“Ўзбекистон  ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Тожикистон президенти расмий ташриф билан Ӯзбекистонга келди. 
  2. Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида 2 та ГЭС қуради
  3. Ҳиндистон делегацияси Бухорога ташриф буюрди
  4. Ўзбекистон ва Қирғизистон тенг ер майдонлари билан алмашади
  5. Толибон делегацияси Ўзбекистон масъуллари билан музокара ўтказди.
  6. "Лукойл" Ўзбекистонда қазиб олинаётган газ ҳажмини икки баробарга оширди
  7. Ўзбекистонда ягона мактаб формаси қабул қилинди
  8. Ӯзбекистонда ӯқитувчиларнинг ойлиги оширилди
  9. Улуғ шоира Ҳалима Худойбердиева вафот этди

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 17 август куни давлат ташрифи билан Ӯзбекистонга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Кўксаройда давлат раҳбарларининг музокаралари аввал тор, сўнг кенг доирада ўтказилди.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Кенг доирадаги музокараларда асосий эътибор Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Икки мамлакат орасида эркин савдо тартиби жорий қилинган. 2002 йилда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган. Ушбу комиссияларнинг ҳамраислари икки мамлакат Бош вазирлари экани томонларнинг бу алоқаларга катта аҳамият беришидан далолатдир.  

2018 йил икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлди. Йил бошидан буён турли даражаларда элликдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиздан зиёд ўсди. Қиймати 300 миллион доллардан зиёд бўлган савдо шартномалари ва битимлар имзоланди.

Хххххххххххххххххххх

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари Марказий Осиёда сув ресурсларидан cамарали ва адолатли фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

«Биз Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 мегаватт бўлган икки гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш, шунингдек гидроэлектростанциялар қурилиши тўғрисидаги ҳукуматлараро комиссия доирасида Сарез кўлининг ичимлик сувидан фойдаланиш масаласини ўрганиш ҳақида маълум қилишга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

У тожик томонида йирик банклар халқаро стандартларидан ўтган техник-иқтисодий асосларга эга тайёр лойиҳалар мавжудлигини таъкидлади.

«Ўйлайманки, минтақавий ҳамкорлигимизда бу — гидротехник қурилиш лойиҳаси — жуда жиддий масала бўлади. Бир оз вақт ўтади ва биз уларни биргаликда барпо қилиб, муаммоларни бирга бартараф этамиз», — дея ишонч билдирди Президент.

Хххххххххххххххххх

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Толибон» ҳаракати делегацияси вакилларининг Тошкентга ташрифи якунлангани ҳақида маълумот берди.

Хабарларга кўра, Толибон делегацияси  Тошкент шаҳрида сиёсий ваколатхонасини очиш мақсадида Ўзбекистон пойтахтига сафар қилганди.

Ўзбекистон ТИВ-га таяниб Англиянинг Дейли газетасининг ёзишича,  делегацияга Доҳа шаҳрида жойлашган «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Шер Муҳаммад Аббас Станикзай бошчилик қилган.

«Толибон» ҳаракати вакиллари Тошкентда 4 кун бўлди.

Хабарларга кўра,  Толибон гуруҳининг делегацияси 4 кунлик сафар жараёнида  Афғонистон тинчлигининг истиқболлари борасида ўз лойиҳаларини таклиф этган, аммо сафарнинг асли мақсади Тошкент шаҳрида бу гуруҳ ваколатхонасини очиш масаласини Ўзбекистон масъуллари билан муҳокама қилиш бўлган.

Толиблар билан музокараларнинг тафсилотлари ва натижалар ошкор этилмади, аммо бу учрашувларнинг ўзини тарихий деб аташ мумкин.

Толибон гуруҳи 2011 чи йилда Қатарнинг Доха шаҳрида   сиёсий ваколатхонасини очганди. Йиллардан бери ушбу ваколатхонада  Толибон гуруҳи  АҚШ намояндалари ва  Афғонистон давлати билан  музокаралар ўктазиб келмоқда.

Эслатиб ӯтамиз Ӯзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими

"Бу масала муҳокама этилмаган. Ҳеч қандай офис очилаётгани йўқ", - дея аниқлик киритган  РИА Новости мухбири томонидан офис очилиши ҳақидаги маълумотга изоҳ берар экан.

Ххххххххххххххх

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасининг шакллари ҳамда давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланди.

Ххххххххххххххх

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ушбу қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

Натижада, устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.

Ххххххххххххххххххххх

Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева вафот этди.

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоираси (1992). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер туман газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиққор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.

У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

1-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

Шоира “Билмаслар” номли шеърида армон билан куйлаган эди:

Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,

Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.

Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда

Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.

Эл дардини куйлаган улуғ шоирани Аллоҳ ӯз раҳмати қулзумига ғарқ айласин

 

август 20, 2018 14:28 Asia/Tashkent
Шарҳ