апрел 01, 2020 08:29 Asia/Tashkent
  • Дамованд тоғи
    Дамованд тоғи

Эрон қадимий тарихий обидалар ва ҳайратланарли  меъморлик иншоотлари билан бир қаторда мислсиз гӯзал табиат манзараларига ҳам эга. Бу айтилмаган ва эшитилмаган бикр манзараларнинг кӯплиги ва хилма-хиллиги тингловчини ҳайратга солади.

Бугун Эронда Табиат куни. Ҳар йили фарвардин ойининг 13 куни Эронликларнинг аждодий расм-русумларига кӯра одамлар шаҳар ва қишлоқларидан табиат бағрига интиладиган “Сездаҳбадар” куни Табиат куни нишонланади. Шу муносабат билан Сиз, азизларни  Эрон афсоналарининг сарчашмаси ҳисобланган Дамованд чӯққиси билан таништирамиз.

Эронда жуда кӯп тоғлар ва фалакка бӯй чӯзган чӯққилар мавжуд. Аммо дамованд чӯққиси буларнинг барчасидан ажралиб туради. Зеро, бу чӯққи Эрон маданиятида барқарорлик, қудрат ва устиворлик рамзи ҳисобланади.

Баландлиги 5671 метр бӯлган Дамованд Эрон ва Ӯрта Шарқда энг баланд, дунё бӯйича эса 12-баланд тоғ ҳисобланади. Унинг чӯққиси Осиё қитъасидаги энг баланд вулқонли чӯққидир.

Дамованд Эроннинг шимолий қисмидаги Албурз тоғ тизмаларининг маркази ва Каспий денгизининг жанубий қисмида жойлашган. Унинг осмонга қадалган чӯққисини  ҳаво очиқ бӯлган кунлари Теҳрон, Варомин, Қум шаҳарлари ва Каспий денгизининг соҳилларидан бемалол томоша қилиш мумкин.

Дамованд ярим фаол вулқонли тоғ бӯлиб, олимларнинг тахминича, унинг биринчи вулқони 2 миллион йил олдин отилиб чиққан. Бу тоғдаги энг сӯнгги вулқот қачон фаоллашганини фан эслаёлмайди. Шу сабабли  Дамованд сокин вулқонли тоғ деб юритилади. Аммо вулқоннинг теварак-атрофи, шунингдек тоғнинг турли ҳудудларида жойлашган иссиқ сув булоқларидан чиқаётган олтингугурт газлари унинг ярим фаол вулқон эканлигидан далолат беради.

Эрамиздан аввалги 744 йили Ошурийлар давридаги матнларда Дамованд тоғи “Бекни” деб юритилган. Ана шундан бошлаб бу тоғ Эрон афсона ва эртакларининг асосий сарчашмасига айланди.

“Авесто”, “Таврот” ва қатор бошқа тарихий китобларда Давоманд турли номлар билан тилга олинган.

19- асрда Теҳронга сафар қилган америкалик тарихчи Вилям Жексон ӯз хотираларида ёзади: “Авесто”да “Ҳавобарзаити” номи билан келган Дамованд яқин 6000 метр баландликка бӯй чӯзган”.

Эроннинг жуда кӯп асотирларида бу улкан тоғ эсланади. Форс адабиётининг даҳоларидан бири Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” қаҳрамонлик эпосида ҳам Дамованд тилга олинади.

Қиш пайтида Дамованд чӯққисида ҳаво ҳарорати -60 даража, ёз фаслида эса -2 даражада бӯлади. Ҳаво ҳароратининг совуқлиги сабабли чӯққига жанубий томондан кӯтарилиш йӯлида 5100 метр баландликда жойлашган шаршара йил бӯйи музлаган ҳолатдадир. Шу сабабли бу шаршарани “Муз шаршараси” деб аташган. Шаршаранинг баландлиги 7, диаметри эса 3 метрни ташкил қилади.

“Муз шаршараси” Ӯрта Шарқ минтақасидаги  денгиз сатҳидан энг баланд шаршара ҳисобланади.

Дамованддаги Муз Шаршараси

Дамованд тоғининг турли баландликларида хилма-хил гиёҳлар ӯсади. Махсус мавсумда тоғнинг этакларини бус-бутун лолақизғалдоқ қоплайди.

2000-3500 метр баландликда ӯсадиган лолақизғалдоқлар дунёнинг энг нодир лолақизғалдоқлари ҳисобланади. Бу лолақизғалдоқлар гиёҳшиносликка бағишланган дунёнинг муътабар китобларида “Лор” ва “Рина” лолақизғалдоқлари номи билан қайд қилинган.

Дамовандда кӯпгина ҳайвонот турлари ҳам яшайди. Аммо бу тоғда энг кӯп учрайдиган жониворлар олтин бургут, каклик, бедана ва кӯршапалак каби паррандалардир.

Дамованднинг булут чойшабига ӯралган  чӯққисига кӯтарилишнинг ӯзига яраша қийинчилик ва ҳаяжонлари бор. 5000 метрлик бу чӯққига турли даражадаги қийинчиликларга эга бӯлган 16 йӯлдан кӯтарилиш мумкин.

Бу гӯзал чӯққига 1837 йили биринчи бӯлиб европалик алпинистлар, 1857 йили эса эронликлар кӯтарилишди.

Дамовандга кӯтарилиш йӯллари

Дамованд  чӯққисига кӯтарилишнинг энг муносиб пайти июн-июл ойларидир. Зеро, бу вақтда чӯққида нисбий барқарор об-ҳаво ҳоким бӯлади. Шунингдек, ӯт-ӯланлардан иборат ям-яшил гилам минтақа жозибадорлигини янада оширади.

Бошқа пайтлар тоғнинг ҳавоси беқарор ва қуюнли бӯлиб, унга кӯтарилиш хавфлидир.

Дамованд нодир табиат асари сифатида Эрон Миллий обидалари руйхатига киритилган ва давлат томонидан қӯриқланадиган минтақа ҳисобланади.

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