апрел 10, 2020 08:44 Asia/Tashkent
  • Пандемиядан кейин  дунё қандай бўлади?

Ўтган ҳафта Хитойдаги метро бекатларидан бирига: «Энди ҳаёт аввалгидек бўлмайди. Аввалги ҳаёт хато эди», деган ёзувни чизиб кетишди. Чиндан ҳам, коронавирус пандемиясидан кейин бизни қандай ўзгаришлар кутмоқда? Бу саволга жавоб бериш учун айрим аччиқ ҳақиқатларни тан олишга тўғри келади.

Пандемия қачон тугашини ҳозирча ҳеч ким билмайди, аммо у бир куни тугайди. Вирусга қарши қилинган айрим ўзгаришлар яна ўз ҳолига қайтиши мумкин. Лекин ҳаммаси ҳам эмас. Коронавирус сайёрамиз бўйлаб шунчалик кўп одамнинг ҳаётига жиддий таъсир қилдики, бу галги вабо яқин тарихда инсониятнинг турмуш тарзини тубдан ўзгартирувчи бурилиш нуқта бўлиши кутилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ўтган асрда инсоният тақдирини урушлар ўзгартирган бўлса, ҳозирги ва бундан кейинги асрдаги ўзгаришлар иқлим ўзгаришлари, пандемиялар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ер сайёрасида қанча вирус бор?

Вируслар тарихи ҳам инсониятники каби қадимийдир. Вирусларнинг келиб чиқиши ҳам бактериялар каби қадимги ҳужайрали ҳаёт шаклларига бориб тақалади. Аммо, сут эмизувчилар мисолида айтиш мумкинки, бактериялар қанчалик такомиллашиб борган бўлса, йиллар давомида вируслар шу қадар ихчамлашиб, соддалашган.

Америкалик таниқли эпидемиолог Стефен Морзга кўра, модомики Ерда 50 000 турдаги умуртқали жонзот ва уларнинг ҳар бирида ~20 турдаги вирус мавжудлиги ҳисобга олинса, сайёрамиздаги сутэмизувчилар, жумладан инсон турмуш тарзига ҳам 320 000та вирус мунтазам таъсир ўтказиб келади.

Вируслар қанчалик зарарли?

Бугунги кунда вируслар жуда кичик ва содда, ҳатто мустақил кўпайиш кўникмасига ҳам эга эмас. Вируслар уларга жон сақлашларига ёрдам берадиган мезбон ҳужайранинг генетик маълумотини ташийдилар холос. Шу ҳужайрада улар ўзларининг янги нусхаларини кўпайтирадилар. Шу вақтгача биологлар уларни ҳаёт шакли деб ҳам таснифлашмаган.

Аммо сўнгги ўн йилликда бизнинг вирусларга нисбатан қарашларимиз ўзгара бошлади. Франциялик вирусологлар тадқиқотларида бактерияга ўхшаган, аммо генетик жиҳатдан улардан фарқли улкан вирусни аниқлашди. Мимивирус, яъни тақлид қилувчи вирус нафақат йириклиги, балки генларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Яъни, улар биз ўйлагандан кўра мукаммалроқ.

Чикаго университети микробиологи Жеймс Шапирога кўра, вирусларни зараркунанда ёки ҳалокат қўзғатувчи деб ўйлаш – хато. Вирусларсиз Ердаги ҳаёт тамоман бошқача, ҳозиргидан фарқли бўлиши мумкин эди.

Мисол учун, тадқиқотларга кўра, 100 миллион йил аввал ибтидоий сутэмизувчиларда кузатилган инфекция даврида умуртқали жонзотлар юқтириб олган янги ген ҳомила ва йўлдош ривожланишига сабабчи бўлган. Ҳужайраларни бирлаштирувчи бу оқсил вируслари ҳомилага онадан озуқа моддаларини олиш имконини берган.

