апрел 14, 2020 08:24 Asia/Tashkent
  • Аттор ва бугунги инсоният

25 фарвардин (14 апрел) куни Эрон Ислом жумҳуриятининг расмий тақвимида улуғ ориф ва шоир Фариддудин Аттор  Нишопурийни улуғлаш куни ҳисобланади. Ҳар йили шу куни  улуғ мутафаккирнинг муҳиб ва мухлислари Эрон ва дунёнинг турли бурчакларида  адабий ва илмий анжуманлар ташкил қилиб, асарларидан қироат қилиб, номини эзгулик ила ёдга олишади.

Бугунги дунёда аҳли башар ошкора ва ниҳон муаммо ва қийинчиликлардан қийналиб яшайди. Илм-фан ютуқлари  моддий ҳаётини анчайин етгиллаштирган бӯлсада, аммо кибр-ғурур ва ӯзлигини унутиш натижасида унинг тирикчилиги жуда улкан муаммолар чангалида қолган.Асосий сабаб бугунги инсонни орзусидаги олам билан боғлаб турувчи ҳалқаларнинг унутилаётганидир. Бу ҳалқалар халқ афсоналари, қаҳрамонлик эпослари, маънавият, диний ва  ахлоқий таълимотлар ҳисобланади. Шу сабабли замонамиз одами меҳр-муҳаббат, қадриятлар, маънавий ва адабий мерослардан  анчайин узоқлашган.

Адабиёт аҳли башарни кундалик машмашалардан юксакка кӯтариб, руҳини маънавият  самосида парвозга келтириш кучига эга. Зеро, ҳақиқий адабиёт, айниқса, ирфоний адабиёт ӯзликни англаш кӯзгусидир.

Адабиёт инсоннинг ботиний оламига басират нигоҳи ила назар солган улуғ тарбиячилар тафаккурининг мажмуасидир. Улар одамизодга ӯзлигини англатиш йӯли билан  унинг ботиний дардларига дармон бахш этишга ҳаракат қилишган.

Атторнинг оромгоҳи. Нишопур шаҳри

Фаридуддин Аттор 12-13- асрларда яшаб ӯтди. Аммо унинг тафаккури нури бугунги кунда ҳам тирикчилик зулматида адашган инсонларнинг йӯлини ёритиш учун хизмат қилмоқда.

Бугун аҳли башарнинг ҳаёти турли сарбаст муаммоларга тӯлган. Бу буҳронларнинг илдизини  сирти ялтироқ ҳавову ҳаваснинг ортидан қувиш, замонавий ирқчиллик , сармоя ва фойда, шафқатсиз  эгоизмдан қидириш лозим.

Атторнинг андишалари, айниқса “Мантиқут тайр” асарида илгари сурилган ақидалар замондошларимиз қалбига замонанинг буҳронлари етказган жароҳатларга айни малҳамдир.

“Мантиқут тайр” инсон руҳининг хок(тупроқ)дан афлокка кӯтарилиш жараёнининг тасвиридир.

Аттор фалсафаси бугунги инсоннинг кӯплаб муаммоларига муносиб жавоб бера олади.  Улуғ мутафакирнинг фикрича, турмуш ташвишлари ва пуч хаёлларга берилиш инсоннинг дидини ӯтмаслаштириб, заковатини хиралаштириб, маҳдуд айлайди. Шу сабабли чексиз уфқларга парвоз қилиш учун инсон энг аввалоӯзини ӯзидан, ӯзининг пуч хаёллари ва гард-ғуборларидан қутқариши лозим.

У ӯқувчини ҳаракатга ундайди, мутлақ камолот сари талпинишга ҳидоят қилади. Тадқиқотчиларнинг фикрича Аттор  бугунги инсоннинг барча муаммоларини ҳал қилишнинг йӯлларини ӯз асарларида баён этган. Германиялик Атторшунос Ҳелмут Риттернинг ақидасича, бунинг сабаби шулким: “Атторнинг ижодида диққат маркази инсон, жаҳон ва Худодир. Шоирнинг бутун таважжуҳи ана шу уч тушунчанинг ӯзаро алоқасини шарҳлаш ва бу ҳодисани тасвирлашга қаратилган”.

Бугунги инсон ӯзини кӯрмасликка олади. У моддий оламдан ӯзга ҳеч нарсани кӯрмасликка ҳаракат қилади. Ӯзининг инсонийлик гавҳари ва азалий ёхуд фитрий жавҳаридан узоқлашган бугунги инсон ӯзи билан ёлғиз қолиш ва аслиятига қайтишдан қӯрқади. Аслиятидан қӯрқиш уни танҳоликдан тӯдага, жамиятга тортади. Натижада у руҳсиз бир ҳолатда бошқалар орасида вақтини ӯтказа бошлайди. Беҳудага вақт ӯтказиш унинг яшаш тарзига айланади.

