март 22, 2020 15:48 Asia/Tashkent
  • Ҳафтсин дастурхони

Эронда ҳар бир маросим учун алоҳида дастурхон очишади. Бу дастурхонлар ундаги таъом ва егуликларнинг хилма-хиллиги билан бир-биридан фарқ қилади.

Навруз дастурхони «Ҳафтсин» деб аталада. Бу дастурхон навруз арафасида хонтахта узра очилади.

Ҳафтсин дастурхонига номлари форс тилидаги син ҳарфи билан бошланадиган етти ашё қӯйилади. Бу ашёларнинг ҳар бирида илдизлари қадимги форс маданиятига бориб тақаладиган рамзлар яширин. Масалан сабза—буғдой, ясмиқ ёхуд мош уруғининг кӯкартирилган майсаси ҳаётнинг давомийлиги, инсон ва табиатнинг уйғунлиги, қайта туғилиш ва файз-барака рамзи ҳисобланган.

Ниш уриб кӯкарган буғдойдан тайёрланган сумалак экинларнинг ҳосилдорлиги, олма –гӯзаллик ва соғломлик, жийда—меҳр-муҳаббат, сумоқ ва саримсоқ-- танисиҳҳат ва хурсандчилик, сирка эса узоқ вақт давомида етилиши сабабли сабр-тоқат рамзи ҳисобланади. Булардан ташқари яна ҳафтсин дастурхонига  қайта туғилиш ва ҳаётнинг давомийлиги рамзи сифатида товуқнинг тухуми, шаффофлик ва тӯғрилик рамзи сифатида кӯзгу ҳам қӯйишади.

Ҳафтсин дастурхонига қӯйилган сув --поклик ва барака, қизил балиқ—ҳаракат ва ҳаёт, сикка (тилла танга)—ишнинг ривожи ва тӯкинлик, шам эса нур, ҳарорат ва ёруғлик маъноларини билдирган.

Шунингдек, ҳафсин дастурхонига баҳор рамзи сифатида сарв, сунбул ва мажнунтол шохчалари ҳам қӯйилади.

Ҳафтсин дастурхонига қӯйиладиган егуликларнинг шифобахш хусусиятларига нигоҳ ташлаган киши Эрон ҳудудида яшовчи халқларнинг тарих синовларидан ӯтган улкан тажриба ва мислсиз заковати бу муъжаз дастурхонда ӯз аксини топганига гувоҳ бӯлади.

Масалан, бу файзли дастурхонга қӯйиладиган себ, яъни  олма мевасининг шифобахш хусусиятлари ҳаммага аён. Жуда кӯп витаминлар ва кимёвий моддаларга бой бӯлган  бу муъжизавий меванинг инсон организмини ёшартириш хусусиятига эга эканлиги тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан қайта-қайта таъкидлангандир.

Айтилишича, ҳар куни олма истеъмол қилиш қон таркибидаги холестеринни камайтиради, саратонга чалиниш хавфини узоқлаштириб, умрнинг узайишига сабаб бӯлади ва соч тӯкилишининг олдини олади. Олмада қанд моддаси камлиги сабабли бу мева диабет билан оғриганларга ҳам тавсия қилинади.

Синжид, яъни жийда ҳам инсон саломатлиги учун фойдали минераллар, айниқса Е ва С витаминларига бой.

Жийданинг меваси ва данагининг кукуни бӯғиндаги оғриқлар, айниқса суяк мӯртлигини бартараф қилишда жуда фойдали.

Ҳафтсин дастурхонига қӯйиладиган сумоқ эса иштаҳа келтирувчи хусусиятига эга бӯлиши билан бирга ошқозонни поклайди. Халқ табиблари бу зираворни ревматизм, ниқрис касалликларини даволаш, шунингдек қонни тозаловчи сифатида тавсия қилишади.

Сир, яъни саримсоқнинг шифобахшлик хусусиятидан кӯпчилик хабардор эканлиги сир эмас. Юрак-қон томирлари касалликларининг олдини олиш учун ишлатиладиган бу доривор ӯсимлик ошқозон ва простата саратонларини даволашда ҳам ишлатилади. Айрим донишмандларнинг фикрича овқатга солинган саримсоқ таъомдаги турли заҳарларга барҳам беради. Замбуруғ ва бактерияларни бартараф этиш хусусиятига эга бӯлган саримсоқ овқатдан заҳарланиш ҳолатларида жуда ҳам фойдали.

Ҳафтсин дастурхонига қӯйиладиган сирка организмдаги моддалар алмашинуви жараёнини яхшилайди. У қондаги инфекцияларни йӯқ қилиб, қон босимини пасайтради ва саратон хасталигининг олдини олади. У калций моддасининг организмга кӯп миқдорда сӯрилишига сабаб бӯлиши сабабли суякларнинг мустаҳкамланишига сабаб бӯлади.

Буғдойнинг ниш уриб кӯкарган майсасидан тайёрланган саману, яъни сумалак таъоми турли витаминларга бойлиги билан тиббиёт олимларининг таважжуҳини ӯзига жалб қилган. Тадқиқотлар натижасида олимлар сумалак  тери, соч, асаб тизими, зеҳн, қон айланиши, тиш ва суяк, кӯз ва инсон баданининг бошқа бир қатор узвлари учун ӯта фойдали деган хулосага келишган. Бу сирли таъом айниқса, спортчилар, болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, камқонлилик, жигар, суяк мӯртлиги ва асаб тизими хасталикларига учраган кишилар учун кони фойда.

Эрон ҳудудида қадимдан аёлларнинг навруз арафасида гуруҳ-гуруҳ бӯлиб сумалак пишириш одати шаклланган. Бугунги кунда эса бу сирли таъомнинг шифобахшлик хусусиятларини эътиборга олган хонадонлар уни йилнинг барча фаслларида тайёрлашади.

 

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