АҚШ ва дунё тарихида мисли кўрилмаган террор юз берганига 16 йил бўлди. Терактлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 минг нафарга яқинни ташкил қилди.

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

   Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз “Америкадаги 11 сентябр ҳодисасининг содир этилишига 16 йил ўтиши”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Америка қўшма штатларида 11 сентябрь воқеаларини эсга олинмоқда. АҚШ давлати 11 сентябр кунида 3 мингга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиали теракт оқибатларини бутун дунёга жар солмоқда. АҚШ ва дунё тарихида мисли кўрилмаган террор юз берганига 16 йил бўлди. 2001 йилнинг 11 сентябр кунида Нью-Йоркда Boeing 767 русумли 2та йўловчи самолёти Жаҳон савдо марказининг 110 қаватли эгизак биноларига келиб урилди, учинчи самолёт — Boeing 757 Вашингтондаги АҚШ мудофаа вазирлиги биносига қулаб тушди, тўртинчи самолёт эса, у ҳам Boeing 757 Питсбург шаҳридан 80 миль нарига қулади. Самолётлар American Airlines ва United Airlines авиакомпанияларига тегишли бўлган ва террорчилар томонидан ўғирланган. Терактлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 минг нафарга яқинни ташкил қилди. Уларнинг 246 нафари самолёт йўловчилари эди. Жаҳон савдо марказида 2 минг 606 киши, Пентагонга ҳужум оқибатида 125 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг 72 нафари полиция ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари, 343 нафари ўт ўчирувчи, 55 нафари ҳарбий хизматчи эди. Қурбонлар орасида  90 та мамлакат фуқаролари бор эди. Бу терактлар Миср, Саудия Арабистони ва БАА фуқаролари бўлган 19 террорчи томонидан содир этилган.

     Улар «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотига алоқадор бўлиб, АҚШда қонуний равишда яшаган, уларнинг баъзилари эса Америка учувчилик мактабларида ўқиган. Нью-Йоркка етказилган зарар 36 миллиард долларга яқин бўлди, Жаҳон савдо ташкилоти  бинолари жойлашган ҳудудни тозалаш ишлари 8 ойдан ортиқ вақт давом этди. Пентагоннинг вайрон бўлган ғарбий қаноти 2002 йил сентябрига келиб қайта тикланди. 2004 йилнинг июлида, фожиадан 442 кун ўтгач, мустақил тадқиқот комиссияси 600 саҳифалик ҳисоботни тақдим қилди. Унда ҳукумат иммиграцион сиёсатда жуда кўп хатоларга йўл қўйгани жиддий терактларга сабаб бўлгани қайд этилди. Ҳар йили 11 сентябрь АҚШда ватанпарварлар ва Ибодат куни сифатида нишонланади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида хотира маросимлари ўтказилади. Федерал биноларнинг барчасида шу куни давлат байроқлари туширилади. 2001 йилнинг октябрда АҚШ ва Буюк Британиянинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари бошланди, бундан мақсад - «Ал-Қоида» базаларини йўқ қилиш ва ташкилот етакчиси Усама бин Лодинни қидириб топишдан иборат эди.  «Биринчи рақамли халқаро террорчи» 2011 йилнинг 2 майига келиб, Покистоннинг Абботобод шаҳрида америкалик ҳарбийлар томонидан йўқ қилингани иддао қилинди.

     2002 йил 10 апрелда 1999 йили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган, 11 сентябрь воқеаларидан кейин жорий қилиниши заруратга айланган "Террорчиликни молиялаштиришга қарши кураш ҳақидаги" халқаро конвенция кучга кирди. 11 сентябрь воқеалари жаҳонда терроризмга қарши кураш зарурлигини кун тартибига чиқарди. Бунинг натижаси ўлароқ терроризмга қарши кураш коалицияси ташкил этилди. 11 сентябрь нафақат америкаликларнинг, балки бутун дунёнинг вазиятини тубдан ўзгартириб юборди. Ўша йилнинг декабридан бошлаб Европа Иттифоқи ҳар йили террор ташкилотларининг рўйхатини эълон қила бошлади. 11 сентябрь воқеаларидан сўнг жаҳон аҳли ҳатто, АҚШдек қудратли мамлакат ҳам ўз хавфсизлигини якка ўзи таъминлай олмаслигини, терроризмга қарши биргаликда курашиш зарурлигини англаб етди. Лекин шуларнинг барчасига қарамай, 11 сентябр воқеаларига 16 йил ўтган бўлсада Америка давлати жаҳон терроризмига қарши курашда бирон бир натижага эришмада, аксинча терроризм билан кураш баҳонасида Афғонистон ва Ироқ халқларини қонга белади. Ўтган 16 йил давомида бир нечта мамлакатлар АҚШ ҳарбийлари томонидан ишғол этилди ва Американинг ҳаво ҳужумларига учради. Шуни айтиш жоизки, Американинг Афғонистон ва Ироқ юртларидаги ҳарбий ҳаракатларидаги харажатлари 6 триллион доллардан ошди. Ушбу харажатлар америкалик солиқ тўловчилардан бевосита ва билвосита ундириб олинган. Америка томонидан терроризмга қарши кураш баҳонаси билан Ироқ, Афғонистон, Сурия, Ливия ва Яман юртларида олиб борган урушларида бир миллиондан ортиқ инсонлар ҳаётдан кўз юмди. АҚШ армиясининг Ироқдаги жангда кўрган талафотлар миқдори 4 минг 500 нафардан ортди.

      Бу эса, Американинг Ветнамда олиб борган ҳарбий ҳаракатларидан кейинги урушлардаги талафотлар кўламида рекорд даражасига етди. Шунингдек, Америка давлати терроризмга қарши кураш баҳонасида ўз фуқароларининг ҳуқуқларини поймол этди ва мамлакаат аҳолисининг ҳар бири устида жосуслик амалиётларини ўтказди. Бундай жосуслик ҳаракатлари инсоният тарихида мисли кўрилмаган кўламда амалга ошди. Бундан ташқари, расмий статистика маълумотларига кўра, 11 сентябр ҳодисасидан сўнги террорчилик ҳаракатлари оқибатида келиб чиққан қурбонлар сони, 11 сентябр ҳодисадан олдинги пайтга солиштирганда анчагини кўпайганини тасдиқлайди. 11 сентябр ҳодисасидан олдин терроризм балоси жаҳоннинг алоҳида минтақалари билан чекланган эди, хусусан ғарбда ва Жанубий Осиё мамлакатларида тарқалган эди. Лекин, ушбу воқеадан кейин терроризм балоси бутун дунёга тарқалди ва глобал муаммога айланди. Жумладан Ғарбий Европа ва Америка қўшма штатларига ҳам етиб борди. Ваҳоланки, ушбу мудҳиш воқеаларнинг келиб чиқишида, дунёнинг қудратли давлатлари айниқса АҚШ ва Европанинг айрим давлатлари томонидан террорчи гуруҳларга қарши курашда икки ёқламалик сиёсатларни юритилишлари ҳам катта туртки берган.  Хусусан ал-Қоида ва ИШИД террорчилик гуруҳи билан курашда икки стандартли ёндашувлари боис, терроризм жаҳонда кенг ёйилди ва дунё учун хатарли офатга айланди.   

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

сентябр 12, 2017 12:22 Asia/Tashkent
Шарҳ