апрел 05, 2020 14:47 Asia/Tashkent
  • Мозандарондаги Бодоб Сурат чашмалари
    Мозандарондаги Бодоб Сурат чашмалари

Жуда улкан ҳудудни қамраб олган Эронзаминда бир вақтнинг ӯзида тӯрт фаслни учратиш мумкин. Шу билан бирга ҳар бир минтақа мисли кӯрилмаган табиий жозибаларга эга. Шимолий Эрондаги “Бодоб Сурт” қайнар булоқлари фикримизнинг далилидир.

Минг йиллардан бери ер қаъридан қайнаб чиқадиган бу нодир чашмаларнинг ҳар бири сувининг ранги ва таъми билан бир-биридан фарқ қилади.

Эрон шимолидаги Сори ноҳиясига қарашли Араст қишлоғида дунёнинг энг нодир табиат жозибаларидан бири --  поғонали шифобахш булоқлар жойлашган. Бу булоқ 2008 йили Дамованд чӯққисидан кейин Эроннинг табиий обидаси сифатида “Эрон Миллий обидалари” руйхатига киритилди. Жаҳон табиий ёдгорликлари руйхатида ҳам бу чашма Туркиянинг “Помук кала” чашмасидан кейин дунёнинг энг нодир шӯр сув булоғи сифатида қайд қилинган.

“Бодоб” маҳаллий тилда -- “газли сув”, “сурт” эса “шифобахш” маъноларини англатади. Бу булоқлар суви бел ва оёқ оғриғи, ревматизм, мигрен бош оғриғи каби дардларга даво бахш айлагани учун чашманинг номи шундай юритилади.

Бу булоқлар сувининг ранги, таъми, ҳиди ва ҳатто шифобахшлик хусусияти билан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Чашмалардан чиққан сувнинг турли рангда товланиб пастга қараб равона бӯлиши худди она табиат томонидан ташкил қилинган ранглар кӯргазмасига ӯхшайди.

Бодоб Сурт булоқларини кӯришга келган киши даставвал турфа ранглардан ташкил топган зинапояларни кӯриб ҳайратга тушади.

Минерал сув булоқларининг қатламларини оддий тил билан қуйидагича тушунтириш мумкин:  Чашмадан чиқиб, пастга қараб оқиб кетаётган сув шамол ёрдамида чайқалади. Қуёш нури унинг буғланишини таъмнлайди. Натижада сув таркибидаги минераллар чӯкиндига айланади. Бу чӯкиндилар турли шакл ва қалинликдаги қатламларни ташкил қилади.

Қатламларнинг ранг баранглиги эса сув таркибидаги минералларга боғлиқ. Масалан, темир моддасининг чӯкиндиси қизил рангни, мис яшил, олтингугурт сариқ, туз ва оҳак чӯкиндиси эса оқ рангни ташкил қилади.

Бодоб Сурт аслида ранг, таъм, ҳид ва сувининг миқдори жиҳатидан бир-биридан батамом фарқ қиладиган икки чашмадан иборат.

Серсув чашманинг  ӯта шӯр суви диаметри 15 метр ва анчайин чуқурликка эга кӯлга оқиб тушади.

Бу чашмадан юқорироқда жойлашган кам сувли чашма  сувининг маззаси аччиқ бӯлиб, қизил ёхуд тӯқ сариқ рангдадир.Булоқнинг теварагида бир оз темир чӯкиндиси кӯзга ташланади.

Бу чашмалардан пастга қараб равона бӯлган минерал сув ӯз оқими жараёнида сариқ, тӯқ сариқ ва қизил рангда товланиб, сайёҳларнинг таважжуҳини ӯзига жалб қилувчи турли катталикдаги бир неча кӯлмакни вужудга келтирган.

Мозандарондаги Бодоб Сурт чашмалари

Бодоб Сурт чашмалари денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда жойлашган. Бу минтақанинг шимолий тепаликлари игна баргли дарахтлар билан қопланган. Ғарб томони эса Уруст қишлоғи билан иҳоталанган. Чашмаларнинг теварак-атрофини эса ёвойи қорақот  бутталари қоплаган.

Аллоҳнинг бу мислсиз муъжизасини томоша қилишнинг энг муносиб пайти қуёшнинг чиқиш, ёхуд ботиш лаҳзасидир. Бу лаҳзаларда анвойи рангларда товланган табақали кӯлмакчалар ва теварак атроф табиати томошабинни сеҳрлаб, таважжуҳини ӯзига жалб қилади.

Бодоб Сурт чашмаларининг жозибали манзараларидан лаззатланиш учун йил бӯйи бу минтақага сафар қилиш мумкин. Аммо баҳор фасли бу сеҳрли минтақа янада афсонавий жозиба касб этади.

Бодоб Сурт каби манзаралар АҚШ, Янги Зелландия ва Туркияда ҳам мавжуд. Аммо булардан фақатгина Туркиядаги “Памук кала” сайёҳлик маскани сифатида қайд этилган.

Бодоб Сурт чашмалари Эроннинг маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар эътиборини ӯзига жалб қилган туристик масканлари ӯнлигига киради  ва ҳар йили минглаб сайёҳлар унинг гӯзалликларидан лаззатланишади.

Ёрлиқ

Шарҳ