март 05, 2021 17:03 Asia/Tashkent
  • Руҳоний: АҚШ  барча санкцияларни бекор қилиш ва амалий чоралар кўриш орқали Ядровий келишувга қайтиши керак

Эрон Ислом Жумҳурияти  Президентининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар барча санксияларни бекор қилиш ва амалий чоралар кўриш орқали Ядровий келишувга қайтиши керак, чунки бу Америка томонидан оёқости қилинган давлат  мажбуриятидир.

Ҳасан Руҳоний пайшанба куни 10 та аъзо давлат раҳбарлари иштирокида "Коронавирусдан  кейинги даврда минтақавий иқтисодий ҳамкорлик" шиори билан мажозий тарзда  бўлиб ўтган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЭКО) 14-саммитида  деди: Халқаро ҳамжамият  сўнгги тўрт йил давомида Америка давлатининг  Эрон Ислом Жумҳуриятига қарши ғайриқонуний амаллари ва кенг қамровли иқтисодий урушининг гувоҳидир.

Унинг сўзларига кўра, Америка  Қўшма Штатларининг буюк Эрон халқини тиз чўктиришга қаратилган бир томонлама ноқонуний ҳаракатлари муваффақиятсизликка учради ва оғир иқтисодий босимларга қарамай, бу буюк миллат ўз иродаси ва қудратига таяниб, муҳим муваффақиятларга эришди. Ковид 19 га  қарши кураш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этишда эришилган ютуқлар шулар жумласидандир.

Руҳонийнинг қўшимча қилишича, бунинг аниқ мисоли эронлик олимларнинг билимлари ва тажрибаларидан фойдаланган ҳолда коронавирусга қарши  вакцина  яратишдир ва бу борада биз бошқа давлатлар, хусусан, ЭКОга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Ерон Ислом Жумҳурияти Президенти шунингдек, инсон ва табиий ресурсларнинг бой имкониятлари ва қимматли салоҳиятлари, энергия захиралари, бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиёт, манфаатдор хусусий сектор, шунингдек, ЭКОнинг минтақавий ва халқаро транспорт афзалликларининг муҳимлигини таъкидлади. 

Ёрлиқ