феврал 10, 2020 16:34 Asia/Tashkent
  • Қозоғистон: Оммавий тартибсизликлар - нималар маълум?

Қозоғистон жанубидаги Жамбил вилоятида юз берган тартибсизликлар оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, 40 киши яраланган.

Маҳаллий расмийларнинг айтишларича, маиший асосда келиб чиққан муштлашув кейинроқ "миллатлараро тўқнашув тусини олган".

Жанжал жума куни кеч соатларда асосан, дунганлар яшайдиган Масанчи қишлоғи четида бошланган.

"Оммавий тартибсизликлар чоғида 40 киши турли даражадаги, жумладан, ўқотар қуролдан жароҳатлар олган. Олинган жароҳатлар натижасида, афсуски, 8 киши вафот этди. Хизмат вазифасини адо этиш чоғида полиция ходимлари турли даражадаги жароҳатларни олди, жумладан, икки ходим, ўқотар қуролдан яраланди", деб айтган шанба куни Қозоғистон Ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев.

Унинг маълум қилишича, полиция 47 кишини ҳибсга олган, улардан иккита ов милтиқлари мусодара қилинган.

Жума кунги ҳодисалар натижасида 30 та хусусий турар жой биноси, 15та савдо иншооти ҳамда 23та автомобилга шикаст етган.

Бош вазир Асқар Мамин Жамбил вилояти Қўрдой туманидаги ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузишга буйруқ берган.

Оддий муштлашувми ё миллатлараро низо?

Қозоғистон расмийлари ҳодисада, уларнинг таъбирича, оддий маиший жанжални миллатлараро тўқнашув сифатида кўрсатишга уринган "иғвогарлар"ни айблашмоқда.

Муштлашув сабаблари аниқ эмас.

Тургумбаевнинг сўзларига кўра, аввалига муштлашувда 70га яқин одам қатнашган.

"Бир вақтнинг ўзида иғвогарлар ва ҳодиса гувоҳлари рўй бераётган воқеаларни видеога олиб, мессенжер ва ижтмоий тармоқлар орқали фуқароларни ноқонуний ҳаракатларга чақиришган. Бу зиддиятнинг ёйилишига сабаб бўлган... Қўшни аҳоли пунктларидан 300га яқин одам етиб келган", - деб айтган ИИВ раҳбари.

"Безорилар метал предметлар, тош ва ўқотар қуроллар ишлатишган. Кейинроқ ҳодисалар Аухатти ва Булан-Ботир қишлоқларига ҳам ёйилган. Аҳоли пунктлари ва уларга олиб борадиган автомобил йўлларига блок-постлар ўрнатилган", - деб айтган вазир.

Масанчи қишлоғида нималар юз берди?

Масанчи қишлоғи аҳлининг Азаттык радиоси ("Озодлик" радиосининг Қозоқ хизмати), мухбирига айтишларича, погромлар камида бешта қишлоқда юз берган.

Уларнинг сўзларига кўра, жума оқшоми бир неча юз эркак аҳоли пунктларига келиб, уйлар ва дўконларга ўт қўйган, автомобил ва одамларга ҳужум қилган.

Қозоғистон дунганлари ассоциацияси раҳбари Хусей Дауров КазТАГ агентлигига мана буларни айтиб берган:

"Соат 5.25да Олма-Отадан ОМОН (полиция махсус бўлинмаси-таҳр.) ва ҳарбийлар етиб келиб, вазиятни тўлиқ назоратга олишди. Аммо улар бир кунгача кеч қолишди. Агар бир кун аввал ҳаммасини қилишганида, эҳтимол, фожиа юз бермаган, одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинган бўларди. Аммо ҳозир, Худога шукур, ҳамма жойда ОМОН турибди ва вазиятни назорат қиляпти".

Image Caption

 

Маълум бўлишича, жума куни кундузи полиция Масанчига қўшни Сортобада автомобил воситасини тўхтатган. Ҳайдовчи қочишга уринган, полиция ходимлари етиб борганда қонун бузувчининг қариндошлари уларни тошбўрон қилган. Бу ҳодисанинг тартибсизликларга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Ижтимоий тармоқларда зиддият гўёки дунганлар бир нечта қозоқ эркакларини дўппослаши ортидан бошланиб кетгани ҳақидаги фараз ҳам тарқалмоқда.

Ҳодисадан сўнг кўплаб одамлар қўшни Қирғизистонга ўтиб кетишган, чегарачилар кучайтирилган тартибга ўтказилган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги РИА Новости агентлигига билдиришича, 20га яқин одам шифохонага мурожаат қилган, улардан 10 нафари ётқизилган.

Image Caption

Дунганлар ким?

Дунганлар Қирғизистон, Қозоғистоннинг жануби-шарқи ва Ўзбекистон шарқида яшайдиган аҳоли вакилларидир.

Ислом динига мансуб дунганлар 19-асрнинг иккинчи ярмида Хитойдаги тақиблардан қочиб, Марказий Осиёга келиб қолган хитойликларнинг авлодлари ҳисобланади.

Масанчи дунган аҳолиси яшайдиган марказлардан.

2009 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, қишлоқнинг 90 фоиз аҳолисини дунганлар, 5 фоизни қозоқ ва яна 5 фоизини руслар ташқил этади.

Ёрлиқ

Шарҳ