Ҳаким Саноийнинг асарлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, таъкидлаб ўтганимиздек, тазкиранависларнинг  ақидаларига кўра, шоир Саноий девони  30 минг байтдан иборат бўлган.

Мударрис Разавий  томонидан муҳим нусхалар ва қатор ёзма манбалар асосида тайёрланган Саноийнинг девони 13780 байтдан иборат.

Ҳиндистон ва Лондрада мавжуд Саноий девонининг нусхаларида қайтадан чоп этилган нусхаларда мавжуд бўлмаган шеърлар ҳам мавжуддир.

“Балх корномаси” асари шоир Саноийнинг кичик маснавийси бўлиб, “Корнома” номи билан ҳам танилган ва 497 байтдан иборатдир.

Адабиётшунослар ва адабий тадқиқотчилар ушбу асар ё маснавий  шоир Саноийнинг таржимаи ҳоли эканлигини таъкидлашади.

Саноийшунос олим Мударрис Разавий “Балх корномаси” асарининг қадимий нусхаси асосида ушбу асарни қайтадан чоп эттирди.

“Корнома” асарининг луғавий маъноси иш китоби деганидир. Корнома деганда муҳим ишларни бажарган  ва уддасидан чиққан  шахс ҳақида сўз  боради.  Ҳаким Саноийнинг “Корнома” китобида ҳам ушбу меъёрлар назарда тутилган ва ушбу асар,  мисол тариқасида ,“Ардашери Попакон” корномасидан ўз  номини  олган.

Корнома аталувчи китобларда ўша асрнинг етук шахсиятлари ва  давлат арбобларининг фаолиятлари истеҳзо билан баён этилган бўлса, бу каби асарлар “Мутойибанома” дея ҳам аталган.

“Балх корномаси”да   шоир Саноийнинг  таржимаи ҳоли ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд ва бу асар адабий танқидчи  ва тадқиқотчилар учун муҳим манба сифатида хизмат қилиши мумкин. Зеро Саноий ушбу 500 байтдан иборат  назмий асарда ўзи, отаси ва айрим замондошлари  ҳаётининг айрим гўшаларини ёритиб берган.

Шоир Саноийнинг “Ҳадиқатул ҳақиқат ва тариқатуш шариат” номли китоби “Илоҳийнома” номи билан ҳам шуҳрат топган. Шоир ушбу маснавийсини Аллоҳ ва унинг пайғамбарининг васфи билан бошлаган ҳамда мазкур китобда мавжуд боблар ақл, илм, ишқ ва ҳикмат мавзуларига бағишланган. Ҳаким Саноий ўзининг эътиқоди ва ақидасини ифода этиш учун ажойиб ва ширин ривоятларлан фойдалаган.

Ҳозиргача ушбу китоб ҳақида кўплаб шарҳлар ёзилган ва ушбу китоб таъсирида Низомий ва Хоқоний каби буюк шоирлар ҳам ўзларининг назмий асарларини ёзишган. “Ҳадиқатул ҳақиқат” , яъни “Ҳақиқат  боғлари” Эрон адабиётида биринчи ёзилган ирфоний маснавий ҳисобланади. Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Мавлавий  шоир Саноийнинг ушбу асарини жуда яхши кўрарди ва ундаги муҳим мавзуларни ўзининг “Маснавийи маънавий”сида жой берган эди.

Ҳаким Саноий томонидан ёзилган   “Ҳадиқатул ҳақиқат”  асарининг энг мўътабар ва ишончли  нусхасини  устоз Мударрис Разавий нашр эттирган.

“Сайрулибод илалмаод”  китоби эса шоир Саноийнинг бошқа муҳим асарларидан ҳисобланади. Бир нав рамзий бўлган  ушбу назмий асарда руҳоният оламига бўлган сафар маҳорат билан ирфоний бир услубда тасвир этилган.

Айрим адабиётшунослар ва тадқиқотчиларнинг ақидаларига кўра, ушбу китоб форс тилида ёзилган  ирфоний ва энг гўзал назмий  асар ҳисобланади.

