Ҳаким Саноийнинг асарлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда  милодий 11-12 асрларда яшаб ижод қилган машҳур шоир ва ориф Абулмажд Одам  Саноий  Ғазнавий ҳақида маълумот беришни бошлаган эдик. Эронлик буюк шоир, ориф ва ҳаким Абулмажд Одам Саноий Ғазнавий ҳижрий –қамарий 464 йилда Ғазна шаҳрида таваллуд топган ва ҳижрий-қамарий 525 йилнинг 11-шаъбонида ушбу шаҳарда вафот этган. Ўша замонда Ғазна шаҳри Эроннинг муҳим шаҳарларидан эди ва ҳозирги кунда Афғонистон шарқида бўлган ҳудудда қарор топган.

Ҳаким Саноийнинг болалик ва ёшлик даври Ғазна шаҳрида ўтган. У ушбу шаҳарда илм ва маорифдан таълим олади, Ҳаким Саноий ўша вақтда муҳим  саналган илмлар, жумладан араб адабиёти, фиқҳ, ҳадис, тафсир, тиббиёт, нужумшунослик, ҳикмат ва каломда устодлик даражасига етган. Унинг илмлардаги юксак мақоми Ҳаким Саноийнинг илмий асарларида ҳам яққол кўзга ташланади.

Саноийнинг оиласи Ғазна шаҳрида асил эронлик хонадонларидан   ва унинг отаси маърифатли киши эди. Саноий асарларида келтирилган ҳужжатларга кўра, унинг отаси  ўзи яшаган асрнинг етук шахсларининг фарзандларини  тарбиялаш ва таълим беришда  катта обру-ва шуҳратга эга бўлган. Саноий  Ғазна шаҳрининг ушбу муҳитида ҳамда  фазл ва адаб маркази бўлган оилада  улғайиб, илм ва билим ўрганган. Саноий ўткир тил ва нозик табъга эга бўлгани боис ёшлигидан бошлаб кўплаб фозиллар ва адибларнинг  диққатини ўзига жалб этган.

Шоир Саноий умрининг бир қисмини сафар қилишлар билан ўтказган. У Балх, Сарахс, Нишопур ва Хуросоннинг бошқа кўплаб шаҳарларига сафар қилиб, ушбу сафарлари давомида Муҳаммад бин Мансур Сарахсий каби ўша замоннинг машҳур ориф ва уламолари билан танишади ва уларнинг билимларидан баҳраманд бўлади.

Шоир  Саноийнинг айрим шеърлари маддоҳлик ғазалларидан иборатдир. У бу шеърларини турли ҳукмдорлар дарборларида бўлган вақтида ёзган. Дарбор шоирлари каби у ҳам шоҳлар ва амирларни мадҳ айлаб, шодлик ва хуррамликда  умр ўтказарди. Аммо у бу ишлари хато  эканини англаб етади ва ҳаёт тарзини ўзгартириш учун Саноий Балхдан Маккага Ҳаж сафарига боради. Айрим адабий тадқиқотчиларнинг ақидларига кўра, Макка сафари ва Ҳаж зиёрати  унинг тафаккури ва ақидаларининг ўзгаришига сабаб бўлади.

Таъкидлаб ўтганимиздек, шоир  Саноийнинг    айрим шеърлари маддоҳликдан иборатдир.  У бу шеърларни айрим амир ва шоҳлар даргоҳида бўлган вақтида ёзган. Кейинчалик Саноий ибодат ва риёзатга берилиб, ҳаёт тарзини тубдан ўзгартиради.

Ҳозирги замоннинг етук тадқиқотчи ва ёзувчиларидан бири Забиҳуллоҳ Сафонинг ёзишича,  Саноий тамаъ зулматидан нажот топади ва Ҳақнинг жамоли уни шайдо этади.

Саноий Маккадан Балхга  қайтганидан кейин  унинг асарларида катта ўзгариш ва тафаккурида ҳам инқилоб юзага келади.  Бошқа у маддоҳлик ва саройда яшашдан безор бўлиб, поклик ва тақводорликка интилади.  Саноийни мумтоз шоирга айлантирган унинг диний ва зоҳидона шеърлари ушбу даврда Балхда ижод этилади. Маҳз мазкур ашъори билан у бошқа классик шоирлардан ажралиб туради.