Табиатга муносабатимиз ўзгарса, омон қоламиз

Биологларнинг фикрича, сўнгги йилларда содир бўлган пандемияларнинг қўзғатувчиси сифатида икки муҳим сабабни келтириш мумкин:

1) Синашда бўлмаган ёввойи ҳайвон-жонзотларни истеъмол қилиш (SARS-CoV-2 Уҳандаги ёввойи ҳайвонлар бозоридан тарқалгани айтилмоқда);

2) Ўрмонсизлаштириш.

Ҳар иккала ҳолат ҳам инсоннинг табиатга тажовузи туфайли юзага келган.

Бизни қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Салом-алик ва феъл-атвор

Касалликни юқтиришдан қўрқиб яшаш инсон руҳиятига салбий таъсир ўтказиб, уни одамови қилиб қўйиши мумкин. Бундай вазиятда ахлоқий ва ижтимоий қоидаларнинг аҳамияти камайиб, одамлар ўзлари билмаган одамлар билан мулоқотдан қочадилар. Ҳатто сизга яхши таниш инсон ҳам сиз билан мулоқотда ғалати, ноодатий хатти-ҳаракатлар қила бошлайди.

Ҳозирданоқ касалланишдан хавфсираб, бир-бирига шубҳа назари билан қараётганлар сони ошиб бормоқда.

Замонавий тиббиёт туғилгунига қадар юқумли касалликлар инсониятнинг омон қолишида катта таҳдид бўлган. Уларга қарши кураш эвазига минг йиллар мобайнида инсонда ажойиб механизмлар ривожланган. Шулардан бири – иммунитет. Аммо иммунитет мустаҳкамлигини таъминлашга доим ҳам имкон бўлмаган. Натижада, феъл-атворда онгсиз психологик ҳимоя тизими шаклланган, яъни «хатти-ҳаракат иммунитети» тизими.

Бу тизим сабаб нопок ёки жирканч нарсани, чириган маҳсулотни кўрсак, беихтиёр орқага тисариламиз, бурнимизни бекитамиз, танамиз ачиган маҳсулотни қабул қилмайди, қайт қилиб ташлайди. Айнан «хатти-ҳаракат иммунитети» тизими биз учун касалликдан биринчи ҳимоя чизиғидир.

COVID-19 бизга тоза кўринган ҳар қандай юза хатарга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Биздаги «хатти-ҳаракат иммунитети»да ҳар ёққа қўл теккизишдан имкон қадар қочиш кўникмаси шаклланмоқда.

Биз ҳаттоки жигаримиздек яқин бўлиб қолган пулни ушлашга қўрқяпмиз.

Бундан ташқари, ижтимоий мавжудот сифатида катта гуруҳларда яшаш ёки ишлашга ўрганиб қолганмиз. Бугунги вазият сабабли «хатти-ҳаракат иммунитети» одамлар билан муносабатимизни камайтиришни, янгича ижтимоий интизомга кўникишни талаб қилмоқда.

Бу ҳолат ижтимоий муносабатларга, хусусан мулоқотга таъсир қилади. Камроқ ва қисқароқ суҳбатларга одатланамиз. Пандемия чоғида амал қилинган «ижтимоий масофа» ва изоляция таъсирида одамлар ўзларининг «қулай ҳудуд»ларини кенгайтирадилар. Яъни суҳбат жараёнида суҳбатдош билан масофани узоқроқ сақлайдилар.

Бугун бундай хулқ қўпол бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ ижтимоий муносабат масаласида феъл-атвордаги иммунитет мантиқдан кўра хавфсизроқ ишлайди.

Шарқ азалдан нақадар донолигини исботлашдан чарчамаяпти. Ўзбекона усулда қўлини кўксига қўйишнинг аҳамиятини англаб етдик. Пандемия давомида бу анъаналар қайтди. Эҳтимол яқин орада санитария қоидаси сифатида расман одоб-ахлоқ нормалари сафига қўшилса, ажаб эмас.

