март 16, 2020 17:17 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

 “Ўзбекистон  ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 9-15 март кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Президент Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунни имзолади.
  2. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 40 миллион евро ажратди.
  3. Бош вазир: Нархларни сунъий оширганлар жиноий жавобгарликка тортилади.
  4. Ўзбекистонга олтита мамлакат фуқароларининг кириши чекланди.
  5. Коронавирус Ўзбекистонга кириб келди!
  6. Коронавирусга чалинган ўзбекистонлик аёл туфайли 150 киши изоляцияга олинди.
  7. Қашқадарёлик аёл ўзини дарёга ташлади.
  8. Мусулмонлар идораси фатво масаласида янги сайтни ишга туширди.
  9. Фоҳишалик қилган аёллар қўлга олинди.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Президент Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунни имзолади

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-610-сон, 13.03.2020 й.) Президент томонидан имзоланди.  Қонунга мувофиқ, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Қонун билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгиланди.

Жумладан, Комиссия Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид илтимосномаларни кўриб чиқади, Президентга ушбу масалалар юзасидан таклифлар киритади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик шакллантирилади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради. Қонуннинг айрим моддалари ва бандлари 2020 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади.

Х  Х  Х

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 40 миллион евро миқдорида молиялаштириш шартномасини имзолаган.

Дарё сайтига кўра, «Таклиф этилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон ҳукуматига аграр озиқ-овқат секторини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган янги давлат стратегиясини амалга оширишга кўмаклашиш, фермер ва агрофирмаларга ёрдам кўрсатадиган давлат хизматларини кучайтиришни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади», — дейилади Европа Иттифоқи сайти хабарда.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуардс Стипрайснинг таъкидлашича, ушбу бюджет кўмаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва ҳукуматга соҳани ислоҳ қилишни тезлаштириш ва модернизация қилишга ёрдам беради.

«Қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун муҳим тармоқ ҳисобланади. Ушбу маблағлар давлатга замонавий давлат хизматларини яратишда ҳамда Марказий Осиёдаги қимматбаҳо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етакчи ишлаб чиқарувчиси ва экспортчисига айланишида ёрдам беради», — дейди Стипрайс.

Х  Х  Х

14 март куни 00:00дан бошлаб Ўзбекистон Франция, Испания ва  Британия билан авиалоқаларни тўхтатди. Ушбу қарор 12 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси йиғилишида қабул қилинди, дея хабар берди «Газета.uz»  ҳукуматдаги ахборот манбасига таяниб.

Худди шу кундан бошлаб чегара ўтказиш пунктлари орқали Хитой, Корея Республикаси, Италия, Эрон, Франция ва Испания фуқаролари ҳамда ушбу мамлакатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларга ташриф буюрган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириши вақтинча чекланди.

Жорий этилаётган чекловлар дипломатик ва хизмат паспорти эгалари, шунингдек, санаб ўтилган олти давлатда доимий истиқомат қилувчи, бироқ Ўзбекистонга ташриф буюрганга қадар 14 кун давомида ушбу мамлакатларга ташриф буюрмаган фуқароларга тааллуқли эмас.

Зарурат туғилган тақдирда, санаб ўтилган давлатлардан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиши мумкин.

Х  Х  Х

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилди.

“Жорий йилнинг 15 март куни соат 06.00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди”, - дейилади Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги.

Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.

Мавжуд маълумотларга кўра, вазирлик ва идораларга COVID-19 коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар раҳбарлар ва ходимларга чет эл сафарларини имкон қадар чеклаш тавсия қилинди.

Х  Х  Х

Ўзбекистонда 15 март куни коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди.

Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида шу куни ўтказилган махсус брифингда маълум қилинишича, аёл билан бирга Тошкентга 11 март куни 45 йўловчи учиб келган (аввалроқ 48 йўловчи дейилганди), уларнинг ярми чет эл фуқаролари бўлиб, Ўзбекистондан кейинги манзилига учиб кетган

Брифингда маълум қилинишича, касалланган аёлнинг ўзи асли олий тоифали шифокор, ҳатто ўзига тегишли тиббиёт муассасаси ҳам бор. У 15 мартга ўтар кечаси Вирусология институтига мурожаат қилган. Чамаси икки соатлар ўтиб, таҳлил натижалари чиққан ва унда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Қайд этишларича, бемор аёл билан мулоқотда бўлган тўққиз нафар оила аъзоси изоляцияга олинган. Ундан ташқари, шу рейсда келиб, Ўзбекистонда қолган йўловчиларнинг бари аниқланиб, улар ҳам изоляцияга олинган. «Умумий 150 киши изоляцияга олинган», — дея маълум қилинди брифингда.

Абдулла Арипов иштирокидаги брифингда Ўзбекистондаги барча мактаблар, боғчалар ва ОТМлар карантинга ёпилиши, Наврўз сайиллари, оммавий маросимлар бекор қилиниши эълон қилинди.

Х  Х  Х

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг диний мазмундаги саволларига тез ва қулай равишда жавоб олишларини таъминлаш мақсадида, интерактив ва инновацион хизматларни ўз ичига олган www.fatvo.uz сайтини ишга туширди. Бу ҳақда идора ахборот хизмати хабар қилмоқда. Таъкидланишича, мазкур сайт диний савол-жавоб йўналишида энг замонавий хизматларни ўзида мужассам этган.

Эндиликда, ушбу сайтдан фойдаланувчилар шаръий масалаларга оид ўз саволларини сайтнинг “Савол юбориш” бўлими орқали йўллашлари мумкин. Савол матнига аудио, видео ва суратларни илова сифатида тақдим этиш имконияти ҳам тақдим этилган. Берилган саволларга фатво соҳасида етарли билим, тажриба ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилади.

Фойдаланувчилар “Излаш” тугмаси орқали ўзлари учун зарур бўлган мавзулардаги мавжуд шаръий савол-жавобларни топиб, мутолаа қилишлари мумкин.

2020 йил 10 март кунидан эътиборан мазкур сайт тест режимида ўз иш фаолиятини бошлади.

Хабарда таъкидланишича, келгусида ушбу сайтни фатво ва шаръий масалалар йўналишида қомусий манбага айлантириш нияти мавжуд.

 

 

 

 

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