“Ўзбекистон  ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди.
  2. Ўзбекистон делегацияси «Европа Иттифоқи—Марказий Осиё» шаклидаги мулоқотнинг навбатдаги учрашувида иштирок этди
  3. Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев лавозимидан озод этилди
  4. Ўзбекистон аҳолиси сони қарийб 33 миллион кишига етди
  5. Чет элда ишлаб туриб Ўзбекистонда иш стажига эга бўлиш мумкин
  6. Ўзбекистонда хусусий олийгоҳлар пайдо бўлади
  7. Ўзбекистонда бир неча мансабдор шахслар қамоққа олинди
  8. Лола Каримова-Тиллаева Абу-Сахий бозорини сотди
  9. Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
  10. Диний қўмита: Болалар масжидга боргани учун Нобел ололмаяпмиз

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Афғонистонга амалий ташриф билан сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси «Арг» саройида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди

«Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, биринчи навбатда Афғонистон президентининг 2017 йил декабрдаги Ўзбекистонга расмий ташрифи ва юқори даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда йирик инвестицион, транспорт-коммуникациявий, савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

 Учрашувда Афғонистоннинг Термизда консуллик очиш тўғрисидаги мурожаатига Ўзбекистон томонининг розилиги тасдиқланди. Шундай қилиб, Термиз шаҳрида Афғонистон консулхонасини очишга келишиб олинди. Томонлар Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.

 Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистонда тинчлик жараёни ўрнатишдаги саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирган. Учрашувда ўзбек-афғон ҳамкорлиги кун тартибида турган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.

 Хххххххххххххххх

2018 йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Аҳатов бошчилигидаги делегация Ашхобод шаҳрида «Европа Иттифоқи—Марказий Осиё» шаклидаги сиёсат ва хавфсизлик бўйича юқори даражали Мулоқотнинг навбатдаги учрашувида иштирок этди.

2017 йил июнь ойида Бишкек шаҳридаги мулоқотнинг сўнгги мажлиси ҳамда 2018 йил март ойида Тошкент шаҳридаги вазирларнинг норасмий учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, «Европа Иттифоқи—Марказий Осиё» шаклида турли даражаги бўлажак учрашувлар жадвали ва кун тартиби муҳокама қилинди.

Учрашувда терроризм билан кураш ва зўравонлик экстремизмини олдини олишда ҳамкорликни фаоллаштириш чоралари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, делегациялар томонидан чегарани бошқариш, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчилик билан кураш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда минтақавий экологик муаммолар кўриб чиқилди.

Ххххххххххххххххххххххх

Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев лавозимидан озод этилди

Самарқанд вилоятига янги ҳоким тайинланди

Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланди, деб хабар қилди "Халқ сўзи".

Шу кунгача вилоят ҳокими сифатида ишлаб келаётган Туробжон Жўраевга нисбатан аллақачон жиноий иш очилган.

Эслатиб ӯтамиз: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йирик коррупцион схемага чек қўйгани ҳақидаги лавҳа эълон қилинди.

Мазкур лавҳа «Ахборот-24» дастурида ҳам намойиш этилди. Қўзғатилган жиноят ишларидан бирининг фигуранти Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган Туробжон Жўраевдир.

Ххххххххххххххххххх

Ўзбекистон аҳолиси 2018 йилда 32,9 миллион кишини ташкил этди, деб маълум қилди республика Давлат статистика қўмитаси.

Мамлакатда январ-июн ойларида 324,3 минг бола дунёга келган.

Энг кўп - 3753,3 минг киши Самарқанд вилоятида, энг кам - 821,9 минг киши Сирдарё вилоятида яшайди.

Туғилиш кўрсаткичи бўйича Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё етакчилик қилмоқда.

Ўтган давр давомида аҳоли сони 243,4 минг кишига кўпайган бўлиб, 50%дан ортиғи шаҳарларда истиқомат қилади.

Ххххххххххххххххххххх

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида чет элда ишлаган ҳолда, Ўзбекистонда стажга эга бўлиш   ҳақида маълумот берди.

«Эндиликда агентлик томонидан Корея, Россия, Туркия, Польша, Қозоғистон, Латвия, БАА, Уммон султонлиги, Япония, Чехия каби қатор давлатларига меҳнат қилиш мақсадида жўнаб кетаётган фуқароларимиз бир йил давомида ЭКИҲнинг 4,5 баравари миқдорида пенсия жамғармасига маблағ ўтказса, уларга бир йиллик стаж ёзилади.

Бу бизда янги тизим ҳисобланади. Авваллари  ЭКИҲ миқдоридаги суммани ойма-ой бир йил ичида  тўлашган. Лекин ҳамма ҳам бундан хабардор бўлмаган ва кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлган», дейди Равшан Ибрагимов.

Шу билан бир қаторда тадбирда Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги фаолияти, соҳада амалга оширилаётган муҳим янгиликлар тақдим этилди. Жумладан, Агентлик хорижда ишга жойлашиш учун мурожаат қилган фуқароларга тегишли маслаҳатлар беради.

Малака ошириш учун пуллик ва текин 3 ва 6 ойлик  курслар мавжуд. Сўнг ўқишни тугатган тингловчиларга сертификат топширилади. Ушбу ҳужжат юқори маошли ишда меҳнат қилиш имкониятини яратиб беради.

 Ххххххххххххххххххххххх

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ўзбекистонликларнинг нима сабабдан Нобел мукофоти олмаётгани айтди. Қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасанга кўра, 18 ёшга кирмаган болалар мода бўлгани учун масжидга бораяпти ва бу уларнинг Нобел мукофоти олишига тўсиқ бўляпти.

Нуриймон Абулҳасаннинг Халқаро пресс клубда айтган гаплари ижтимоий тармоқларда турли истеҳзо ва кулгуларга сабаб бўлган.

Ўзбекситон ижтимоий тармоқларида Нуриймон Абулҳасаннинг чиқишларига нисбатан муносабатлар тингани йўқ.

Таниқли маърифатчилардан бири Давронбек Тожиалиевнинг айни чиқишга муносабати биргина Facebook тармоғида 150 мартага яқин бўлашилган.

Иқтибос - "Аждодларимизга муносиб авлод бўлишимиз керак. Фалакиётни, тиббиётни ким эгаллади? Мактабни битириб, вояга етгандан сўнг диний ўқув юртларда ўқийверишсин. Имом Бухорий юртида Имом Бухорийларни тарбиялашимиз керак". (Нуриймон Абулҳасан) Ҳали вояга етмасданоқ, фалакиёт устози Мирзо Улуғбек 8 ёшида, тиббиёт устози ибн Сино 10 ёшида, Имом Бухорий 7 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлишган. Дунё тиббиёти оталаридан Абу Али Ибн Сино ҳам болаларга гўдаклигидан Қуръони Каримни таълим бериш зарурлигини ва бу унинг саломатлигида муҳим аҳамиятга эга эканини айтган. Энди Бухорийнинг авлодлари кел қўй, олдин мактабни битирсин, вояга етсин, сўнг масжидга боради, диний илмни олаверади, деб турсак, қачон Бухорийлар чиқади? Диний академия, марказларимизни номларига қўйган Нақшбандий, Марғилонийлар қачон чиқади? Вояга етганимиздами? Қачон вояга етамиз? (Давронбек Тожиалиев)

 

Ёрлиқ

июл 21, 2018 13:37 Asia/Tashkent
Шарҳ