Шундай экан, доим қўл олиб кўришадиган танишингиз энди қўл чўзиш ўрнига, қўлини кўксига қўйиб кўришса, ранжиманг, уни тўғри тушунинг – унинг танаси омон қолишга ҳаракат қиляпти.

Ижтимоий йиғинлар, йирик тадбирлар 

Бу борада, айниқса, юртимизда катта ўзгариш бўлишини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин. Сўнгги йилларда минглаб одамларни тўплаган дабдабали тадбирлар, жумладан тўй ва йиғинларга одатландик. Устига-устак бир-бирини меҳр билан бағрига босишга одатланган, юз босиб ва ўпишиб кўришадиган жигаржон халқмиз. Натижада пандемия хавфи янада ошади.

Кўпчилигимизнинг кўзимиз очилса, йиғин ва тўйларни ихчамроқ ўтказишга одатланамиз.

Инсон омили

Бугун уйда қамалиб олган одамнинг хаёлидан ўтаётган афсуслардан бири шундай: «Нега смартфонда соатлаб вақт ўтказдим-у, лекин фарзандим онлайн усулда ҳам таълим олиши мумкинлигини олдинроқ ўйламадим?» Ёки: «Нега онлайн харид қилишни аввалроқ ўрганмадим?»

Технологияларнинг ривожи жамиятни тобора билимнинг ихтиёрига топширмоқда. Бундай жамиятда муайян кўникмаларга эга инсонлар муваффақият қозонадилар, яхши яшайдилар. Бахтга қарши уларнинг деярли ҳаммаси когнитив, яъни билим ва билишга оид. Шулардан бири – ахборот технологиялари саводхонлиги.

Пандемия аҳолининг электрон восита ва иловалардан фойдаланишга оид кўникмаларини ривожлантиради. Биз энди яна ҳам виртуаллашамиз. Бунинг орқасидан эса инсон омили ривожланади.

Таълим 

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 8 апрель ҳолатида COVID-19 туфайли жаҳон миқёсида 188 мамлакатда 1,7 миллиард ўқувчи  мактабга бора олмаяпти. Коронавирус барча турдаги таълим олувчиларнинг 99,4 фоизига у ёки бу кўринишда зарар етказган. Кеча мактаб партасида, бугун эса электрон девайслар қаршисида ўқитувчисини тинглаётган ўқувчининг ўзлаштириш даражаси аввалига тушиб кетиши тайин. Бироқ инсон – мослашувчан мавжудот.

Юқоридаги рақамлар нимани фош қилди? Анъанавий ўқитиш усуллари ишончли эмас, таълимга янгича ёндашувга асосланган виртуал платформалар керак!

Таълим соҳасида онлайн хизмат кўрсатувчи компаниялар учун 6,16 млн ўқувчига эга Ўзбекистон – йирик таълим бозори.

Пулдор инвестор ва тадбиркорлар келажакни кўра олсалар, таълим улар пул тикадиган навбатдаги соҳа бўлади. Яқин орада «рақамли дарслик», «виртуал сумка», «онлайн мактаб», «рақамли диплом», «рақамли ўқитувчи» каби атамалардан кенг фойдалана бошлаймиз.

Таълим тўхтаб қолишининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари инсон омили билан боғлиқ. Шуни ҳисобга олиб, ҳукуматлар масофавий таълим дастурлари, очиқ таълимий иловалар ва платформалар учун йирик миқдорда пуллар ажратишади. Бу орқали истиқболда содир бўлиши мумкин бўлган таълим узилишларининг олди суғурталанади.

Дарвоқе, агар сиз бирор соҳада етакчи бўлсангиз, ҳозироқ видеоблоглар очинг, одамларга таълим беришни бошланг. Бу ҳозирданоқ яхши бизнесга айланган.

Бизнес 

Пандемиядан кейин билимга асосланган соҳалар гуллаб-яшнайди. Чунки бу соҳадаги кўплаб иш берувчилар фаолияти онлайн-офисга кўчирилади. Яъни масофадан ишлаш ривожланади. Уйимизга қайта тартиб беришга тўғри келади. Ахир ишхонани қаерга жойлаштиришни яхшилаб ўйлаб кўриш керак.

