апрел 06, 2020 10:39 Asia/Tashkent
  • Ўзгалар учун ўз ҳаётини хавф остига қўйган шифокорлар (фотожамланма)

«Коммерсантъ» нашри коронавирус билан олд қаторларда «жанг қилган» тиббиёт ходимларининг тарихи ҳақида маълумот тўплаб тақдим этди.

Ҳамкасбларини янги турдаги коронавирус пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирган ва ёлғон миш-мишлар тарқалгани учун ҳибсга олинган 34 ёшли хитойлик офтальмолог Ли Вэньлян 7 февраль куни шифохонада вафот этган. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўлимига қадар касаллик белгилари ҳақида сўзлаб, коронавирусдан қочиш йўллари ҳақида масалаҳат бериб келган.

35 ёшли шифокор Никола Сгарби Италиянинг Модена шаҳрида жойлашган касалхоналарнинг биридаги интенсив терапия бўлимида ишлайди. Жонлантириш бўлимида ҳимоя костюми ва ниқоб билан 13 соат давом этган ишдан сўнг, селфига тушди.

31 март куни Москва шаҳри яқинида жойлашган Коммунарка аҳоли пунктидаги юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори Денис Проценкода коронавирус аниқланди. Шифокор ўз кабинетида изоляцияланиб, масофадан ишлашини ва онлайн маслаҳатлар беришини билдирган. Денис Проценко ўзида касаллик аниқланишидан бир ҳафта олдин Россия президенти Владимир Путин билан кўришган эди.

20 март куни Италияда 57 ёшли шифокор Марчелло Натали вафот этди. У журналистларга қўлқоплар етмаётгани сабаб усиз ишлашга тўғри келганини сўзлаб берган.

«Биз, ҳар бир касалликка дори топилади, деган ишонч билан улғайдик. Балки попугимизни пасайтириб қўядиган ушбу дарс бизга керак бўлгандир», — деган шифокор.

Ҳиндистоннинг Сурат шаҳрида кеча-ю кундуз коронавирусга қарши курашаётган шифокор ва ҳамширалар тазйиққа учрамоқда. Айрим тиббиёт ходимлари касалликдан қўрққан қўшниларининг ваҳимаси сабаб уйидан ҳайдаб юборилган. Суратдаги аёл — Санжибани Паниграхи ўз уйига киришга рухсат беришмаганини ва куни кеча дўстона яшаб юрганлари таҳдид қилишганини сўзлаб берган.

30 йиллик тажрибага эга хитойлик шифокор Сян Лу коронавирусга қарши курашга январь ойида биринчилардан бўлиб отланган, у бир сутка ичида 310 шифокордан иборат жамоани йиғган. Дастлабки кунларда улар овқатланишга ҳам вақт топа олмаган. Сян Лу ўзига касал юқтирмасдан юзлаб одамларни даволаган.

21 февраль куни хитойлик 29 ёшли шифокор Пэн Иньхуа коронавирус оқибатида вафот этган. У пандемияга қарши курашиш йўлида ҳамкасбларига ёрдам бериш учун ўз тўйини қолдирган эди. Унинг кабинетидан ҳали жўнатилмаган тўй таклифномалари топилган.

34 ёшли ҳамшира Даниэла Трецци Италиянинг Монса шаҳридаги интенсив терапия бўлимида ишлаган. 10 март куни коронавирус билан карантинга жойлаштирилган. Касаллик белгилари аниқланган ҳамшира ўз жонига қасд қилган. У кучли стрессда бўлган ва бошқаларга юқтириб олишдан қўрққан.

25 март куни Нью-Йоркда 48 ёшли тиббиёт ходими Жордан Келли вафот этди. У ишлайдиган касалхонанинг ходимларига ҳимоя воситалари етмаган. Шифокорлар касаллик юқтириб олмаслик учун чиқиндига мўлжалланган қоплардан фойдаланишга мажбур бўлган. Ҳамширалар ҳам, ҳатто касаллар ва беморларга қарашдa кийимларини алмаштира олмаган.

Австралия оммавий ахборот воситалари, кунига коронавирусда гумонланган 55 нафаргача беморни қабул қилиб, иккита клиникада 28 кун тинмай ишлаган Камрон Алини қаҳрамон деб атамоқда.

Эронлик шифокор Ширин Руҳоний эса ўзида касаллик аниқланган бўлса ҳам, оғир касалларни даволашни давом этаверган. 23 март куни аёл вафот этган.

63 ёшли Одил ал-Тоир (чапдан иккинчи) органлар трансплантацияси бўйича мутахассис. Эпидемия бошлангач Лондонга қайтиб, энг оғир шароитга эга ҳудудга жўнатишларини сўраган. Коронавирус юқтириб олган ал-Тоир 12 кундан сўнг вафот этган.

 

Ёрлиқ

Шарҳ