“Ўзбекистон  ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайити муносабати билан 226 маҳбусни авф этди
  2. Ӯзбекистон президенти ўғли ва набираси билан футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Москвага ташриф буюрди
  3. Ўзбекистоннинг ДХХ раиси Тожикистонга борди
  4. Ўзбекистоннинг олтин захиралари ошди
  5. Содиқ Сафоев Каримовнинг террорга қарши кураши ўзини оқламаганини тан олди
  6. Ӯзбекистонда исломий шартлар асосида кредит олиш мумкин бӯлади.
  7. Ички ишлар вазирлиги Ғофур Раҳимов ва унинг хотинини қидирувга берди
  8. 13 июнь куни Анвар қори Турсунов вафот этди

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайити муносабати билан 226 нафар маҳбусни авф этиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Улардан 102 нафари озодликка чиқади, қолганларнинг жазо муддатлари камайтирилади.

Авф этилаётган маҳбуслардан 39 нафари чет эл фуқароларидир.

Бу Ўзбекистонда давлат раҳбарининг Рамазон Ҳайити муносабати билан биринчи марта амнистия эълон қилиши.

Ўзбекистонда бу йил Рамазон Ҳайити уч кун байрам қилинди.

    Хххххххххххххххх

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Москвага ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

“Внуково-2” халқаро аэропортида давлат раҳбари футбол байрамига хос кўтаринки муҳитда кутиб олинди.

Таомилга кўра, президентни футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатининг рамзи – бўри “Забивака” қарши олди.

Шавкат Мирзиёев “Мундиал”нинг расмий тўпига дастхат қўйди.

Давлат раҳбари ўғли Миралишер ва набираси Миромон билан бўри “Забивака” ёнида суратга тушди.

ххххххххххххххххххххххх

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев бугун, 12 июнь куни ишчи ташриф билан Душанбега борди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жамоатчилик билан алоқалар хизматига асосланиб, «Халқ сўзи» хабар берди.

Ихтиёр Абдуллаевни пойтахт аэропортида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов кутиб олган.

Икки давлат махсус хизматлари раҳбарлари учрашув давомида терроризмга қарши кураш, давлат чегараларини муҳофаза қилиш, ўзаро ахборот алмашиш масалаларини муҳокама қилган. Якунда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича битим имзоланган.

Шунингдек, Ўзбекистон ДХХ раҳбари Роғун ГЭСи барпо этилаётган ҳудудга ташриф буюриб,  у ерда қурилиш ишларининг бориши билан танишган.

Хххххххххххххххххххххх

Бундан кейин Ӯзбекистонда исломий шартлар асосида кредит олиш мумкин бӯлади.

Бу ҳақда тошкентлик ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим қизи хабар беради.

ххххххххххххх

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Халқаро бокс федерацияси — AIBA президенти вазифасини бажараётган Ғофур Раҳимовни қидирувга берди, деб ёзади Sof.uz нашри.

Бу ҳақда ИИВ расмий сайтида маълумот эълон қилинган.

Унга кўра, 1951 йил 22 июлда таваллуд топган Раҳимов Ғофур-Арслонбек Аҳмедович Ўзбекистон Жиноят Kодексининг 165-моддаси 3-қисми а-банди (товламачилик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси 3-қисмида (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирилмоқда.

Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи экани айтилаётган Лола Раҳимова ҳам қидирувга берилган.

ИИВ маълумотига кўра, 1967 йил 24 июнда туғилган Раҳимова Лола Жаббаровна Ўзбекистон Республикаси Жиноят Kодексининг 165-моддаси 3-қисми а-банди (товламачилик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси 3-қисмида (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирилмоқда.

Ғофур Раҳимов январ ойида AIBA вақтинчалик президенти этиб тайинланган. Ташкилот президенти Чинг-Куо Ву ўтган йилнинг ноябрида истеъфога чиққанди.Раҳимов 1998 йилдан буён AIBA ижроқўми аъзоси ҳисобланади. 2002 йилда ушбу ташкилот вице-президенти, 2006 йилдан ижрочи вице-президенти лавозимида фаолият олиб борган.

2010 йилда у Осиё бокс конфедерацияси президенти этиб сайланган.

Ххххххххххххххххххх

Тошкент шаҳрининг бош имом хатиби Анвар қори Турсунов   13 июнь куни   вафот этди.

Анвар қори Турсунов 1981 йил Тошкент давлат университети (ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1981—1984 йилларда «Ёшлик» журналида муҳаррир вазифасида бошлаган.

Сўнгра Фанлар академияси илмий ходими, Абдулла Қаҳҳор уй-музейи илмий ходими, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатган.

Диний соҳадаги фаолиятини 1994—1999 йилларда Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги «Янгиобод» масжиди имом-хатиби сифатида бошлаган. 1999 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ва «Хожа Аҳрор Валий» масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган. 2015 йилдан «Минор» масжиди бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.

 

июн 24, 2018 13:54 Asia/Tashkent
Шарҳ