• Тадбиркорни ҳомийликка мажбурий жалб этган киши қамалиши мумкин

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 192(4)-моддаси (Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш) биринчи қисмининг (Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағларини ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади». Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Ёрлиқ

октябр 23, 2018 17:12 Asia/Tashkent
Шарҳ