сентябр 20, 2018 12:25 Asia/Tashkent

Эроннинг диққатга сазовор жойлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Шамсий 1359 йилнинг  31 шаҳриварида,  милодий  ҳисоб билан 1980 йилнинг 22 сентябрида Эронга қарши Саддом режими  орқали  уруш  бошлангани боис Ободон шаҳри Ироқ ҳарбий кучлари томонидан амалга оширилган  кенг қамровли ҳужумлар остида қолади. Ушбу ҳужумлар натижасида Ободондаги нефтни қайта ишлаш заводи, нефт иншоотлари, портлар, тайёрагоҳлар, бошқа саноат марказлари, сув етказиш системалари, турар жойлар катта зарар кўришади. Оқибатда  Ободон аҳолисининг сони кескин камайиб, иқтисодий фаолиятлар  турғунликка учрайди.  Урушнинг аввалги йилларида   Ободон шаҳри босқинчи Баъс режими томонидан бир йилгача қамал қилинади. Бироқ шаҳар аҳолисининг матонат ва жасурлик  билан қарама-қаршилик кўрсатишлари сабабли душман ушбу шаҳарни ишғол этолмайди.

Милодий 1981 йил сентябр ойининг охирларида Имом Хумайний (р) нинг “Ободон қамали бартараф этилсин” бобидаги фармонлари асосида Саддом кучларига қарши йирик амалиёт бошланади  ва Ободон қамали бартараф этилади.  Албатта, ушбу қамалнинг бартараф этилганидан кейин ҳам Ободон шаҳрини душман томонидан нишонга олишлар бир муддат давом этди.  Уруш жараёнларида ушбу шаҳарнинг обод қолган жойи қолмаган эди. Саддом армияси орқали кимёвий қуроллардан фойдаланилгани ҳам  Ободон шаҳри фазосини заҳарлантирган эди ва кўплаб аҳолининг бошқа жойларга кўчиб боришларига сабаб бўлган эди.

Уруш тугаганидан кейин Эрон Ислом Жумҳурияти ҳукумати ўзининг молиявий ва инсоний  қудратидан фойдаланиб, Ободон шаҳрини ободонлаштириш ишларинри бошлайди ва харобага айланган ушбу шаҳарни қайтадан қуради.

Айтиш лозимки, Ободон Эроннинг энг қадимий  шаҳарларидан бири саналади ҳамда табиий ва тарихий гўзалликлардан бой бўлиб, кўплаб туристлар диққатини ўзига жалб этган.  Мазкур шаҳарда  қатор тижорат ва маънавият марказлари ҳам мавжуддир.

Арвандруд дарёсининг гўзал  соҳили ва ундаги оролларнинг табиий жозибалари сайёҳлар диққатини ўзига жалб қилган. Айниқса, қиш охирлари ва баҳор фаслининг бошларида Эроннинг турли минтақаларидан меҳмонлар Ободон шаҳрига ташриф буюришади. Табиий жозибалардан ташқари Ободон шаҳридаги музей, бозорлар, кўплаб масжидлар бинолари ва арманлар церковини томоша қилиш мумкин.

Ободон музейи шамсий 1328 йилда Эроннинг анъанавий меъморчилиги асосида қурилган. Ундаги гунбаз Шушда жойлашган Дониёл Набий гунбазига ўхшатиб бунёд этилган.

Музейда қадимги даврларга тааллуқли ва ундан кейинги даврларда ясалган экспонатлар  мавжуд.

Ободон Форс кўрфазига яқин  бўлган мамлакатлар билан қўшни бўлгани  боис кўплаб кемалар орқали турли товарларни экспорт  ва импорт қилиш  ишлари кенг йўлга қўйилган. Шу сабабдан Эроннинг  бошқа вилоят ва туманларида яшовчи кишилар харид қилиш учун Ободон шаҳрига келишади.

Сорт Горопет церкови Ободон шаҳрида шамсий 1319 йилда қурилган ва минтақанинг тарихий ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Ироқ билан бўлган урушда ушбу церковга зарарлар етказилди. Бироқ Уруш минтақаларида қайтақуриш ишларини олиб борувчи штаб ёрдамида бу церков қайтадан таъмирланади.

Аммо Ободон шаҳрида маънавий жозибаларидан бири Наврўз айёмида минглаб эронликлар “Нур йўловчилари” карвони остида уруш бўлган минтақаларни бориб томоша қилишади ва уруш шаҳидларига ҳурмат кўрсатишади.

 Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  ярим    соатлик  тонги     дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

  Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Саёҳат қилишни хуш кўрувчи муҳтарам мухлислар, бу охирги эшиттиришимиз бўлгани боис айтиш жоизким, Эронда диққатга сазовор жойлар жуда кўп ва хилма-хилдир. Агар кимдир Эроннинг диққатга сазовор жойлари билан танишишни хоҳласа, унга камида уч ой керак бўлади.

Дарҳақиқат, саёҳат дастури,ҳар доимгидек, вақт, имконият ва сайёҳнинг истаклари билан боғлиқ, албатта.Эрон қизиқарли саёҳат учун қулай турли имкониятларга эга учта мамлакатдан биридир.

Беҳисоб музейлар,гўзал боғлар, бозорлару турли тижорат марказлари, зиёратгоҳлар, чиройли кўчалар, тарихий обидаларга эга Теҳрондан ташқари сайёҳларга аввало Исфаҳон, Шероз, Машҳад шаҳарларини, сўнг Кирмоншоҳ, Табриз, Язд, Кирмон, Шуш шаҳарларини, шунингдек, Гилон ва Мозандарон, Оби Гармнинг ям-яшил ва чиройли қирғоқларини, гуллаётган Ардабилни, Ҳамадон ғорларини, Киш оролининг гўзал қирғоқларини томоша қилиш тавсия этилади.

Мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун турли транспорт имкониятлари, яъни самолёт, поезд, автобус, такси каби транспорт турлари мавжуд.Шуниси эътиборлики, ички транспорт йўналишлари баҳоси бошқа мамлакатларникидан анча арзон нархда.Бироқ, транспорт турини танлаш сайёҳнинг имкониятларига боғлиқ бўлиб қолишидан ташқари , йўналишга, яъни у танишмоқчи ва кўрмоқчи бўлган жойга ҳам боғлиқдир.Ҳар бир сайёҳ ўз вақтини яхши ўтказиш учун ички туристик сайёҳлик бўлимларига ёки ҳеч бўлмаса шундай фирмалардан маслаҳат олмоғи лозим.

Шу ўринда айтиш лозимки, “Lonely Planet “ номли сафар қӯлланмаси китобида Эронга сафар қилиш ҳақида шундай ёзилган: Эрон жуда тинч ва осойишта бир мамлакат бӯлиб, ҳатто унинг тинчлигини сайёҳлар Европа давлатларидаги тинчликка қиёслашган.

Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