Ҳаким Саноийнинг ҳаёти ва ижоди

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Носир Хисрав Шарқда адолат, халқпарварлик, маърифатпарварлик ғоясини дадил куйлаган шоир, жасоратли фиқҳ донишманди сифатида шуҳрат топган, илм-фан, маърифат, одоб-ахлоқ, касб-ҳунар афзалликлари ҳақида бир-биридан маънодор ҳикматлар ва қатор асарлар яратган машҳур шоирдир. Нафис ижод соҳиби Носир Хисравнинг маънавий мулки авлодларга қарийб минг йилдан буён хизмат қилмоқда.

Носир Хисрав XI аср Шарқ адабиёти ҳамда фалсафа ва жўғрофиё фанлари тараққиётига муносиб ҳисса қўшган йирик намояндалардан биридир.
Адабиёт ва илм оламида Носир Хисрав унвони билан танилган адиб ёшлигидаёқ қатор тиллар ва фанлар (ал-жабр, муқобала, ҳандаса, мантиқ, нужум, хайъат, тиббиёт, тиб, фалсафа, фиқҳ, тарих, калом, мусиқа, аруз ва бошқалар)ни пишиқ ўрганган. У бу даврда улуғ ватандошлари Абу Али ибн Сино, Форобий асарларини чуқур ўрганади ҳамда бутун умрга уларнинг содиқ шогирди ва давомчиси бўлиб қолади. Бундан ташқари, у қадимги дунё файласуфлари Суқрот, Арасту, Афлотун таълимотини ўрганиш билан шуғулланади.

Хуллас, амалдору мулозимлар, руҳонийлар манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хусравнинг кўзини очди.
Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди.

Суҳбатимиз давомида сизни милодий 11-12 асрларда яшаб ижод қилган машҳур шоир ва ориф Абулмажд Одам  Саноий  Ғазнавий ҳақида маълумот беришни бошлаймиз.

Доктор Шафиъий Кадканийнинг ёзишича, форс адабиёти тарихида”Саноийдан олдинги шеърият ва Саноийдан кейинги шеърият” деган вақтда  ақл ва ҳуш аҳлидан бўлган ўқувчи ушбу даврларнинг фарқини яққол ҳис этади. Форс шеъриятининг бирон чўққиси, ҳатто Саъдий, Ҳофиз ва Мавлавий ҳам форс шеърияти тарихида  бу каби  даврни  яратмаган.

Доктор Кадканийнинг ушбу сўзлари  ҳижрий-қамарий 5-6 асрларда яшаган буюк шоир, ориф ва ҳаким Абулмажд Маждуд бин Одам Саноий Ғазнавийнинг форс адабиётида тутган  юксак мавқейи ва маҳоратидан далолат беради.

Агар муслимият Саноийнинг улуғлигини кўра билсайди, жамики мўминларнинг бошидан қалпоғи тушарди», — деган эди Жалолиддин Румий. Мавлоно яна эътироф этадики:

Аттор руҳ буд ва Саноий ду чашми ў,

Мо аз паи Саноий ва Аттор омадем

Яъни: Аттор руҳдир, Саноий эса унинг икки кўзи, Биз Саноий ва Атторларнинг изидан келдик.

Ҳаким Абулмажд Маждуд бин Одам Саноий-Ғазнавий   XII асрда яшаган буюк шоир ва алломадир. У Хуросоннинг Ғазни шаҳрида туғилган ва шу ерда вафот этган. Алломанинг «Ҳадиқул ҳақиқат», «Тариқул таҳқиқ», «Ишқнома», «Ақлнома», «Ғарибнома», «Афвнома» асарлари тасаввуф адабиётининг етук ва ёрқин иамуналари ҳисобланади. Унинг ғазаллари ва рубоийларида абадий ишқ ва ҳақиқат тараннум этилади, абадий ишқ ва ҳақиқатга интилган инсон қалбининг орзулари янграйди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Эронлик буюк шоир, ориф ва ҳаким Абулмажид Одам Саноий Ғазнавий ҳижрий –қамарий 464 йилда Ғазна шаҳрида таваллуд топган ва ҳижрий-қамарий 525 йилнинг 11-шаъбонида ушбу шаҳарда вафот этган. Ўша замонда Ғазна шаҳри Эроннинг муҳим шаҳарларидан эди ва ҳозирги кунда Афғонистон шарқида бўлган ҳудудда қарор топган.

Ҳаким Саноийнинг болалик ва ёшлик даври Ғазна шаҳрида ўтган. У ушбу шаҳарда илм ва маорифдан таълим олади, Ҳаким Саноий ўша вақтда муҳим  саналган илмлар, жумладан араб адабиёти, фиқҳ, ҳадис, тафсир, тиббиёт, нужумшунослик, ҳикмат ва каломда устодлик даражасига етган. Унинг илмлардаги юксак мақоми Ҳаким Саноийнинг илмий асарларида ҳам яққол кўзга ташланади.

Саноийнинг оиласи Ғазна шаҳрида асил эронлик хонадонларидан   ва унинг отаси маърифатли киши эди. Саноий асарларида келтирилган ҳужжатларга кўра, унинг отаси  ўзи яшаган асрнинг етук шахсларининг фарзандларини  тарбиялаш ва таълим беришда  катта обру-ва шуҳратга эга бўлган. Саноий  Ғазна шаҳрининг ушбу муҳитида ҳамда  фазл ва адаб маркази бўлган оилада  улғайиб, илм ва билим ўрганган. Саноий ўткир тил ва нозик табъга эга бўлгани боис ёшлигидан бошлаб кўплаб фозиллар ва адибларнинг  диққатини ўзига жалб этган.

Шоир Саноий умрининг бир қисмини сафар қилишлар билан ўтказган. У Балх, Сарахс, Нишопур ва Хуросоннинг бошқа кўплаб шаҳарларига сафар қилиб, ушбу сафарлари давомида Муҳаммад бин Мансур Сарахсий каби ўша замоннинг машҳур ориф ва уламолари билан танишади ва уларнинг билимларидан баҳраманд бўлади.

Шоир  Саноийнинг айрим шеърлари маддоҳлик ғазалларидан иборатдир. У бу шеърларини турли ҳукмдорлар дарборларида бўлган вақтида ёзган. Дарбор шоирлари каби у ҳам шоҳлар ва амирларни мадҳ айлаб, шодлик ва хуррамликда  умр ўтказарди. Аммо у бу ишлари хато  эканини англаб етади ва ҳаёт тарзини ўзгартириш учун Саноий Балхдан Маккага Ҳаж сафарига боради. Айрим адабий тадқиқотчиларнинг ақидларига кўра, Макка сафари ва Ҳаж зиёрати  унинг тафаккури ва ақидаларининг ўзгаришига сабаб бўлади.

Ҳозир эса машҳур шоир Саноий Ғазнавийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Соқиё, тургил-да, бергил жомни,
Бер харобот ичра бу оромни.

Чархи нопок батнига оташ уриб,
Сийла тупроқ бирла бу айёмни.

Сен у зуннорбанд билан суҳбат қуриб,
Хизматин қил Жамшид—озарфомни.

Бир аёқда бода ич муғларбилан
Тут у зардуштий ила бир жомни,

Айланувчи чарх сени ром айласа,
Нафсинг ичра банди қил бу “ром”ни.

Ринд номин ўз танингда қил дуруст,
Оқлагил у лоуболий номни.

Ўзлигингни топмасанг бул комда,
Чун Саноий дўст тут худкомни…

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

июл 10, 2018 16:03 Asia/Tashkent
Шарҳ