март 17, 2020 13:07 Asia/Tashkent
  • Тошкентнинг ОТМларидаги 30 минг нафар талаба ўзлари яшайдиган вилоятларга жўнаб кетди (фотожамланма)

16 март куни Тошкент шаҳридаги ОТМларда таҳсил олаётган талабаларни доимий яшаш жойларига кузатиш ишлари бошланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Айни вақтга қадар 30 минг нафарга яқин талаба марказлаштирилган тартибда Тошкент шаҳридан ўзлари яшайдиган вилоятларга жўнаб кетди.

Аввалроқ барча олий таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 2020 йил 16 мартдан эътиборан ўқиш тўхтатилиб, ўқувчи-талабалар ҳозирча икки ҳафта муддатга таътилга чиқарилиши ҳақида хабар берилганди.

Қайд этилишича, талабаларни жўнатиш ишлари давом этмоқда.

Мутасаддилар ўз ўрнида ваҳима кўтармасликка чақирмоқда. Барча йўловчиларни ўз манзилларига етказилиши таъминланиши бўйича чоралар кўриляпти. Йўловчиларни манзилга етказиш учун автовокзалдан қўшимча рейслар йўлга қўйила бошланди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов ўзининг Facebook’даги саҳифасида энг кўп шикоятлар вилоятларга қатновчи таксичилар устидан тушаётганини маълум қилган ва «Ҳурматли такси ҳайдовчилари инсофли бўлиб, талабалар ўқишлари тўхтатилиб уйга қайтаётганларидан фойдаланиб, нархларни кўтарманглар», деб айтганди.

Қашқадарё транспорт бошқармаси қашқадарёлик талабаларни Тошкентдан олиб кетиш учун 5 та автобус, 2 та  микроавтобус ва 50 га яқин енгил автомобиль ажратди.

Ҳозирда Ўзбекистонда 10 коронавирусга чалинган. Улар орасида оғир аҳволдагилар йўқ. Бундан ташқари, 641 киши касалхоналарда, 5661 киши эса уй шароитида карантинга олинган.

Ёрлиқ

Шарҳ