• 54 спортчидан 77 та медаль ва 6-ўрин. Жакартада Параосиё ўйинлари ниҳоясига етди (сарҳисоб)
    54 спортчидан 77 та медаль ва 6-ўрин. Жакартада Параосиё ўйинлари ниҳоясига етди (сарҳисоб)

6 октябрь куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида старт олган III ёзги Параосиё ўйинлари бугун 13-октябр кунида ўз ниҳоясига етди. Сўнгги кунга белгиланган тўртта спорт тури бўйича баҳслар якунланди ва айни пайтда ёпилиш маросими бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон делегацияси мусобақада 54 нафар спортчи билан иштирок этиб, 77 та медаль (35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза) жамғарди ва мусобақа тарихидаги энг яхши натижасига эришди.

III Параосиё ўйинлари, Жакарта-2018: 54 спортчидан 77 та медаль (35+24+18)

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегациясини Жакарта-2018нинг энг сермаҳсул жамоаси бўлди, дейиш мумкин. Негаки, мусобақада кучли ўнликка кирган мамлакатлар орасида айнан Ўзбекистон терма жамоаси энг кам спортчи билан иштирок этди. Хусусан, Хитой – 232, Жанубий Корея – 201, Эрон – 210, Япония – 303, Ўзбекистон – 54, Индонезия – 295, Таиланд – 237, Малайзия – 139, Ҳиндистон – 193, Гонконг – 100 нафар атлет билан ташриф буюрган эди.

Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бешта спорт турида мусобақаларда қатнашиб, уларнинг тўрттасида (сузиш, енгил атлетика, дзюдо, пауэрлифтинг) медаллар жамғаришди. Фақат ўқ отиш бўйича баҳслар бундан мустасно. Энг кўп соврин сузиш бўйича баҳсларда қўлга киритилди.

Ўзбекистон терма жамоаси медаллар рейтингида мусобақанинг 1-3-кунларида иккинчи, 4-кунда тўртинчи ва 5-6-кунларда бешинчи ўринларни эгаллаб турган эди. Аммо сўнгги – 7-кунга келиб мезбон Индонезия бадминтон бўйича баҳслар натижасига кўра кучли бешликка кириб олди. Шу тариқа, Ўзбекистон III Параосиё ўйинларини 6-ўринда якунлади.

Ёрлиқ

октябр 13, 2018 18:09 Asia/Tashkent
Шарҳ