Айниқса, ахборот технологиялари соҳаси бундан катта манфаатдор. Хусусан, виртуал конференция хизматларининг даври келмоқда.

Шу ўринда, умумий овқатланиш соҳаси ва йирик савдо мажмуалари учун синов даври бошланиши мумкин. Одамлар энди бундай жойларга боришдан тийиладилар. Бунинг ўрнига савдо-сотиқда ва овқатланишда «етказиб бериш» соҳаси тараққий этади.

Кўнгилочар хизматлар соҳасида одамлар тобора виртуал ўйин ва дам олиш усулларини маъқул кўрадилар.

Туризм ва глобаллашув 

Дунё мамлакатлари бир-бири учун ёпиладими ёки очиладими, буни вақт кўрсатади. Лекин биз шу вақтга қадар «ичкарига кириб кетди» деган сўзни кимнингдир қамалганига ишора сифатида ишлатган бўлсак, энди биз учун ҳам ичкари – ўз уйимиз хавфсиз макон бўлади.

Энди чойхонага ёки тоққа чиқишдан аввал бир фурсат ўйлаб кўрамиз, Париж ёки Анталияга боришга шошмаймиз.

Халқаро миқёсда сайёҳларнинг оқими бир муддат камаяди. Бир оз ўтиб уйидан зерикканлар «сафар дар ватан» ўгитига амал қилиб, аста-секин ўз маконлари бўйлаб саёҳатга одатланадилар. Бунинг эвазига маҳаллий сайёҳлар оқими ошади. Маҳаллий туризмни ривожлантириш учун айни муддао.

Бўм-бўш шаҳарлар

2018 йилда Швейцарияда ўтган Жаҳон иқтисодий форумида ҳам яқин келажакда масофадан ишлаш оммалашиши айтилган эди. Пандемия бу муддатни янада яқинроққа олиб келди. Энди офисда кўриниб кетиш ёки кун ўтсин учун эмас, натижа учун ишлаш режимига ўтамиз.

Агар иш берувчилар онлайн ишлаш режимига оммавий ўтадиган бўлса, йирик шаҳарлардаги йўловчилар оқими пасаяди.

Катта шаҳарларда йўқотишлар ҳам катта бўлишини кўряпмиз. Модомики иш жойи қаерда яшашда муҳим омил бўлмаса, бундай одамларнинг оиласи билан бирга шаҳардан ташқарига шошилиши кузатилади. Шаҳар атрофидаги ҳудудлар ривожланади.

Шахсий транспортлар ҳаракатланишининг камайиши шаҳарларнинг экологик ҳолати учун айни муддао бўлади. Аммо бошқача ҳам бўлиши мумкин…

Иқтисод ва сиёсат

The New York Times нашрининг ёзишича, пандемия ортга чекинганидан сўнг, унинг оқибатида зарарланган иқтисодиётни қайта оёққа қўйиш учун саноат ва соҳалар икки баробар кўпроқ қувватда ишлашга киришиб кетади. Натижада нима бўлади? Углерод газларининг ҳавога чиқарилиши орқасидан иқлим ўзгариши билан боғлиқ инқироз ўн йилга тезлашиб кетади.

Пандемиянинг энг катта қурбони – иқтисодиёт. СOVID-19 нафақат муайян бир давлатлар, балки дунё иқтисодиёти қанчалар заиф эканини исбот қилди. Халқаро савдо барқарорлигини таъминлашда етказиб бериш занжиридаги ёндашувни ўзгартириш кераклиги аён бўлди.

Шунингдек, пандемия ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги алоқаларни ва ҳукуматнинг бошқарув қобилиятини ҳам синовдан ўтказмоқда. Бу жараёнда аҳолининг ҳимоясиз қатламини ҳимоялаш ҳар қандай ҳукумат учун тўғри қарордир. Ҳаммаси жойига тушганидан кейин аҳоли улкан йўқотишлар учун сўров талаб қилиши ёки жипслашиб кейинги ҳалокатларнинг олдини олиши мумкин.

