда хавф ва таҳдидларга, айниқса, минтақада халқаро терроризмнинг тарқалишига қарши биргаликда курашиш лозим», — дея қўшимча қилди Сергей Шойгу.

Абдусалом Азизов келгуси йили бўлиб ўтадиган Халқаро армия ўйинлари ҳамда Халқаро хавфсизлик бўйича Москва анжуманида иштирок этишга таклиф қилинди.

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари 2019 йилдаги ҳарбий ҳамкорлик режасини ҳамда икки давлат ҳарбий ҳаво кемалари учун Ўзбекистон ва Россия ҳаво кенгликларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади. Ҳукуматлараро битим ҳарбий юкларни ташиш ва ҳарбий-транспорт самолётларининг қўнишсиз парвозларини амалга ошириш масалаларини тезкорлик билан ҳал этишга имкон беради.

Ёрлиқ

октябр 13, 2018 16:51 Asia/Tashkent
Шарҳ