март 22, 2020 07:47 Asia/Tashkent
  • Эронликларнинг маросим дастурхонлари

Эронликлар Навруз байрами арафасида махсус ҳафтсин  дастурхон очишади. Эски йилнинг хайрлашуви ва янги йилнинг кириб келиши лаҳзасида хонадон аҳли бу дастурхон атрофига йиғилиб, янги йилни биргаликда, шодлик ва қувонч ила кутиб олишади.

Табиийки, савол туғилади: Эрон маданиятида дастурхон қандай мавқеъга эга? Бир дастурхон атрофида ӯтириш нима дегани?

Эрон маданиятида дастурхоннинг ӯзига хос мавқеъи бор. Эронликлар ҳар бир муносабат билан алоҳида дастурхон тузатишади. Таъомланиш дастурхони, никоҳ дастурхони, ҳафтсин дастурхони, ялдо кечаси, кӯплаб диний маросимларга бағишлаб очилажак дастурхонлар шулар жумласидандир.

Эронда дастурхон фақатгина овқатланиш воситаси эмас, балки у кӯпмиллатли Эрон халқининг бой тарихий маданияти кӯргазмаси ҳамдир.

Машҳур ӯлкашунос Саййид Муҳаммад Биҳиштийнинг фикрича Эрон дастархони эронликлар маданиятининг муҳим бир қисми бӯлиб, унда халқнинг оилавий маданияти ӯзининг аксини топган.

Эрон дастурхонининг турлари ниҳоятда кӯп: назр дастурхони, ифтор дастурхони, ялдо, навруз, зиёрат, никоҳ, тӯй, валима, қурбонлик, ҳайит, каффора, равза, етимларга шафқат...  дастурхонлари.

Бу дастурхонларнинг ҳар бири ундаги егуликлар тури, даъват қилинган меҳмонлар, меҳмонларни кутиб олиш, дастурхон аҳлини таъомлантириш, дастурхонга дуо қилиш жиҳатидан бир-биридан фарқланувчи турли-туман расм-русумларга эга. Бу дастурхонларни тайёрлашдан кӯзда тутилган мақсадлар ҳам турлича: силаи раҳм, фарзанд дунёга келганини билдириш, фарзандни уйлантириш ёхуд турмушга чиқариш, шодиёнани нишонлаш, саёҳат, ҳордиқ чиқариш, зиёрат ёхуд зиёратдан қайтганни кутиб олиш, таъзия, ибодат каби.

Масалан, назр дастурхони аёлларга хос бӯлиб, у хотин-қизлар ӯртасидаги бирдамлик ва дӯстлик туйғуларини мустаҳкамлайди.  Тарихий расм-русумлар ва диний удумлар билан уйғунлашиб кетган бирдамлик ва дӯстлик туйғулари минг йиллардан бери Эрон халқлари маданиятида яшаб келаётган тирик туйғулар бӯлиб, бу муборак туйғулар халқ орасидаги жуда кӯп ижтимоий муаммоларнинг тугунини ечишда калид вазифасини бажариб келган.

Эронда ҳатто оддий таъомланиш дастурхони ҳам ӯзида жуда улкан маданий юкни мужассамлантирган. Эрон хонадонларида таъомланиш дастурхони оила аъзолари ӯртасидаги дӯстлик, тотувлик ва самимий меҳр-муҳаббатни вужудга келтирадиган восита ҳисобланади. Ҳатто оддий таъомланиш дастурхонида ҳам минг йиллик маданий қадриятларга риоя қилинади, унда ҳар бир ашё, ҳар бир кишининг ӯз мавқъи, иззат-эҳтироми ӯрнига қӯйилиши шарт.

Эрон маданиятида дастурхоннинг жиддий эҳтироми бор ва бу эҳтиромни бажо келтиролмайдиган киши ҳатто даврадаги улуғлар томонидан ҳайдаб юборилиши ҳам мумкин. Қисқача қилиб айтганда бир дастурхонда ӯтириб овқатланишнинг ӯзига яраша масъулиятлари бор ва бу масъулиятларга умр бӯйи риоя қилинади. Эронликлар жойи келганда “Бир дастурхондан таъомланганмиз” деган иборани кӯп ишлатишади.

Эронликларнинг дастурхонлари орасида “Ҳафтсин”  ӯзига хос мавқеъга бӯлиб, у Наврузнинг энг машҳур маросимларидан бири ҳисобланади. 

“Ҳафтсин” янгиланиш ва тароват тимсоли бӯлиб, янги йилни кутиб олиш лаҳзаларида оила аҳлини бир жойга йиғадиган жуда самимий бир баҳонадир. Хонадонларини супуриб-сидириб, покиза айлаган оила аҳли янги йилни кутиш лаҳзаларида ювиниб-тараниб, янги, тоза ва озода кийилмарини кийиб  “Ҳафтсин” дастурхони атрофига ӯтиришадида,  шод-хандон, меҳр-муҳаббатли бир шароитда янги йилни кутиб олишади.

“Ҳафтсин” ӯзаро бирдамлик, тинч-тотувлик, озодалик, ривожланиш ва такомиллашиш рамзидир. Бу муборак дастурхонга қӯйилган ашёлар ӯсиш, янгиланиш, туғилиш, файз-барака, тӯкинлик ва комиллик каби маъноларни билдириб, кишини ана шу олий тушунчалар сари ундайди.

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