Жамиятшуносларнинг фикрича, кучсиз давлатларда вирус муносабати билан татбиқ қилинган тартиб-интизом жамиятдаги авторитаризм ва анархия кучайишига олиб келиши мумкин.

Дунёни бошқача кўра бошлаймиз

Вирус балоси одамларни ҳамжиҳат қилиши мумкин. Энди индивидуаллик эмас, жамоавийлик. Яъни муаммога қарши биргаликда курашамиз.

Социологларнинг фикрича, бир-бири билан бойлик тўплашда пойга ўйнаётган одамлар бир муддат тўхташади, муаммонинг умумийлиги, уларнинг тақдири оддий халқники билан чамбарчас эканини англайдилар.

Ҳаётнинг нақадар омонатлигини тушундик. Шу билан бирга, ўткинчи мол-давлатга ҳирс қўйиш ҳисси сусаяди. Одамларда бир-бирларига хайрихоҳлик ошади. Демак, фаол фуқаролик позицияси ошиши кутилмоқда.

Телемедицина ва медиа

Коронавирус инсоният тарихидаги энг яхши танилган вирус бўлди. Унинг оммавий тарқалиши медиа гуллаб-яшнаган бир даврга тўғри келди. Унинг тарқалишидан энг катта фойда кўрган соҳа табиийки, бу – оммавий ахборот воситаларидир.

Натижада, кейинги пандемиянинг содир бўлишидан одамлар ҳайратга тушмайдиган даврда (яқин келажакда) яшамасак керак. Санитария ва гигиена қоидаларининг аҳамияти ва албатта саломатликка эътибор ўзгаради. Бунинг эвазига телемедицина платформаларининг ривожи жадаллашиб кетади. Кейин эса уйда ўтириб шифокор ҳузурига ташриф буюрамиз.

Дарвоқе, пандемия орқасидан обрў-нуфуз топиш ёки шов-шув ҳамда ваҳима кўтариш мақсадида ишлаган медиа воситалари ҳам бўлди. Натижада, аудитория бир муддат ахборот оқимида ихтиёрсиз равишда сузди. Кўп ўтмасдан расмий ахборот манбаларининг пайдо бўлиши ахборот хавфсизлигини таъминлади.

Барчамиз пазандага ва уйнинг одамига айланамиз

Ижтимоий тармоқларда кузатаётган бўлсангиз, шу кунларда пишир-туширни аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир хил одатга айлантиришган. Буни томошабинлари сони бирданига бир неча баробарга кўтарилиб кетган пазандалик видеоблогларидан ҳам билиш мумкин.

Пандемиядан кейин одамлар уйларида тез-тез овқат тайёрлашади.

Чойхонадан бери келмайдиган эркаклар ҳам энди оилалари учун кўпроқ вақт ажратадилар, уйда маззали таомлар пиширишга одатлансалар ажаб эмас.

***

Ҳаёт қачон ўз изига тушади?

Қачон одамлар яна аввалгидек хотиржам ва қўрқувсиз яшай бошлайдилар?

Қачон биз яна вирус хавфидан холи, мазза қилиб суҳбат қурамиз?

Бу саволларга жавоб ҳаммани қизиқтиради. Экспертлар май-июнь ойларида вазият юмшашини, лекин жаҳондаги танг вазият 2021 йилда барҳам топишини айтишмоқда. Унгача эса кўп нарса ўзгаради.

Хитой метро бекатларидан бирида ёзилган ўша гап ҳақиқат – энди биз кечагидек яшолмаймиз. Натижа эса бугунги қарорларимизга боғлиқ. 

Шуҳрат Сатторов,

Халқ таълими вазирлиги қошидаги Республика таълиммаркази директори ўринбосари, журналист.

Ёрлиқ

Шарҳ