Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом қиссаси

Ӯтган суҳбатимизда қайд қилинганидек, Ҳазрат Мавлоно ӯзининг машҳур “Маснавий” асарида пайғамбарлар ҳақидаги жуда кӯп қисса ва ривоятлардан  фойдаланган. Бу достонлар маҳоратли шоир учун ӯз фикр-қарашларини баён этишнинг энг яхши воситаси эди.

Шунингдек, таъкидлаган эдикким, бу мавзудаги қиссаларнинг шеърга кириб келиши ирфоний ёхуд бошқача қилиб айтганда тасаввуфий шеърнинг моҳиятини ӯзгартириб юборди. Шоирлар бундай қиссалардан айрим чуқур маъноли ирфоний тушунчаларни таълим бериш усули сифатида ҳам фойдаланишарди.

Ирфоний адабиётнинг вакили бӯлган шоирлар тасаввуфий тушунчаларни кенг халқ оммасига шарҳламоқчи бӯлишар, бу нарса эса шеърнинг вазни, тили ва баён услубини соддаликка, равонликка  мойил этди. Халқона тамсиллар, қисса ва афсоналарни шеърга киритди.

Ҳазрат Мавлоно учун пайғамбарлар қиссаси фақатгина тарихда бир маротаба юз берган  саргузашт бӯлмай, балки ҳар қандай давру замонда яшаган ҳар бир инсоннинг вужудида такрорланадиган ҳодисалар бӯлиб, ӯша одамларнинг шарҳи ҳолидир.

Биз Ҳазрат Мавлононинг  ӯз ижодиётида пайғамбарлар ҳақидаги қисса ва ривоятлардан фойдаланиши мавзусидаги суҳбатларимизда Аллоҳнинг бешта улуғ пайғамбари Нуҳ,Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссаломлар ва пайғамбарлар хотами Ҳазрат Муҳаммад Мустафо (с) ҳақидаги қисса ва ривоятларга тӯхталамиз.

ххххххххххххххххххххххх

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги қиссалар Қуръони каримнинг турли муборак сураларида баён этилган. Бу улуғ пайғамбарнинг мақом-мартабаси ҳақида шуни айтиш кифояким, Аллоҳ таъоло Қуръони каримда Ҳазрат Иброҳимни Халил, яъни ӯзининг дӯсти деб атаган. “Таврот”да ҳам Ҳазрат Иброҳим, у кишининг ҳаёти ва нубуввати ҳақида сӯз юритилиб, унда ҳам ул ҳазрат Халилуллоҳ сифати билан эсланади.

Қуръони каримда келтирилишича, Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом болалигидан йигит ёшигача ӯз қабиласидан узоқда яшаган. У айни куч-ғайратга тӯлган ёшида ӯз қабиласига қайтди ва қабиладошларининг барчаси бутпараст эканлигини кӯрди. Бу ҳолатни ҳазм қилолмаган Иброҳим ӯзининг валинеъмати, амакиси Озар билан суҳбатлашиб, уни яктопарастликка даъват қилди. Амакиси унинг гапларига кӯнмади. Ҳазрат Иброҳим қабиладаги юлдузпарастлар билан ҳам гаплашди. Улар ҳам даъватини қабул қилишмади.

Шаҳар аҳолиси диний маросимлариданбирини нишонлаш учун шаҳар ташқарисига чиқиб кетишган куни Ҳазрат Иброҳим бутхонага кирди ва катта бутдан ташқари барча бутларни синдириб ташлади. Болтасини эса катта бутнинг елкасига қӯйиб, чиқиб кетди.

Шаҳарга қайтиб, бу ҳолни кӯрган одамлар Иброҳимдан “Бу ишни сен қилдингми?”—дея сӯрашди. Иброим катта бутни кӯрсатиб, деди: бу ишни ана шу катта бут қилган. Ишонмасаларинг, ӯзидан сӯранглар.

Одамлар ғазабга келиб, ахир сен бутларнинг гапира олмаслигини биласанку, дея ӯшқирдилар. Уларнинг худди шу гапини кутиб турган Ҳазрат Иброҳим “Барча махлуқотнинг яратувчиси бӯлган тирик Худони тарк этиб, ӯзларинг ясаган  ҳатто гапиришга қодир бӯлмаган жонсиз бутларга сиғинасизми?!”—деди.

Замонанинг ҳокими Намруд Иброҳим алайҳиссаломни ӯтда ёқиш буйруғини берди. Бунинг учун ӯтин тӯплаб, улкан гулхан ёқишдида, ҳазрат Иброҳимни оловга ташлашди. Шунда Аллоҳнинг муъжизаси юз бериб, дӯзахдек ланғиллаб ёнаётган олов ҳазрат Иброҳим учун салқин ва саломат бир маконга, шоирнинг таъбири билан айтганда нор гулзорга айланди.  