Ҳаким Саноий кўплаб сафарлар ҳамда руҳий ва маънавий инқилобдан кейин  Ғазна шаҳрига қайтади. У ушбу маконда танҳоликни ихтиёр этиб, ирфоний ва ахлоқий шеърларини бир жойга тўплашга киришади. Шоир Саноийдан 14 минг байтни ташкил этувчи  қасидалар, ғазаллар ва рубоийлардан иборат девондан ташқари бизга бошқа назмий асарлар ҳам мерос қолган.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Саноий Ғазнавийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Юзларингни ниҳон айладинг нечун?
Ўзни оташи жон айладинг нечун?

Мушкин зулфинг ила, наргис нигоҳ-ла
Ошиқни андармон айладинг нечун?

Қонимни кўзимдин оқизгувчи сен,
Они ўздин ниҳон айладинг нечун?

Ҳар замон номингдан ёришгай ёдим,
Мени ранжи жаҳон айладинг нечун?

Оби равонингни нақш айлама, соч,
Нақшинг оби равон айладинг нечун?

Кипригинг ўқ эди, қошларинг—камон,
Они тийру камон айладинг нечун?

Дилни ўғирладинг жонни авайлаб,
Букун сен қасди жон айладинг нечун?

Бул камар—қуввати белимдир маним,
Белни юкка нишон айладинг нечун?

Жонни қурбон қилгум сенинг васлингга,
Мени радди имкон айладинг нечун?

Сенинг юзларингда ҳусн—ҳувайдо,
Хатдин ани ниҳон айладинг нечун?

Менинг юзларимда кўзим ёшини
Ҳамчун лола нишон айладинг нечун?

Дилимда дарди дил нурга айланди,
Юзимни мисли қон айладинг нечун?

Чун Саноий, кўйинг аро бу итни
Наърали посбон айладинг нечун?

Туркиялик тадқиқотчи профессор  Аҳмад Оташ шоир Саноий асарлари ҳақида шундай фикрларни баён қилган эди: “Саноий ўзининг девони учун шеърларини тўплаб, кейинчалик Аҳмад бин Масъуд Теша талаби билан эҳтимол девонида янги тартиб жорий қилган. У ҳатто бошқа асарлар тўпламини ҳам яратганки, “Ҳадиқа” асарини ҳам ўз ичига олади. Бироқ ушбу асарарлар  тўплами ва “Ҳадиқа” асари охирига етмай Саноий оламдан ўтган. Шоирнинг дўстлари ва шогирдлари эса тамом бўлмаган муқаддимани охирга етказиш ҳамда девон, “Ҳадиқа” ва асарлар тўпламининг  янги  нусхаларини яратиш каби ишларни амалга оширишган.

Ҳаким Саноийнинг йирик  асарларидаги айрим ихтилофларнинг сабаби ҳам шу  бўлиши мумкин. Шоирнинг асарлар тўпламининг энг қадимий нусхаси  ҳам мавжуд. Зеро унинг ташқи кўриниши бунга далолат беради. 

Бошқа шоирларда девонларини тайёрлашда  исботловчи бу каби қадимийлик  ҳолатлари кам учрайди ва  ёки умуман учрамаслиги ҳам мумкин.

Шоир Саноийнинг “Ҳадиқул ҳақиқат”, “Тариқул таҳқиқ”, “Ишқнома”, “Ақлнома”, “Ғарибнома”, “Афвнома” асарлари тасаввуф адабиётининг етук ва ёрқин намуналари

ҳисобланади. Ҳаким Саноий рубоийларида абадий ишқ ва ҳақиқат тараннум этилади, абадий ишқ ва

ҳақиқатга интилган инсон қалбининг орзулари янграйди.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

Ёрлиқ

июл 18, 2018 11:47 Asia/Tashkent
Шарҳ