• Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
    Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар

Носир Хусрав шеърлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра,  форсий ва араб тилларда яратган. Мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), «Рўшноинома» ва «Саодатнома» маснавийлари, «Зод ул-мусофирин», «Важҳи дин», «Хон-ул-ихвон», «Бўстон ул-уқул», «Далил ут-мутаҳаййирин», «Жомеъ ул-ҳикматайн», «Рисола дар жавоби 99 саволи фалсафи», «Кушойиш ва раҳойиш» каби кўплаб шеърий ва насрий асарлари мавжуддир.

Жумладан, «Рўшноинома» ихчам маснавий бўлиб, достон 592 байтдан иборат. Шоир ўзининг фалсафий қарашлари баён этилган йирик насрий асарларидаги баъзи масалаларни «Рўшноинома»да шеърий шаклда мухтасар тарзда баён этган. Асарда, жумладан, «Инсон фитрати», «Инсон шарафи», «Комил инсон сифати», «Мақтовли ва ярамас хулқлар», «Жоҳиллар ва риёкорлар мазаммати», «Ақл таърифида», «Фалак ва юлдузларнинг яратилиши», «Тўрт унсур сифати», «Зохирий ва ботиний сезгилар» ва ҳоказо фасллар мавжуддир.

Ҳозир эса машҳур шоир Носир Хусравнинг  “Саодатнома” асаридан косиблар ҳақидаги  гўзал шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Косибдан шоду хуррам йўқ жаҳонда,

Ҳунардан яхши дур ҳам йўқ жаҳонда.

Бутун кун ризқининг боғбони бўлғай,

Кечин ўз уйининг султони бўлғай.

Не топган бўлса, тортинмай ошайдир,

Яна ишлаб, яна топиб яшайдир.

Қилолмас катталик ҳам унга ҳар ким,

Бировнинг миннатидан холи дойим.

Қўли- ла ризқи рўзин ҳосил этгай,

Аёлу хешу фарзандига етгай.

Ҳалол меҳнат ила топгай баракат,

Ҳаракатдир, фаровондир, ҳаракат.

Кечин  жам хотири, уйқуга кетгай,

Тонг отганда ишига қайта етгай.

Бугун ҳам, эрта ҳам, ўтган куни ҳам,

Худо розидир ундан, рози одам.

Қўли ишдан бўшалмас ҳафтаю ой,

Дўкону дастгоҳи  севгани жой.

Минг арзир бўлса боши осмонда,

Яшолмайди у сиз шоҳ ҳам жаҳонда.

Адибнинг насрий асарлари орасида «Сафарнома» номли нодир китоби алоҳида ажралиб туради. «Сафарнома» Носир Хусравнинг ғарбий ўлкаларга саёҳат қилган етти йиллик (1045-1052) даврда кўрган- кечирганлари баёнини ўз ичига олади. Асар бизгача жуда кам қўлёзма нусхаларда сақланиб қолган. Улардан энг қадимийси милодий 1691 йилда, яъни муаллиф вафотидан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтгач кўчирилган. «Сафарнома»да муаллифнинг таржимаи ҳолига оид кўпгина маълумотлар мавжуд.

Атоқли форс-тожик шоири Носир Хусравдан (1004-1088) авлодларга мерос бўлиб қолган кўплаб қимматли назмий ва насрий асарлар орасида “Сафарнома” асари алоҳида ажралиб туради. Шоир ушбу насрий китобида ўзининг ғарбий ўлкаларга қилган ва етти йил (1045-1052) давом этган ажойиб ва ғаройиб саёҳати хотираларини тасвирлаган. Носир Хусрав ўзи саёҳат қилиб ўтган Эрон, Арманистон,
Озарбайжон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ, Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфаҳон ва бошқа бир қатор шаҳар ва вилоятларнинг ўша даврдаги манзараларини жонли ва қизиқарли тарзда китобхон кўз ўнгида гавдалантиради

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Носир Хусравнинг  “Саодатнома” асаридан “Дўстлик ва вафо ҳақида”ги  гўзал шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Душман охир бошга келтирар бало,

Дўстлик шевасини айлама барпо.

Кишига соғлом иш дўстлик қилишдир,

Вафо кўргизмак асли  катта ишдир.

Кишини ранжитиб, сўрама узр,

Кишини ранжитиш энг катта қуср.

Жафо йўлин тутма. Итдек вафодор

Бўлгилу бўрига қўшилма зинҳор.

Кишини ранжитмоқ осон ниҳоят,

Кўнглини овламоқ мушкилдир ғоят.

Қилолмасанг биров дардига даво,

Бўлмагил сен бало устига бало.

Камбағал кўксига ниш урма зинҳор,

Малҳам қўёлмасанг нима қасдинг бор.

Сени одам туққан, одам бўл сен ҳам,

Деву жин бўлмагил, одам бўл, одам.

Во ажаб, булбулнинг нимаси ёмон, дерсиз?! Ёқимли сайраб кўнгилларни хушнуд этади, хониши дилга ҳузур бағишлайди, гулга бурканган боғда ўзини қай даражада эркин тутишини кўрганмисиз, чаққонлигига ҳавасингиз келади. У бошқаларни ўзига маҳлиё этишда ана шундай сеҳр кучига эга. Хўп, вафодорликда-чи?! Носир Хисрав дейди:

Вафода ўхшама булбулга асло,

Ҳар он ул ўзга гул бошида шайдо.

Ана кўрдингизми, у вафода тайинсиз. Қайси гул уни мафтун қилса оғиб кетаверади. Носир Хисрав вафосиз инсонларни булбулга ўхшатишининг боиси шундан. Инсонни кўпроқ мансаб, мартаба, шуҳрат, бойлик, эҳтиёж, нафс деган гуллар, яъни ҳаётий имкониятлар оҳанграбодек ўзига тортади. Шундай пайт­да одамнинг ичидаги Ханнос деган шайтон жонланиб, вафо йўлига ғов бўлади. Оқибатда инсон инсоф, диёнат, ҳалоллик, поклик, тўғрилик, камтарлик ва шукроналикни унутиб, шайтоннинг васвасаси билан эҳтиёжга эрк бериб юборади-да, эзгуликка чорлайдиган барча дўстларидан йироқлашиб қолади. Энди у Ханносдан бошқа ҳеч кимни тингламай қўяди.

Хуллас, амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хусравнинг кўзини очди.
Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди. Жумладан, давлат хизматида ўтган йиллар унинг ҳаётий тажрибасини анча оширади. У бир тарафдан юқори табақалар ҳаёти, уларнинг мамлакат ва халқни бошқариш сиёсатидан воқиф бўлса, иккинчи томондан, оддий меҳнаткаш халқ турмуши, ҳунарманд, деҳқон ва бошқа касб эгаларининг жамиятдаги ўрнига оид бевосита кузатиш ва тажрибалари унинг асарларида акс этган.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

Ёрлиқ

июл 03, 2018 15:05 Asia/Tashkent
Шарҳ