• «Россия бўлмаса, бундай дунёнинг нима кераги бор?». Путин ядро қуроли қўллашдан қайтмайди
    «Россия бўлмаса, бундай дунёнинг нима кераги бор?». Путин ядро қуроли қўллашдан қайтмайди

Россия президенти Владимир Путин журналист Владимир Соловьёвнинг «Жаҳон тартиби 2018» фильми учун интервьюсида Россия ядро қуролини жавоб-қарши зарбаси сифатида қўллаши мумкинлигини айтиб ўтди. 

«Бу мавзуга келадиган бўлсак, у, албатта, жуда муҳим, ўта муҳим. Сизга шуни айтишим мумкинки, бизнинг қўллаш режамиз – бу жавоб зарбаси бўлиши мумкин. Умид қиламанки, бу ҳеч қачон юз бермайди, бироқ назарий жиҳатдан шундай.

Бу ракета ҳужуми ҳақида огоҳлантириш тизимимиз нафақат ракета учирилгани, балки парвоз траекторияси ва қисмлар Россия ҳудудига қулашининг аниқ прогнозини берганидан кейингина ядро қуролини ишлатиш ҳақидаги қарор қабул қилинишини англатади.

Яъни, кимдир томонидан Россияни йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилинса, Россия ҳам бунга жавоб беришга ҳақли бўлади», — деди Путин.

Россия президенти бундай ҳолат дунё учун глобал фалокатга айланиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

«Аммо, Россия фуқароси ва ушбу давлат раҳбари сифатида савол бермоқчиман: агар дунёда Россия бўлмаса, бундай дунёнинг бизга нима кераги бор?», — дея юзланган Путин.

Путин илк ядровий бомба АҚШда пайдо бўлганини эслаб ўтган. У СССР америкаликлар ҳукуматидан фарқли равишда ҳеч қачон ядро қуролини қўлламаганини қайд этиб ўтган. 

«Кўплаб экспертлар АҚШ 1945 йили Японияда ядровий зарба бериши зарурат бўлганини таъкидлашади. Лекин бу яна такрорланмаслигига кафолат борми?», —дейди Путин.

Владимир Путин 1 март куни Федерал мажлисга мурожаат чоғида иккита янги жанговар ракетани намойиш этганди. Ўшанда ҳам у Россия ўз иттифоқчиларига ёки ўзига таҳдид сезилса, Россия ядро қуроли қўллашдан қайтмаслигини маълум қилганди. 

«Бизни ядровий қуролни қўллашга мажбурлай олувчи икки сабаб бор: ядровий қурол қўллаган ҳолда ёки оддий қурол билан Россияга ҳужум қилиш. Оддий қурол қўлланган ҳолда ҳужум вазиятида Россия мавжудлигига таҳдид бўлсагина ядровий қурол қўлланади. Жавобимиз ўта ёмон оқибатларга эга бўлади», — дея ваъда қилганди у.

март 08, 2018 13:33 Asia/Tashkent
Шарҳ