Инсон руҳиятининг чуқур қатламларига назар ташлаган Аттор аҳли башарнинг қӯл-оёғига чирмаб ташланган кишанларни яхшироқ кӯришга  ва уларни ечишга муваффақ бӯлади. Аттор шеърияти -- ҳаракат, ривожланиш, талпиниш ва такомиллашиш ғояларининг тараннуми. Унинг одами эса доимий равишда камолот пиллапояларидан юксакка кӯтарилаётган инсондир.

Аттор-- инсоннинг ӯзлиги ҳақиқатларининг кашшофи. Шу сабабли у инсонни доимий талпиниш ва ҳаракатда тасвирлайди. Уни паррандалар ҳайъатида узоқ сафарга кузатади. Ӯзи эса йӯл бошловчи ҳудҳуд сифатида унинг ёнида туриб, сафарнинг офат ва хавф-хатарларидан огоҳлантира боради.

“Мантиқут тайр”, “Мусибатнома” ва “Илоҳийнома” инсонни ӯзлигини англашга ҳидоят қилувчи орифона сафарномалардир. Бу асарларда тасвирланишича инсонлар  охир-оқибат  қидирганлари --  хаёлотдаги Куҳи Қоф ӯзларининг ичида эканлигини англаб етишади.

Аттор нуқтаи назаридан инсон ҳаётининг барча муаммолари унинг ӯзлигини англамаслигига бориб тақалади. Мутафаккир инсоннинг ҳаётдаги асосий мақсади ӯзини кашф қилишдан иборат эканлигини таъкидлайди.

Он чи гуйи ва ончи дони ин туйи,

Хешро бишнос сад чандон туйи.

(Маъноси: айтганларинг ва билганларинг бу-сен. Ӯзлигингни англа, зеро, сен бу туришингдан юз чандон афзалсан).

Бугунги инсоннинг камчиликларидан бири маънавиятга эътиборсизлик ва азалий ҳақиқатларни унутишидир.  М уқаддас туйғулардан узоқлашиб, дунёнинг ӯткинчи ялтироқ жозибаларига кӯнгил қӯйган инсон азалий маъшуқ эҳтиромини унутиб, лаҳзалик лаззатларга одатланиб қолган. Шу сабабли унинг руҳ, жон, тафаккур ва нафсига бадбинлик, умидсизлик, нафрат ва ҳасад руҳияси нуфуз айлаган.

Аҳли башар тарихи давомида инсон эҳтимол, ҳеч қачон бугунгидек азалий ҳақиқат нуридан баҳрасиз қолмаган. Илм-фаннинг ривожланиши натижасида улкан қудратни қӯлга киритган ва  тасаввурида  “ӯз тақдирини ӯзи белгилаш”  даражасига етган бугунги инсон  ӯзи истамаган ҳолда маънавиятнинг жилвалари ва натижаларини кӯрмаслик учун жуда кӯп куч сарфламоқда.

Image Caption

Аттор “Мантиқут тайр”да  тасвирлаган қушлар аслида инсонларнинг  руҳидир. Ориф инсон уларга Аллоҳни қайта эслатмоқчи, Унинг гӯзаллик, лутф ва раҳматидан бир чимдим  тасвирлаб бериш йӯли билан уларнинг ӯлик жонлари ва зулматли оламларида Аллоҳни қайта англаш майлини тирилтирмоқчи бӯлади.

Атторнинг назарида ишқ жуда муҳим қадриятдир. Зеро, ишқ дарди бӯлмаган қалбда талаб қилиш майли жумбушга келмайди.  Ишқ ва маҳбубга  етишиш жозибаси инсонга амри маҳолни мумкинга айлантирадиган ҳиммат ва шаҳомат бағишлаш қудратига эга.

Инсон ошиқона нигоҳга эга бӯлдими, унинг бадбинликлари шифо топади. Бу даражага етишган киши далил-исбот қидириб юрмайди. Муҳими, кун сайин ӯзининг асл инсоний ҳақиқатидан узоқлашиб бораётган бугунги инсоннинг модиюнпарастлик кули  тагида қолган ботиний кӯзлари очилади.

Одамизод вужудининг энг муҳим унсури руҳ, Атторнинг таъбири билан айтганда “дил” эканлигини англаб етса, ӯзи ва Яратгувчиси ӯртасидаги пардалар ситилиб кетади.

Дӯст  жамолига эрурсан интизор,

Кӯзгудир дил, ёр жамолин унда кӯр.

Подшоҳинг васлини дилдан қидир,

Ақлу идрок заррада ҳосил эрур.

Атторнинг фикрича, барча бадбинликлар ва инсонга азият берувчи ботний ёлғизликларнинг давоси унинг ӯз Худосини сидқидилдан англаб етишидир.

Ёрлиқ