Ҳаким Саноийнинг шеърлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, эронлик буюк шоир, ориф ва ҳаким Абулмажд Одам Саноий Ғазнавий ҳижрий –қамарий 464 йилда Ғазна ё Ғазнин шаҳрида таваллуд топган ва ҳижрий-қамарий 525 йилнинг 11-шаъбонида ушбу шаҳарда вафот этган. Ўша замонда Ғазна шаҳри Эроннинг муҳим шаҳарларидан эди ва ҳозирги кунда Афғонистон шарқида бўлган ҳудудда қарор топган.

Ҳаким Саноийнинг болалик ва ёшлик даври Ғазна шаҳрида ўтган. У ушбу шаҳарда илм ва маорифдан таълим олади, Ҳаким Саноий ўша вақтда муҳим  саналган илмлар, жумладан араб адабиёти, фиқҳ, ҳадис, тафсир, тиббиёт, нужумшунослик, ҳикмат ва каломда устодлик даражасига етган. Унинг илмлардаги юксак мақоми Ҳаким Саноийнинг илмий асарларида ҳам яққол кўзга ташланади.

Ғазнин шаҳри ҳаким Саноий яшаган вақтда  Маҳмуд Ғазнавий ва унинг фарзандлари ҳукуматининг шукуҳи туфайли ҳамон шодлик ва хурсандчилик фазосида қарор топган эди.Ориф ва зоҳидлар эса  тақводорлик ва муножот ила шаҳарнинг гўшаларида танҳоликни ихтиёр этишган эдилар. Шоирлар эса олдинги дарбор шоирларининг удумларига эргашган ҳолда  амир ва шоҳларнинг мадҳ этиш билан  шуғулланишарди. Бироқ бу орада  Саноий ўз замонининг огоҳ бир шахсияти сифатида ушбу тез ўтувчи шодликларга берилмайди ҳамда  бу нарсаларни уйқу ва ғафлатда қолиш маъносида қабул қилади.
Шоир Саноийнинг шеърларига назар солсангиз, айниқса унда фикрий инқилоб юзага келганидан кейин ёзган шеърлари  унинг  пок эътиқодини яққол намоён этади.  Саноий ўзининг ушбу асарлари ва ашъори билан ғафлатда қолган кишиларни уйғотмоқчи бўлади

Шоир Саноийнинг ҳаёт ва халқнинг  ғафлатига қарши   эътирозли  фарёдлари  дард, зорлик, ваҳима, умидсизлик, алам ва ўкинчлардан лимолимдир. У ўзи яшаётган даврнинг вазиятига, халқнинг яшаш тарзига ва айримларнинг очкўзлик билан умр кечиришига қараб,  ҳайратланарди ва адолат  мезони бузилган бу ҳолатларга нафрат кўзи билан боқарди.

Саноий ҳам Носир Хусравга  ўхшаб дунявий нарсаларга берилган  ва фасод гирдобига тушганларни танқид қилиб, уларга ўлимни ёдга соларди.

Шоир Саноийнинг ашъорига назар ташласангиз, унда руҳий ва фикрий  инқилоб юзага келганидан кейин ёзган шеърларини бу ҳолатлардан олдин ёзган шеърларидан осонлик билан фарқ этиш мумкин.

Адабий танқидчиларга кўра, шоир Саноийнинг фикрий ўзгаришлардан кейин ёзган шеърлари қудрат ва  чуқур таъсир ўтказиш  ва маънавий озуқа бериш жиҳатидан олдинги  ёзган шеърларидан  катта фарқ этади. Саноий шоирлик фаолиятини бошлаган вақтида ўзидан олдин ўтган Фаррухий ва Носир Хусравга ўхшаган шоирларга ёндашиб, ижод қиларди. Аммо Саноий шоирлигининг иккинчи даврида  унинг  баён этиш тили ва ақидаларида улкан ўзгаришларни кўриш мумкин.

