июл 21, 2018 14:42 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  яна эфирда. Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Тожикистон ва Россия қўшма ҳарбий машғулотлари бошланди;
  2. Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашишди;
  3. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари ўртасида махсус ўқув машғулоти ўтказилди;
  4. Қирғизистондаги фестивалда бургут қизчага ҳужум қилди. 

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Тожикистон мудофаа вазирлиги Россия ва Тожикистоннинг қўшма ҳарбий машғулотлари бошлангани ҳақида хабар берди. 

Тасним ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Тожикистон мудофаа вазирлигининг чоршанба кунги хабарига биноан, ушбу ҳарбий машғулотларда 10 минг нафар тожик ҳарбийлари ва 400  нафар рус ҳарбийлари, ҳарбий техника ва ускуналар билан иштирок этди.

Афғонистоннинг Бадахшон вилояти билан яқин бўлган Тожикистоннинг чегарасида ўтказалаётган машғулотлар жума кунигача давом этади. 

Шунингдек, Тожикистон мудофаа вазирлигининг баёнотида қайд этилишича, ушбу ҳарбий машғулотларда Тожикистон ва Россия қўшма қуролли кучлари эҳтимолий ҳужумга қарши ва Афғонистондан Тожикистонга террорчиларнинг киришини олдини олиш учун машғулотлар ўтказилади. 

Ушбу қўшма машғулотлар ўтказилишидан олдин, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ИШИД террорчиларининг Афғонистондан ушбу мамлакатларга олиб ўтилишидан хавотирланиш билдиришган эди.   

2018 йил 16 июль куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзоданинг амалий учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, делегациялар таркибига вазирликлар ва идоралар, етакчи иқтисодий тузилмалар раҳбарлари киритилган.

Бош вазирлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини, аввало олий даражада бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Тожикистон учрашувига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, жорий йилнинг март ойидаги Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи ва президент Э.Ш.Раҳмон билан музокаралари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича амалга оширилаётган турли даражалардаги алоқаларнинг юқори самарадорлиги қайд этилди.

Ўзаро савдодаги ўсишнинг ижобий динамикаси мамнуният билан қайд этилди. Савдо айланмаси 2018 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилга нисбатан 35 фоиздан кўпроқга ошди.

Таъкидланганидек, икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради ва географик қўшнилик ва паст транспорт харажатлари туфайли рақобат устунлигига эга.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида томонлар Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида икки давлат ишбилармон доиралари фаолияти учун қулай шароитлар яратишга келишиб олишди.

Ўзбекистон томони Тожикистон Республикаси президенти Э.Ш.Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида "Тожикистонда ишлаб чиқарилган" миллий саноат кўргазмасининг ҳамда биргаликдаги Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форумининг ўтказилишини қўллаб-қувватлади.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларни ўтказиш борасидаги қўшма ҳаракатларни келишиб олишди.

Томонлар барча соҳалардаги икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга содиқлигини ва уларни бунданда самарали ва сермаҳсул бўлишлиги учун барча зарур чораларни кўришга тайёр эканликларини яна бир бор таъкидлашди.

Бош вазирлар бўлажак олий даражадаги Ўзбекистон-Тожикистон учрашуви давлатлараро муносабатларни янги поғонага кўтаришига ҳамда икки давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очишига ишонч билдирдилар.

Фарғонадаги музокаралар якунида учрашув Баённомаси имзоланди.

Тожикистонга доир бошқа хабаримиз шундан иборатки,

Тожикистон бош прокуратураси 450 нафар Тожикистон фуқароларининг Сурия, Ироқ ва Афғонистон юртларида қамоқда эканлиги ҳақида хабар берди. 

Осиё Плюснинг чоршанба кунги хабарига кўра, Тожикистон бош прокуратураси расмийларининг маълум қилишича, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг қамоқхоналаридаги ушбу фуқаролар, террорчилик гуруҳларининг фаолиятларида иштирок этиш айби билан озодликдан маҳрум қилиш бўйича маҳкум этилган. 

Ушбу ҳисоботга асосан, шунингдек 470 нафар Тожикистон фуқароси охирги йилларда террорчи гуруҳлар ва Сурия, Ироқ, Афғонистон давлатлари ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлишган. 

Шунга қарамай, Тожикистон бош прокуратураси мамлакатдан ташқаридаги террорчилик гуруҳларида Тожикистоннинг нечта фуқароси борлиги ҳақида аниқ маълумот тақдим этмади. 

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов бошчилигидаги ҳарбий делегациянинг Қозоғистонга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат махсус операция кучлари бўлинмаларининг “Ерик дала” ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

Уни Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Сакен Жасузаков ҳам кузатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Ўқув машғулотлари жараёнида Қозоғистон ва Ўзбекистон махсус операция кучлари бўлинмалари томонидан тунги вақтда ўқув-жанговар разведка ҳаракатлари амалга оширилди.

Учувчисиз учиш аппарати комплекси ёрдамида ўтказилган ҳаво разведкаси давомида 2500 метр баландликдан шартли ноқонуний қуролланган гуруҳ аниқланиб, бир жуфт Су-30 СМ ёрдамида йўқ қилинди. Шартли душманнинг эҳтимолий ҳаракат маршрути йўналишида 2000 метр баландликдан мақсадли ҳужум уюштирилди. Зарбалар, шунингдек, авиация ёрдамида ҳам ўтказилди. Ўқув машғулотнинг иккинчи босқичи Ўзбекистон Республикаси Марказий ҳарбий округидаги “Фориш” тоғ дала ўқув маркази базасида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Қозоғистон мудофаа вазирига илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди ва ҳамкорликдаги машғулотларни мунтазам ташкиллаштириб туриш икки мамлакат армиясининг ривожида аҳамиятли бўлишини таъкидлади. Ташриф давомида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Қозоғистоннинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилди.

Ўтган дам олиш кунлари Қирғизистоннинг Иссиқ-кўли бўйида “Тескей жээк” этнофестивали бўлиб ўтди ва унда отларда бургутлар қўлланган ҳолда ов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари намойиш қилинган. Фестивал давомида бургутнинг қизчага ҳужум қилиши билан боғлиқ нохуш воқеа юз берди.

8 ёшли Азиза исмли қизча номаълум сабабларга кўра йиртқич қушлар билан кўргазмали чиқишлар ўтказилаётган майдонга чиқиб кетган. У тўсиқдан ошиб ўтиб, сайёҳлар томон югурган. Шунда бургут унга ҳужум қилиб, уни тирнай бошлаган. Фестивал иштирокчилари қизча ёнига югуриб бориб, уни бургутнинг панжалари орасидан чиқариб олишган.

Таъкидланишича, қизча шифохонага олиб борилган, унинг жароҳатларига чок солинган ва сўнгра уйига жўнатиб юборилган.

Иссиқ-кўлдаги этнофестивалда Марказий Осиё кўчманчи халқлари ўйинлари, ҳунармандлар ишлари, қирғиз миллий ови – салбуурун унсурлари ва қадимий турар-жойлар намойиш қилинади.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ

Шарҳ