март 20, 2020 13:32 Asia/Tashkent
  • Наврузни нишонлаш одоблари

Ӯтган дастуримизда Навруз байрамининг тарихи ҳақида маълумот берган эдик. Бугун бу шонли байрамни нишонлашнинг одоб ва расм-русумлари ҳақида тӯхталамиз.

Асрлар ӯтиши билан халқнинг жуда кӯп расм-русумлари ӯзгара боради. Аммо Навруз географиясида яшовчи халқлар бу шонли ва кӯнгилли байрамни ҳар йили минглаб йиллар олдин амалга оширган расм-русумлар асосида кутиб олишади.

Эронликларнинг қадимий байрами бӯлган Наврузнинг  хонадонни тоза ва озода айлаш, “Ҳафтсин” дастурхони очиш, чоршанбесур ва йилнинг сӯнгги пайшанба куни ӯтганларнинг хокини зиёрат қилиш каби айрим удумларига бугунги кунда ҳам мароқ билан риоя қилинади.

Наврузни нишонлаш учун Эронда махсус тайёргарлик кӯрилади. Хонадонни байрамга тайёрлаш учун тозалаш, гиламларни ювиш, уйнинг деворларини ранглаш, янги кийимлар, мева, балиқ  ва ширинликлар сотиб олиш эронликларнинг наврузолди юмушларидир.

Эроннинг барча ҳудудларида Наврузни нишонлаш расм-русумларини учга бӯлиш мумкин. Булар: Навруз арафасида, Навруз кунлари ва Навруздан кейин амалга ошириладиган расм-русумлар.

Навруз дастурхони учун майса кӯкартириш, хонадонни тозалаш, чаҳоршанбесур, ӯтганлар қабрини зиёрат қилиш, байрамга харид қилиш кабилар Навруз арафасида амалга ошириладиган амаллардир.

Аксари эронликлар махсус кӯкартирилган майсани ҳафтсин  дастурхонига қӯйишади. Бу майса янги йилнинг ӯн учинчи кунигача дастурхонда туради. Ӯн учинчи куни, яъни “Сездаҳ ба дар” куни майсани кӯтариб дала-даштга чиқишадида, уни оқар сувга оқизишади ёхуд далага қӯйиб қайтишади.

Навруз арафасида маҳаллаларда бу шонли байрамнинг етиб келганидан хушхабар етказувчи гуруҳлар ашула айтиб кезинишади. Булар асосан “Мири Навруз” ёхуд Шоҳи Навруз” деб юритилади.

Йилнинг охирги чоршанба куни эса “Чаҳоршанбасури” ӯтказилади. Одамлар рузғорларидаги яроқсиз бӯлиб қолган буюмларини кӯчага чиқариб ташлаб, кӯчада гулхан ёқиб, оловнинг устидан сакраб, эски йилнинг ғам-ғуссаларидан халос бӯлишади.

Навруз арафасидаги одоблардан бири ӯтганларни эслаш удумидир. Ота-боболари ва қавм-қариндошларининг мозорини зиёрат қилиш мақсадида одамлар нон, хурмо, ҳалво ва турли егуликлар олиб боришиб, зиёратга келганларга тарқатишади. Яқинлари қабри бошига егуликлардан қӯйиб, яқинда ӯтган марҳумларнинг қабрига шам ёхуд чироқ ёқишади.

Эроннинг кӯпгина минтақаларида албатта,  Наврузда саману(сумалак) пиширишади. Балиқли кӯкат палов, қурмасабзи(қовурилган кӯкатли палов) янги йил дастурхонининг энг тансиқ таъоми ҳисобланади.

Эронда Наврузнинг асосий  рамзларидан бири ҳафтсин дастурхонидир. Етти ашёдан иборат ҳафтсиннинг ҳар бир ашёси махсус бир ҳолатнинг рамзи ҳисобланади.

Навруз айёмининг энг самимий одобларидан бири бу хонадон аҳли ва дӯсту ёронларнинг бир дастурхон атрофида тӯпланиши ҳисобланади. Янги йилнинг кириб келиш лаҳзаларидан сӯнг фарзандлар ота-оналарининг қӯлларини, ота-оналар эса фарзандларнинг юзидан ӯпишади. Сӯнгра ота-оналар фарзандлари билан шажаранинг кекса кишисини кӯришга боришади. Бобо ва момолар фарзандлар ва невараларга ҳайитлик беришади.

Наврузда ҳадя бериш Эронда одатга айланган. Ота-оналар фарзандларга, келин ва куёвларига, катталар болаларга, дӯстлар бир-бирларига,  раҳбарлар давлат бюджетидан маош олувчиларга, корхона эгалари  эса ишчиларига албатта, “ъийди” яъни ҳайитлик беришади.

Янги йил кутиб олинганидан кейинги энг шукуҳли маросим бу “Сездаҳбадар”дир. Йилнинг илк ойи бӯлган фарвардиннинг 13 куни одамлар уйларидан чиқиб, ёппасига табиат бағрига йӯл олишади. Бу кун Эрон тақвимида ҳам “Табиат куни” дея номланган ва у дам олиш куни ҳисобланади. Одамлар кунни янгиланаётган табиат қӯйнида шод-хурсандлик билан ӯтказиб, қалбларини барча гина-кудуррат ва ғиллу-ғашликлардан поклашади.

Янги йилни кутиб олган эронликлар оила аъзолари билан наврузий сафарларга чиқиб, улкан мамлакатларининг турли бурчакларига йӯл олишади.

Фан ва техника ривожи Навруз байрамини нишонлашга ҳам ӯз таъсирини ӯтказган. Бугунги кунда қавм-қариндошлар узоқ шаҳарларда яшашсада, янги йил арафасида ватсап, телегром ва инстаграм орқали бир-бирларини табриклаб, оилавий суратларини юборишади. Виртуал фазодаги бу мулоқотлар энди бир дастурхон атрофида ӯтириб суҳбатлашишга ҳам зарурат қолдирмайди.

Энг севимли ва дилкаш байрам –Наврузи оламни нишонлашда телевизорнинг ҳам муҳим ролини унутмаслик керак. Эрондаги кӯплаб телеканаллар Навруз айёмида қизиқарли телесериаллар кӯрсатувини йӯлга қӯйиб, одамларнинг икки ҳафталик таътил кунлари мароқли ӯтишига  ҳисса қӯшадилар.

 

Ёрлиқ

Шарҳ