декабр 13, 2018 10:46 Asia/Tashkent
  • Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда “Саноат радиация ва ядро хавфсизлиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолди, деб хабар қилмоқда ЎзА.

Янги қўмита Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш, яъни“Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси негизида ташкил этилади.

Қўмита таркибида – давлат бюджетидан молиялаштириладиган, бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 71 нафардан иборат "Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти" ҳам тузилади.

Қарорда айтилишига кўра, Саноат радиация ва ядро хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибида – янги департамент билан бир қаторда, 3 та янги тузилма, яъни Ангрен кон-техника инспекцияси, Олмалиқ кон-техника инспекцияси ҳамда Қизилқум кон-техника инспекцияси ташкил этилиши белгиланган.

Саноат радиация ва ядро хавфсизлиги давлат қўмитасинининг ваколатлари қуйидагилардан иборат бўлади:

қўмита назорати остидаги объектларга тўсқинликсиз кириш;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари саноат хавфсизлиги, радиация ва ядро хавфсизлиги, шунингдек, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ҳолати устидан назорат қилиш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талабларига риоя этмаган ҳолда олиб борилаётган ёки авария содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек, одамлар ҳаёти хавф остида қолганда ёки авария ҳолатлари юзага келганда уларни иш жойларидан олиб чиқиш;

қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш.

Президент қарорида атом электр станцияси қуриш, ундан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш соҳасида келажакда хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳам назарда тутилган.

 

Ёрлиқ

Шарҳ