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг бу имтиҳонидан ӯтгач, одамларни яктопарастликка даъват қилиш ишини давом эттирди. Аммо қавмининг жуда озчилик қисми унга иймон келтиришди.

У қавмининг иймон келтиришидан умидсизлангач, оила аъзолари ва издошлари билан қабиласидан ажралиб, муқаддас манзилга йӯл олди ва у ерда ибодат билан шуғуллана бошлади.

Ххххххххххххххххххххххххххх

Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш  ва садосини тинглаш имконига эгасиз.

 Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom

хххххххххххххххх

Аллоҳ таъоло кексайиб, кучдан қолган ҳазрат Иброҳимга икки ӯғил фарзанд, Исмоил ва Исҳоқ хушхабарини етказди.

Аллоҳнинг пайғамбари Худонинг амрига итоат қилиб, фарзанди Исмоилни онаси билан сувсиз, гиёҳ унмайдиган қақроқ  бир дарага, яъни бугунги Маккага элтиб қӯйиб, ӯзи орқага қайтди. Исмоил бу ерда ӯсиб-улғайди.

Аллоҳ таъоло ҳазрат Иброҳимга Каъбатуллоҳни қуриш буйруғини берди. Пайғамбар ӯғли Исмоил билан биргаликда Каъбатуллоҳни қуриб, Аллоҳнинг кӯрсатмаси билан илк бора ҳаж маносикларини бажо келтирди.

Аллоҳ таъоло ҳазрат Иброҳимни яна имтиҳон қилди. Унга тушида севимли фарзанди Исмоилни қурбонлик қилишни буюрди. Ота ӯғлига тушини гапириб берди. Исмоил Аллоҳнинг амрига сӯзсиз рози эканлигини билдирди.

Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом фарзандининг қӯл-оёгини боғлаб, ерга ётқизиб, бӯғзига пичоқ тортди... Аммо тиғдай ӯткир пичоқ Исмоилнинг томоғини кесмасди... Шунда Аллоҳдан ваҳий келди: --Эй Иброҳим, биз қурбонлигингни қабул қилдик ва сенга буюк забҳни юбордик.

Аллоҳ таъоло Қуръони каримда Ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломни энг яхши сифатлар билан атаб, унинг номини олтмиш маротаба зикр айлаган.

Ҳазрат Мавлоно ӯз ижодиётида ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломни тилга олганда гоҳ ул ҳазратнинг нубувватларини таъкидлайди, гоҳида эса бу улуғ шахсиятнинг ирфоний хусусиятларига таважжуҳ қаратади. Ҳазрат Иброҳим Мавлоно назарида Ҳақ истаган улуғ орифдир. У Қуръони каримда “қалби салим” ибораси билан таърифланган мусаффо руҳи ила ҳамма жойда ӯз Парвардигорини излайди, унга тақарруб пайдо қилиш, яъни Унга яқинлашиш ва Уни англашга ҳаракат қилади. Ҳазрат Мавлоно назарида Ҳазрат Иброҳим  Аллоҳга бӯлган муҳаббатида  шунчалик содиқким, у заррача иккиланмасдан ӯзининг ҳамма нарсасини Ҳақ йӯлида фидо айлайди. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом Мавлоно шеъриятида гоҳ ҳақиқий ошиқ, гоҳида эса ақл ва жон тажассумидир.

Ҳазрат Мавлоно Ҳазрат Иброҳимга унинг амакиси буттарош Озарни қарама-қарши қӯяди. Буюк шоир наздида Ҳазрат Иброҳим Аллоҳнинг ошиғи бӯлган банда, буттарош Озар эса ҳирс ва нафси амморанинг образидир.  Шоир фалсафасида буттарошлик ва бутпарастлик дунёнинг моддий молу матосига кӯнгил қӯйишдир. Шу сабабли у Ҳақдан ва маънавий камолотдан ғафлатда қолишга сабаб бӯлади.

Ҳазрат Мавлононинг таъкидлашича, ҳирс ва тамаъ кишини моддий ашёлар сари ҳидоят айлаб, уни инсонийликнинг асл ҳақиқатидан узоқлаштиради.

Чун тавонад сохт бо Озар Халил,

Чун тавонад сохт бо раҳзан далил. ( “Маснавий”, 6-дафтар, 2125- байт)

 

июл 23, 2018 13:09 Asia/Tashkent
Шарҳ