Саноий шеърларидаги гўзал тасвирлар ва яратувчанлик маҳорати кейинга шоирларга илҳомбахш бўлган. Ундан кейин яшаб ижод қилган Хоқоний, Жомий, Хусрав Деҳлавий каби шоирлар баъзи вақтда шоир Саноийга тақлид қилишган.

Маъноли сўзлар, чиройли тасвирлар, янги таркиблар ва хушоҳанглик Саноий ашъорининг муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. Эронлик машҳур шоир ва орифлар Саноийнинг шеърларини юксак баҳолашган ва унинг ашъорига катта эътибор қаратишган.
Саноийни шоирликда янги услуб  яратган шоир сифатида тан олишган. Милодий 12 асрда яшаган машҳур шоирлардан бири Хоқоний таъбири билан айтганда, Санойининг услуби зоҳидонадир.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Саноий Ғазнавийнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Эй бевафо, эй посбон, фитнанг менга кам қил бу он,
Чекдинг нечун сен-да фиғон, эй бевафо, эй посбон!

Юмма кўзингни бу замон, эй кофари номеҳрибон,
Сендин азийят чекди жон, эй бевафо, эй посбон!

Узма дилимнинг риштасин Ишқингни бу саргаштасин,
Сен—ёри “дерингашта”сен, эй бевафо, эй посбон!

Кўнглимда ҳою ҳувларинг, мамнуъ бўлибдир кўйларинг,
Этмас насиб хуш бўйларинг, эй бевафо, эй посбон!

Ғавғоларингни кам қил-эй, хотирни менда жам қил-эй,
Хуни дилим мубҳам қил-эй, эй бевафо, эй посбон!

Бир мен эмас зоринг сенинг, дил дарди бисёринг сенинг,
Зору гирифторинг сенинг, эй бевафо, эй посбон!

Эшикларингда бандамен, гирёнман-у, пурхандамен,
Алҳол сенинг-чун зиндамен, эй бевафо, эй посбон!

Ажзим маним пастлик билиб, зулмингда бадмастлик қилиб,
Кулма “забардастлик” қилиб, эй бевафо, эй посбон!

Барча алам—қолим маним, нолам бу—аъмолим маним,
Ҳар кун ёмон ҳолим маним, эй бевафо, эй посбон!

Сендин— Саноий хастадир, дарди дили пайвастадир,
Ғам ичра жони бастадир, эй бевафо, эй посбон!

Шоир Саноий ўзининг зоҳидона услубда ёзган шеърларида  зуҳд, тавҳид ва ирфоний  маъноларни шоирона таъбирлар қолабида  баён қилган.

Худо тавҳиди, Қуръон тавсифи,  пайғамбар васфи ва  шоиста ахлоқни таъкидлаш Саноий ёзган зоҳидона шеърларнинг асосий мавзусини ташкил этади.  Шоир Саноий бу каби шеърларида теран нигоҳ ва аниқ мушоҳадалари  билан  янги ва гўзал маъноларни яратганки,  ўзига хос ва беназирдир.

Ҳаким Саноий шундай бир шахсиятки, омманинг гумроҳлиги ва бепарволигидан ғазабланади ва ҳатто уларга нисбатан  нафрати ҳам  ошади. Айш-ишрат билан шуғулланувчилардан, хусусан, дарбор аҳлидан бўлган бу каби кишилардан шикоятлар қилади. Бироқ у бунга ўхшаган гила ва шикоятларни гўзал тилда, орифона ва дилкаш таъбирларда баён этади ҳамда одамларга умр ўтаётганини эслатиб қўяди.

У, жумладан, ўзи яшаган даврнинг сиёсий ва ижтимоий мавзуларига ҳам эътибор қаратади. Ҳаким Саноий жамиятда мавжуд пастлик ва баландликларни баён этиб, уларни баратараф этиш учун қатор насиҳатлар ҳам беради. Доктор Шафиъий Кадканийга кўра, мазкур масалаларда шоир Саноий мумтоз ҳисобланади. Чунки ундан олдин ва ундан кейин ўтган шоирлар ҳам Саноийдек бу масалаларга эътибор  қаратишмаган.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

август 07, 2018 15:00 Asia/Tashkent
Шарҳ