феврал 19, 2020 13:18 Asia/Tashkent
  • Ухандан Ўзбекистонга олиб келинган 84 киши карантиндан чиқди (фотожамланма)

Хитойдаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 4—6 февраль кунлари ташкил этилган учта чартер рейсларидан биттаси бевосита коронавирус инфекцияси ўчоғи бўлган Ухань шаҳридан ташкил этилган эди.

Парвоз давомида йўловчилар орасида тана ҳарорати кўтарилган ва соғлиғида ўзгаришлар бўлган фуқаролар аниқланмаган эди.

Ухань шаҳридан Тошкент халқаро аэропортига қўнган мазкур рейсда 84 нафар фуқаро, жумладан, беш нафар Қозоғистон фуқароси келган эди. Шундан 61 нафари эркак, 20 нафари хотин-қизлар ва 3 нафари вояга етмаган болалар эди. Йўловчилар махсус автобусларда коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 6-сон клиник шифохонасига олиб бориб, жойлаштирилган эди.

«Бугун, 19 февраль куни ушбу даволаш муассасасида жойлаштирилган 84 нафар фуқаро карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилди», — дея хабар бермоқда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Очиғи, Хитойнинг Ухань шаҳри коронавирус инфекциясининг ўчоғи бўлгани боис жудаям хавотирга тушган эдик. Шундай қалтис вазиятда давлатимиз томонидан ўз фуқароларига кўмак бергани бизни жудаям ғурурлантирди», — дейди тошкентлик Дониёр Убайдуллаев.

«Биз жойлашган шифохонада тиббий текширув, яшаш ва бўш вақтимизни мазмунли ўтказиш учун барча шароит яратилган экан. Айниқса, тиббиёт ходимларининг 14 кун давомида фидойилик билан, кеча-ю кундуз фаолият юритишгани бизни ҳайратга солди. Ватанпарварлик ва ўз касбига содиқлик борасида жонкуяр шифокорлар ҳақиқий намуна бўла олишди. Беминнат кўмаги учун уларга катта раҳмат», — дея қўшимча қилди у.

Вазирликнинг қайд этишича, шифохонада 110 та ўрин тайёрланган бўлиб, тиббий кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан, коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда, Ухандан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди.

Карантин даврининг боши ва охирида 84 нафар фуқаро икки марта коронавирус инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. «Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

«Уханда оилавий яшардик. Турмуш ўртоғим университетда дарс беради. Коронавирус инфекциясини эшитганимизда аввалига шокка тушиб қолдик. Икки фарзандимиз билан уйдан чиқмасликка ҳаракат қилдик», – дейди фарғоналик Мадина Худойқулова.

«Кейин эвакуация қилишларини айтишганда роса қувонганмиз. Чунки ҳамма давлатлар ҳам Хитойдан ўз фуқароларини олиб чиқиб кета олишмади. Ухань шаҳридаги эвакуация жараёнида биринчи бўлиб юртимиз шифокорлари бизни қарши олиб, тиббий кўрикдан ўтказишгач анча хотиржам бўлдик. Карантин даврида ҳам шифокорларимиз бизга жуда яхши қарашди. Эндиликда кўтаринки кайфият билан ота-онамиз, яқинларимиз бағрига шошяпмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз 4-6 февраль кунларида Хитойдан Ўзбекистоннинг 584 нафар фуқароси учта чартер рейс орқали мамлакатга олиб келинган эди.

18 февраль куни Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсида жойлаштирилган 294 нафар фуқарони карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилганди

Ёрлиқ

Шарҳ