• Танасидан 16 дона игна топилган чақалоқнинг бугунги ҳолати
    Танасидан 16 дона игна топилган чақалоқнинг бугунги ҳолати

Шу йилнинг январь ойида 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди.

Чақалоқ жарроҳлик амалиётига ётқизилгани, соғлиги ҳақидаги янгиликлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Гўдак танасига игналар қандай ва ким томонидан киритилгани ҳақида  турли фараз ва тахминлар билдирилиб, мазкур воқеа бир ой давомида барчанинг эътиборида бўлгани бор гап.

Ўшанда, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилган бола тезкорлик билан жарроҳлик столига ётқизилганди. Марказдаги, Болалар жарроҳлик бўлими томонидан барча игналар танада турлича жойлашгани, яъни -  чақалоқнинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида аниқлангач, бўлим мудири, профессор Акилов жарроҳлик амалиёти ўтказишга киришган эди. Жорий йилнинг 17 январь куни чақалоқ операция қилинди. 9 соат давом этган операцияда 10 нафарга яқин шифокор иштирок этди ва боланинг танасидан 11 дона игна чиқариб олинди.

Мана, орадан 10 ой ўтди. Кўп сонли ўқувчиларимизнинг талабига биноан, ҳаётининг илк ойларида катта синовларни бошидан ўтказган болакайни йўқлаб бордик.

Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани, Найман қишлоғидаги Худойбердиевлар хонадонидамиз. Оила, янги қурилган уйга яқинда кўчиб чиқибди. Бизни Азизбекнинг отаси Азимжон кутиб олди. Ичкарига кирамиз. Мана ўша, мурғак бўлсада танасидаги игналар билан олишган бардошли қаҳрамонимиз – Азизбек. У онасининг қучоғида жилмайиб ўтирарди.

Азизбек, айни пайтда 18 ойлик. Серҳаракат, тиним билмас бола бўлибди. Ўтган воқеалар ҳақида унинг онаси Шоҳсанамхондан сўраймиз.

«Ўтган йилнинг ноябрь ойларида Азизбекнинг тана ҳарорати кўтарилиб, ҳеч пасаймади. Сийиши қийинлашди. Туман шифохонасида даволандик. Фойдаси бўлмади. Сийиши янада камайиб, бўйнида, қорнида, бел соҳасида шишлар пайдо бўлди. Врачлар, сийдик йўлларида туз бор деган тахминни айтишди. Уролог текширгач, сийдик йўллари тозалигини айтиб, вилоятга жўнатди.

Вилоят касалхонасида буйрак қисмини текширмоқчи бўлиб рентген қилишди. Шифокорлар боламнинг танасида 15 дона игна борлигини айтишганида шок ҳолатга тушгандим. Рентген суратидаги жуда кўплаб игналарни кўриб ҳам ишонмадим. Тошкент томон йўл олдик. Игналардан азобланаётган Азизбекни уч кундан сўнг операция қилишди.

Тўққиз соат давом этган операция давомида, жарроҳлар боламнинг танасидан 11 дона игнани олишди. Қолган, тўрт донасини чиқариб олишга эса анестезиологлар рухсат беришмади. Ўғлим энди наркозни кўтара олмасди. Шу билан операция тўхтади. Операциядан кейин Азизбек 17 кун комада ётиб, 18-куни кўзини очди.  Даволаниб, уйга қайтдик. Худога шукр, боламнинг аҳволи кундан-кунга яхшиланиб борди. Ёмон кунлар ортда қолди», дейди кўзда ёш билан она.

Азизбекнинг танасига игналар қандай кириб қолгани ҳануз сирлигича қолмоқда. Ўша пайтда ҳам унинг баданида игна санчилгани белгилари бўлмаган экан. Онасининг айтишича, ўтган йил Янги йил кунлари ахлатидан шар парчалари ва арча ўйинчоқлари қолдиқлари чиққан. Кимдан гумон қилишини сўрашни эп кўрмадик. Тахминимизча, бола игна тўла шарни ютган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳам бир тахмин...

Асосийси, Азизбекнинг соғайиб бораётганидир. Болакай наркоз ва ўтказилган жарроҳлик амалиёти таъсирида 18 ойлик бўлгач, эмаклашни бошлабди. Отаси Азимжон ўша пайтда хорижга ишлагани чиқиб кетган экан. Хабар беришганидан сўнг етиб келган.

Азизбекнинг бугунги ҳолати ҳақида Шоҳсанамхон шундай дейди: «Уйқуси, иштаҳаси яхши. Ўйинқароқ. Ҳовлига, кўчага чиқиб сайр қилишни яхши кўради».  

Суҳбатимиз сўнгида, ота-она болажонни  жарроҳлик амалиётидан ўтказган, профессор Ҳабибулла Акилов бошчилигидаги шифокорларга ташаккурларини етказишимизни сўради. Ундан ташқари, Азизбекни бемор пайтида руҳан қўллаб турган барча инсонларга ҳам раҳмат айтишди.

Уларнинг айтишича, ўтган 10 ой давомида жуда кўплаб инсонлар уларга далда бўлиб турган. Моддий томондан ёрдам берган кишилар ҳам бор экан.

Азизбекнинг танасида яна игналар қолган. Уларни қачон олиш ҳақида кун келиб шифокорлар ўз сўзини айтишади. Болакай эса унгача улғайиши, куч-қувват йиғиши керак.

Сир-синоатли ҳолатда нишлар билан олишган ва олишаётган Азизбекни кўриб қайтарканмиз, унинг бугунги ҳолатидан бироз кўнглимиз ёришди.

Халқнинг кичик бир вакилининг беморлигида соғлигига куюнган барчага яна бир бор раҳмат айтамиз.

Ҳаёт эса давом этади... 

Ёрлиқ

ноябр 18, 2018 10:27 Asia/Tashkent
Шарҳ