“Ақлнома”, “Ишқнома”, “Тариқат ут-таҳқиқ” каби нахмий асарларни ҳам Саноийга тегишли эканлигини гумон қилишади. Аммо  кўплаб адабий танқидчилар ва услубшунослар бу каби гумонларга  шубҳа қилишган.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Саноий Ғазнавийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Гар сен ўйларсан, сенингдек ғамгусорим йўқ?  — Бор.
Ёки дерсан, бир ўзингдек хостгорим* йўқ?   — Бор.

Ёки Ишқингдек бир ўзга ёдгорим бор?  — Йўқ.
Ё бу Ишқинг кўйида пой — устуворим йўқ?   — Бор.

Ёки бедодингдин ўзга корзорим* бор?   — Йўқ.
Ё бу бедодликда сен-ла корзорим йўқ?   — Бор.

Ё мунийру равшанингга иштибоҳим бор?   — Йўқ.
Ёки Сендин тийра бўлган рўзгорим йўқ?   — Бор.

Ё висолинг шавқида тунлар қарорим бор?   — Йўқ.
Ё фироқинг андуҳида дилфигорим* йўқ?   — Бор.

Ё бу ҳажринг ичра чун нола шиорим бор?   — Йўқ.
Ё висолинг деб туну кун интизорим йўқ?  — Бор.

Ёки сендин ўзга Сендек ғамгусорим бор?   — Йўқ.
Ёки Сендин ўзга дарди беканорим* йўқ?  — Бор.

Ё Саноийдек бир ўзга сайдзорим* бор?   — Йўқ.
Ёки ул шер бўлса гар, ул дам шикорим6 йўқ?   — Бор.

Таъкидлаб ўтганимиздек, эронлик буюк шоир, ориф ва ҳаким Абулмажид Одам Саноий Ғазнавий ҳижрий –қамарий 464 йилда Ғазна ё Ғазнин шаҳрида таваллуд топган ва ҳижрий-қамарий 525 йилнинг 11-шаъбонида ушбу шаҳарда вафот этган. Ўша замонда Ғазна шаҳри Эроннинг муҳим шаҳарларидан эди ва ҳозирги кунда Афғонистон шарқида бўлган ҳудудда қарор топган.

Ҳаким Саноийнинг болалик ва ёшлик даври Ғазна шаҳрида ўтган. У ушбу шаҳарда илм ва маорифдан таълим олади, Ҳаким Саноий ўша вақтда муҳим  саналган илмлар, жумладан араб адабиёти, фиқҳ, ҳадис, тафсир, тиббиёт, нужумшунослик, ҳикмат ва каломда устодлик даражасига етган. Унинг илмлардаги юксак мақоми Ҳаким Саноийнинг илмий асарларида ҳам яққол кўзга ташланади.

Ғазнин шаҳри ҳаким Саноий яшаган вақтда  Маҳмуд Ғазнавий ва унинг фарзандлари ҳукуматининг шукуҳи туфайли ҳамон шодлик ва хурсандчилик фазосида қарор топган эди.Ориф ва зоҳидлар эса  тақводорлик ва муножот ила шаҳарнинг гўшаларида танҳоликни ихтиёр этишган эдилар. Шоирлар эса олдинги дарбор шоирларининг удумларига эргашган ҳолда  амир ва шоҳларнинг мадҳ этиш билан  шуғулланишарди. Бироқ бу орада  Саноий ўз замонининг огоҳ бир шахсияти сифатида ушбу тез ўтувчи шодликларга берилмайди ҳамда  бу нарсаларни уйқу ва ғафлатда қолиш маъносида қабул қилади.
Шоир Саноийнинг шеърларига назар солсангиз, айниқса унда фикрий иниқлоб юзага келганидан кейин ёзган шеърлари  унинг  пок эътиқодини яққол намоён этади.  Саноий ўзининг ушбу асарлари ва ашъори билан ғафлатда қолган кишиларни уйғотмоқчи бўлади.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

Ёрлиқ

июл 31, 2018 16:21 Asia/Tashkent
Шарҳ