декабр 16, 2018 16:37 Asia/Tashkent
  • Ашрафхонов:  Ўзбекистон авиакеросин экспортини йўлга қўйиши мумкин

МДҲ ҳудудида ягона бўлган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган улкан инвестицион лойиҳа Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида 2020 йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиши кутилмоқда

Sputnikка кӯра Ўзбекистон авиакеросин ва дизель экспортини йўлга қўйиши мумкин, деди шанба куни Тошкентда "Uzbekistan GTL" лойиҳасини молиялаштириш ҳужжатларини имзолаш тадбирида "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқарув раиси Баҳром Ашрафхонов.

Ашрафхоновнинг сўзларига кўра, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилаётган GTL заводининг асосий мақсади - Ўзбекистонда қазиб олинаётган табиий газни шу ернинг ўзида қайта чуқур ишлаш ҳамда шу синтетик ёқилғини ишлаб чиқариш натижасида, четдан, учинчи давлатлардан келаётган углеводород хом-ашёси импортини кескин камайтиришдан иборат.

"Заводнинг қурилиш ишлари 60 фоизга бажарилган ва у 2020 йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиши режалаштирилмоқда", - деди Ашрафхонов ва ушбу лойиҳа туфайли ўзбекистонлик мутахассислар юқори технология асосида улкан инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича қимматбаҳо тажриба орттиришларини қўшимча қилди.

Ашрафхонов шунингдек, GTL заводи туфайли, Ўзбекистон авиакеросин ва дизель ёқилғилари импортидан воз кечиши мумкинлигини қайд этди.

"Агар биз 311 минг тонна авиакеросинни Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарсак, чет элдан импорт қилишга ҳожат қолмайди. Биз бу орқали нафақат Ўзбекистон Ҳаво йўлларининг 118 минг тонна авиакеросинга бўлган эҳтиёжини қондиришимиз, балки ички эҳтиёждан ташқари қолган қисмини экспортга йўналтиришимиз мумкин бўлади. Бу дегани - лойиҳа Ўзбекистонга четдан валюта кириб келишини таъминлайди", - деди "Ўзбекнефтгаз" раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, "Шўртан ГККнинг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш" инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

 

Ёрлиқ

Шарҳ